17.11.2023

Бу- исломнинг бағрикенглиги

Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Одамларнинг кўплари, гарчи сен жуда қизиқсанг ҳам, мўмин эмаслар”, деб марҳамат қилади. Бошқа бир оятда эса, “Агар Раббинг хоҳласа, ер юзидаги кишиларнинг ҳаммаси иймонга келар эдилар. Ёки сен одамларни мўмин бўлишга мажбурлайсанми?!” дейилган. Бу оятлардан билинадики, инсониятнинг барчаси, гарчи ислом ҳақ бўлса ҳам, уни қабул қилмас эканлар. 

Лекин бу мусулмонлар исломни қабул қилмаган жамиятлардан айри яшаши керак дегани эмас. Буни тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Бу пок шариат ҳар бир нарсада ўз қонун-қоидаларини белгилаганидек, мусулмонларнинг бошқа дин вакиллари билан ҳам бўладиган муносабатларига ўз қоидаларини белгилаган. 

Ислом тарихини ўрганган, ўқиган киши уларнинг бошқа дин вакилларига нечоғлик гўзал муомалада бўлганликларига гувоҳ бўлади. Ислом инсониятнинг ҳурмати, ҳурлиги топталган бир пайтда келиб, бу нарсаларни инсонга қайтариб берди. Лекин бир нарсани тан олиш керакки, инсонларнинг тили, жинси, ранги турли хил бўлганидек, уларнинг дини ҳам турличадир. Шундан келиб чиқиб, мусулмон киши бошқа дин вакилллари билан бўлган муносабатларда Аллоҳ ва Унинг Расули ўргатганидек бағрикенг бўлиши лозим. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир яҳудий бола касал бўлганида уни кўришга борганлар. Бошқа бир яҳудийга совутларини гаровга қўйиб, ўттиз соъ арпа олганлар. Миср шоҳи Муқовқис у зотга ҳадя жўнатганларида қабул қилганлар. Ҳолбуки, у насроний динига мансуб эди. Бир яҳудий аёл заҳарланган қўй гўштини ҳадя қилганларида ҳам қабул қилганликларини барчамиз яхши биламиз. Ана шундай ислом уларга ҳадя бериш ёки улардан қабул қилишдан, мусибат пайтида уларни кўнглини кўтариш, касалларини зиёрат қилиш, қувончли кунларида уларни қутлаш каби нарсалардан қайтармайди. 

Ислом ҳеч қачон уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини топтамаган. Балки уларга ўзларининг диндошларидан ҳам кўрмаган ҳурматларни кўрсатган. Бу эса улардан жуда кўплаб кишиларни мусулмон бўлишига сабаб бўлган. Шунинг учун ҳам ислом давлатларидан ҳам мусулмон бўлмаган кўплаб адиблар, табиблар ва олимлар чиққан. Ҳатто улар баъзи мусулмон халифаларнинг шахсий табибларига ҳам айланган. Агар исломнинг диний бағрикенглиги бўлмаганда эди, шу нарсалар бўлиши мумкинмиди?! 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинада яшаган пайтларида у ердаги яҳудийларга то уларнинг ўзлари аҳдларини бузмагунларигача уларга жуда ҳам яхши ва бағрикенг муносабатда бўлганлар. Кейинчалик халифалар даврида ҳам ислом давлатида яшовчи аҳли зиммаларга ҳам шундай муомалада бўлинган. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки (мусулмонлар билан) аҳд тузганларга зулм қилса ёки уни аҳдини бузса, ё тоқати етмайдиган нарсага мажбурласа ёки ноҳақ ундан бирор нарса олса, мен қиёмат куни унинг хусуматчиси бўламан” деганлар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ишлай олмайдиган қариялар, бирор-бир офат етган, камбағал бўлиб қолган зиммийларга ва уларнинг оилаларига байтул молдан ҳақ бериб, жизядан озод қилганлар. Умар розияллоҳу анҳу ҳам ўзларидан кейинги халифага аҳли зиммаларга яхшилик қилишни васият қилганлар. Умар ибн Абдулазиз “Кимни бирор-бир шикояти бўлса, уни айтсин” деб жар солишга буюрди. Шунда зиммийлардан бири туриб, Аббос ибн Валид ибн Абдулмалик менинг еримни тортиб олди деди. Умар ибн Абдулазиз Аббосни чақириб “бунга нима дейсан” деди. У: “Буни менга олдинги халифа Валид ибн Абдулмалик бўлиб берганлар” деди. Аҳли зиммага қараб “Сен нима дейсан?”- деди. Зиммий: “Эй амирул мўминин! Аллоҳнинг китоби билан ҳукм қилишингизни сўрайман”- деди. Шунда Умар ибн Абдулазиз “Ҳа, Аллоҳнинг китоби Валиднинг китобидан кўра эргашишга ҳақлироқдир”- деди. Ерни эса зиммийга қайтариб берди. 

Булар ислом дини бағрикенгликка нечоғлик эътибор берганлигини кўрсатиб бериш учун келтирилган баъзи ривоятлар холос. Кўплаб инсонлар айнан исломнинг беғрикенглигини кўриб, мусулмон бўлишга мушарраф бўлганлар. Инсоният тарихини холис ўрганган киши бошқа дин вакилларидан кузатилмаган бу бағрикенгликни гувоҳи бўлиши мумкин. Чунки бу нарсани нафақат мусулмонлар балки бошқа дин вакилларининг ўзи ҳам эътироф этганлар. 

Инглиз шарқшуноси Томас Орналд айтади: “Ҳозирги вақтимизда мусулмон жамиятлари орасида араб масиҳийларининг яшаётгани бу диннинг бағрикенглигига гувоҳдир”. Бошқа бир шарқшунос эса: “Мусулмонларнинг аҳли зиммаларга қилган  бағрикенглиги ва яхши муомулалари уларни исломни қабул қилишига олиб келди. Чунки улар олдинги динларида кўрмаган нарсаларни исломда кўрдилар” дейди.

Юқорида келтирганларимиз исломнинