Сажда оятининг ўзини тарк қилиш макруҳми ?
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Намоздами ёки намоздан ташқаридами, тиловат қилаётганда сажда оятининг ўзини қолдириб, ундан кейинги оятга ўтиб кетиш макруҳдир. Бунда саждадан, Аллоҳ таолонинг тоатидан юз ўгириш содир бўлган бўлади.
Акси макруҳ эмас.
Сажда оятининг ёлғиз ўзини тиловат қилиш макруҳ эмас. Бунда саждага қизиқиш бор.
Унга бошқасини қўшиш мандубдир.
Бир оятни бошқа оятдан афзал кўришга ўхшаб қолмаслиги учун сажда оятига бир-икки оятни қўшиб тиловат қилиш яхши бўлади.
Сажда оятини қироат қилиб туриб, охиридаги сажда маъносидаги сўзни тиловат қилмаса, сажда қилмайди. Агар сажда маъносидаги сўзнинг ўзини тиловат қилса ҳам, сажда қилмайди.
Уни тингловчидан махфий қилиш яхшидир.
Чунки у тиловат саждасига тайёр бўлмаса, қийналиб қолади. Мисол учун, таҳорати бўлмаслиги мумкин.
Қироати махфий бўлган намозда имомнинг сажда оятини тиловат қилиши макруҳ. Бунда муқтадийларга шубҳа тушади. Нима учун сажда қилганларини билмай қоладилар.
Жума ва ийд намозларида сажда оятини тиловат қилиш ҳам макруҳ.
Агар имом минбарда сажда оятини тиловат қилса, минбарда туриб ёки ундан тушиб тиловат саждасини қилади. Тингловчилар ҳам тиловат саждасини қиладилар.
Тиловат саждасини аввал ўриндан туриб, кейин қилган афзал. Сажда оятини тиловат қилган одам саждадан бош кўтармагунича, тингловчи бошини кўтармайди.
«Кифоя» китобининг биринчи жузи асосида тайёрланди
Manba:Islom.uz
Izohlar