06.10.2023

МУНАЖЖИМЛАР БАШОРАТИ ВА ФОЛБИНГА ИШОНИШ – ОҒИР ГУНОҲ

Бугунги кунда ўзларини турли хил жозибадор номлар билан атаб, одамларни тўғри йўлдан оғдириш билан шуғулланаётганлар ҳамда уларнинг найрангига учаётганлар, афсуски, кундан-кунга ортиб бормоқда. Бу имтиҳон дунёда ҳаётнинг паст-баландларига бардош қилмайдиган баъзи имони заиф кишилар турли хил важлар билан фолбинларга мурожаат қилиб, уларнинг бозорини ривожланишига сабабчи бўлмоқдалар.  

Шунинг учун ҳам “фолбинлик”, “сеҳр-жоду” тушунчалари, шариатимизнинг унга бўлган муносабатини ўрганиб чиқишимиз мақсадга мувофиқдир. 

Уламолардан Имом Бағавий: “Фолбин – турли ишларнинг сабабларини билишини, йўқолган нарсанинг қаерда турганини, ўғирланган нарсани ким ўғирлагани каби нарсаларни билишини даъво қилувчи шахсдир”, – дейдилар. Ваҳоланки, тақдирни билиш ва келажакда бўладиган ишларни ёки уларни ўзгартириш фақатгина Аллоҳнинг қўлида бўлиб, ҳеч бир зот Аллоҳнинг ёзган тақдирини ўзгартиришга қодир эмас. Келажакни ҳам, инсонлар тақдирини ҳам фақат Аллоҳ таоло билиши, ғайб сирларидан ҳеч ким, фаришталар, жинлар, ҳатто дўстларини (валийларни) ҳам хабардор этмагани ҳақида Қуръони каримда кўп бора такрорланган: 

﴿ قُلْ لَا يَعْلَمُ مَنْ فِي السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ الْغَيْبَ إِلَّا اللَّهُ ﴾ (سورة النمل/65(

яъни: “Айтинг: “Аллоҳдан бошқа осмонлар ва Ердаги бирор кимса ғайбни билмас” (Намл сураси, 65-оят).  

﴿ وَعِنْدَهُ مَفَاتِحُ الْغَيْبِ لَا يَعْلَمُهَا إِلَّا هُوَ وَيَعْلَمُ مَا فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ وَمَا تَسْقُطُ مِنْ وَرَقَةٍ إِلَّا يَعْلَمُهَا وَلَا حَبَّةٍ فِي ظُلُمَاتِ الْأَرْضِ وَلَا رَطْبٍ وَلَا يَابِسٍ إِلَّا فِي كِتَابٍ مُبِينٍ ﴾ (سورة الأنعام/59(

яъни: “Ғайб (яширин иш ва нарсалар) калитлари Унинг ҳузуридадир. Уларни Ундан ўзга билмас. Яна, қуруқлик ва денгиздаги нарсаларни (ҳам) билур. Бирор япроқ (узилиб) тушса (ҳам) уни билур. Ер зулматлари (қаъри)даги уруғ бўлмасин, ҳўлу қуруқ бўлмасин, (ҳаммаси) аниқ Китоб (Лавҳул-маҳфуз)да (ёзилган)дир” (Анъом сураси 59-ояти). 

Бошқа бир оятда Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломга шундай дейишларини буюради: 

﴿ قُلْ لَا أَمْلِكُ لِنَفْسِي نَفْعًا وَلَا ضَرًّا إِلَّا مَا شَاءَ اللَّهُ وَلَوْ كُنْتُ أَعْلَمُ الْغَيْبَ لَاسْتَكْثَرْتُ مِنَ الْخَيْرِ وَمَا مَسَّنِيَ السُّوءُ إِنْ أَنَا إِلَّا نَذِيرٌ وَبَشِيرٌ لِقَوْمٍ يُؤْمِنُونَ ﴾ (سورة الأعراف/188 (.

яъни: “Айтинг (эй, Муҳаммад!): Аллоҳ хоҳлаганидан ташқари ўзим учун (бирор) фойда ва зарар (келтириш)га эга эмасман. Агар ғайб (илми)ни билсам эди, хайрли ишларни кўп қилган бўлур эдим ва менга ёмонлик (ҳам) етмаган бўлур эди” (Аъроф сураси, 188-оят)

Демак, бу дунёда бирор кимга зарар ёки фойда келтиришга, яъни келаётган балони қайтариш ёки кимнидир бахтли қилишга улар қодир бўлмайдилар. Оятда Пайғамбар алайҳиссалом ҳам оддий башар эканлари, ўзлари ва бошқаларга фойда келтира олмасликлари, ғайб илмини билмасликлари таъкидланмоқда.

Фолбинларнинг баъзи тоифалари оят ва дуоларни бетаҳорат ҳолда, хатолар билан ўқийдилар. Намозни ҳам бетаҳорат ўқиш мумкин эмаслигини била туриб, намозни ҳақорат қилиш мақсадида нопок ўқийдилар. Чунки улар қанчалик ашаддий фожирнинг амалини қилса, шайтон ва жинлар ҳам уларга кўпроқ хизматда бўлиб, янада тезроқ унинг буюрганларини бажаради. 

Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

﴿ هَلْ أُنَبِّئُكُمْ عَلَى مَنْ تَنَزَّلُ الشَّيَاطِينُ 

Описание: str

 تَنَزَّلُ عَلَى كُلِّ أَفَّاكٍ أَثِيمٍ 

Описание: str

 يُلْقُونَ السَّمْعَ وَأَكْثَرُهُمْ كَاذِبُونَ ﴾ (سورة الشعراء/221-223(.

яъни: “(Эй, Муҳаммад! Айтинг): «Мен сизларга шайтонлар (жинлар) кимларга тушиши ҳақида хабар берайми? Улар барча бўҳтончи, гуноҳга ботган (фолчи-ромчи, коҳин)ларга тушурлар. Эшитиб олганларини уларга ташларлар. (Лекин) Уларнинг кўплари ёлғончилардир” (Шуаро, 221-223-оят).

Фолбинларнинг қилаётган ишлари ёлғон ва фирибгарликдан бошқа нарса эмас. Бу ҳақида Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қилиб айтадилар:  

سُئِلَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم عَنِ الْكُهَّانِ؟ فَقَالَ: لَيْسُوا بِشَيْءٍ فَقَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّهُمْ يُحَدِّثُونَ أَحْيَاناً بِالشَّيْءِ يَكُونُ حَقًّا؟ فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: تِلْكَ الْكَلِمَةُ مِنَ الْحَقِّ يَخْطَفُهَا الْجِنِّيُّ فَيُقِرُّهَا فِي أُذُنِ وَلِيِّهِ، فَيُخْلِطُونَ فِيْهَا أَكْثَرَ مِنْ مِائَةِ كَذِبَةٍ (رَوَاهُ الإِمَامُ البُخَارِيُّ عَنْ عَائِشَةَ رضي الله عنها).

яъни: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан фолбинлар ҳақида сўрашди. Шунда У зот: “Улар ҳеч ким эмас”, – дедилар. Ё Расулуллоҳ! Уларнинг айтган гаплари гоҳида тўғри чиқади? – дейишди. Расулуллоҳ: “Жинлар рост гапни ўғирлаб олиб, фолбинларнинг қулоғига қуяди. Фолбин эса, унга юзта ёлғонни қўшиб гапиради”– деб жавоб бердилар” (Имом Бухорий ривояти).

Айтиш жоизки, бугунги кунда фолбинлар ва уларнинг ёлғон кирдикорларига алданиб қолаётганлар орасида кўпчиликни аёллар ташкил қилади. Улар ўзларини “Ота-боболаримиз: “Фолга ишонма, фолсиз юрма” деган”, – деб алдашга уринадилар. Ваҳоланки, бутун Ислом оламига дарс берган аждодларимизнинг бирорта ҳам асарларида бу каби асоссиз гаплар учрамайди. 

Бундан кўриниб турибдики, уларга эргашиш, улардан нажот кутиш мўминларнинг эътиқодига путур етказади. Бу ҳақида Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: 

"لَيْسَ مِنَّا مَنْ تَطَيَّرَ ، أَوْ تُطِيَّرَ لَهُ أَوْ تَكَهَّنَ ، أَوْ تُكِهِّنَ لَهُ أَوْ سَحَرَ ، أَوْ سُحِرَ لَهُ ، وَمَنْ أَتَى كَاهِنًا فَصَدَّقَهُ بِمَا يَقُولُ فَقَدْ كَفَرَ بِمَا أُنْزِلَ عَلَى مُحَمَّدٍ صلى الله عليه وسلم" (رَوَاهُ الإِمَامُ البَزَّارُ عَنْ عِمْرَانَ بْنِ حُصَيْنٍ رضي الله عنه)

яъни: “Ким қуш билан фол очса ёки қуш билан фол очтирса, ким коҳинлик қилса ёки коҳинга мурожаат қилса, ким сеҳр килса ёки сеҳр қилдирса, у – биздан эмас. Ким фолбинга бориб, унинг айтганига ишонса, Муҳаммад саллаллоху алайҳи васалламга нозил қилинган нарсага куфр келтирган бўлади” (Имом Баззор ривоят қилган). 

Баъзи туппа-тузук кишилар хам “Ишонмаймиз-у, лекин шундай бўлса хам бир бориб қўяверайлик-чи” деб, фолбинлар ҳузурига бораверишади. Бу иш ҳам мутлақо нотўғри. Мўмин киши шариатимизда қайтарилган ишлардан узоқда юриши лозим. Фолга ишонмай туриб, фолбиннинг ҳузурига чора излаб бориш ҳеч бир соғлом ақлга тўғри келмайди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

مَنْ أَتَى كَاهِنًا فَصَدَّقَهُ بِمَا يَقُولُ فَقَدْ بَرِئَ مِمَّا أُنْزِلَ عَلَى مُحَمَّدٍ صلى الله عليه وسلم وَمَنْ أَتَاهُ غَيْرَ مُصَدِّقٍ لَهُ 

لَمْ تُقْبَلْ لَهُ صَلاَةُ أَرْبَعِيْنَ لَيْلَةً (رَوَاهُ الإِمَامُ الطَّبَرَانِيُّ عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍرضي الله عنه)

яъни: “Ким фолбинга бориб, унинг гапига ишонса, Мухаммад саллаллоху алайхи васалламга нозил бўлган нарсадан ажрабди. Ким унинг хузурига келса-ю, гапига ишонмаса, қирқ кеча намози қабул бўлмайди” (Имом Тобароний ривояти). 

Ҳақиқий мўмин учун қирқ кунлик эмас, бир маҳал намозининг қабул бўлмай қолиши – улкан мусибатдир. Бу мусибат фақатгина фолбинга бориб, ундан бир нарса ҳақида сўрашнинг жазосидир. Унинг айтганига ишонадими-йўқми, бунинг фарқи йўқ. Аммо ким фолбингабориб, унинг айтганини тасдиқласа, имонига путур етган бўлар экан. Бундан Аллоҳнинг Ўзи асрасин! Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: 

مَنْ أَتَى كاهِناً فَسَأَلَهُ عَنْ شَيْءٍ حُجِبَتْ عَنْهُ التَّوْبَةُ أَرْبَعِينَ لَيْلَةً فَإِنْ صَدَّقَهُ بِمَا قالَ كَفَرَ 

(رَوَاهُ الإِمَامُ الطَّبَرَانِيُّ عَنْ وَاثِلَةَ بْنِ الأَسْقَعِ رضي الله عنه)

яъни: “Ким фолбиннинг ҳузурига бориб, ундан бирор нарсани сўраса, қирқ кечагача тавбаси тўсилади. Агар фолбиннинг гапига ишонса, кофир бўлади” (Имом Табароний ривояти). 

Ҳозирги пайтда фол очишнинг турлари сон-саноқсиз бўлиб кетди. Карта билан, қушларга хат торттириш билан, қўлнинг кафтига қараб туриб, суратга қараб ва ҳоказо... Буларнинг ҳаммаси куфр ишлардир.

Сеҳр, фолбинлик, илгирлик каби амалиёт билан шуғулланишнинг ҳар қандай тури ҳаром ҳисобланиб, уни ўрганиш, ўргатиш ва шуғулланиш қатъиян тақиқланган. Аллома Ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ: “Илм аҳли ўртасида ушбу ҳукм борасида хилоф йўқ”, – деб таъкидлаган. Пайғамбар алайҳиссалом шундай марҳамат қиладилар: 

مَنْ عَقَدَ عُقْدَةً ثُمَّ نَفَثَ فِيهَا فَقَدْ سَحَرَ، وَمَنْ سَحَرَ فَقَدْ أَشْرَكَ (رَوَاهُ الإِمَامُ النَّسَائِيُّ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه)

яъни: “Ким тугун тугиб, унга дам урса, сеҳр қилган бўлади. Ким сеҳр қилса, ширк келтирган бўлади” ( Имом Насаий ривояти).

Ҳанафий мазҳабининг муҳаққиқ уламоларидан бири Муҳаммад Амин Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ фолбинликнинг ҳукми ҳақида батафсил тўхталиб ўтиб, қуйидагича хулоса қилади: 

وَالْحَاصِلُ أَنَّ الْكَاهِنَ مَنْ يَدَّعِي مَعْرِفَةَ الْغَيْبِ بِأَسْبَابٍ وَهِيَ مُخْتَلِفَةٌ فَلِذَا انْقَسَمَ إلَى أَنْوَاعٍ مُتَعَدِّدَةٍ... وَالْكُلُّ مَذْمُومٌ شَرْعًا، مَحْكُومٌ عَلَيْهِمْ وَعَلَى مُصَدِّقِهِمْ بِالْكُفْرِ ، وَفِي الْبَزَّازِيَّةِ : يَكْفُرُ بِادِّعَاءِ عِلْمِ الْغَيْبِ وَبِإِتْيَانِ الْكَاهِنِ وَتَصْدِيقِهِ ، وَفِي التَّتَارْخَانِيَّة : يَكْفُرُ بِقَوْلِهِ أَنَا أَعْلَمُ الْمَسْرُوقَاتِ أَوْ أَنَا أُخْبِرُ عَنْ إخْبَارِ الْجِنِّ إيَّايَ اهـ .

яъни: “Хулоса қилиб айтганда, фолбин – турли воситалар билан ғайбни билишини даъво қиладиган шахсдир. Воситаларнинг турларига қараб, улар ҳам ҳар хил бўлади... Шариатда уларнинг барчаси қораланган. Фолбинлар ва уларни тасдиқлаганларга “кофир” дея ҳукм қилингандир. “Баззозийя”да: “Киши – ғайб илмини даъво қилиши билан ва фолбиннинг олдига бориб, сўзини тасдиқлаши билан кофир бўлади”, – дейилган. “Татархонийя”да: “Фолбин “Ўғирланган нарсаларни биламан” дейиши, “Жинларнинг менга айтган хабарларини сизларга етказаман” дейиши билан кофир бўлади”, – дейилган” (“Раддул-муҳтор”, 16-жуз, 310-бет). 

Бугунги кунимизда ҳам айнан сеҳр ва фолбинлик каби иллатлар туфайли одамлар орасида фитна пайдо бўлиб, эр-хотин, ака-ука, опа-сингил, қўни-қўшни, овсинлар ўртасида шубҳа, гумон аралашиб, оқибатда қариндош-уруғ, қўшничилик ришталарига путур етмоқда. 

Ҳозирги кунда мунажжимлар башоратига қараб иш режалаштирадиган, уларнинг башоратларига ишониб, ўз ҳаёт тарзини олиб борадиган кишиларнинг борлиги ачинарли ҳол, албатта. Бу борада Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан шундай ривоят қилинади: 

" مَنِ اقْتَبَسَ عِلْمًا مِنَ النُّجُومِ اقْتَبَسَ شُعْبَةً مِنَ السِّحْرِ زَادَ مَا زَادَ "

(رَوَاهُ الإِمَامُ أَبُو دَاوُد وَالإِمَامُ ابْنُ مَاجَةْ وَالإِمَامُ أَحْمَدُ.(

яъниКим юлдузлар илмининг бир бўлагини ўрганса, у сеҳр илмининг бир бўлагини ўрганган бўлади. Қанча (юлдузлар илмини) кўп ўрганса, шунча (сеҳр илмини) кўп ўрганган бўлади” (Имом Абу Довуд, Имом Ибн Можа ва Имом Аҳмад ривоят қилган). 

Борлиқда юз бераётган ҳодисалар, инсон ҳаётидаги ўзгаришлар юлдузлар алмашуви сабабли эмас, балки Аллоҳнинг бандаларига бўлган илми, ҳикматига кўра бўлади. Журнал ва газеталарда чоп этилаётган мунажжимлар башоратига мурожаат қилиб, унга ишониш кишининг имонига путур етказиб қўйиши мумкин. 

Аллоҳ таоло Ўзига бўлган имонимизни мустаҳкам қилсин! Барчамизни турли фитна ва офатлардан Ўз паноҳида асрасин! Ўзи рози бўладиган ишларга тавфиқ берсин! 



Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг жума

тезислари асосида М.Юнусхўжаев тайёрлади

Izoh qoldirish

Izohlar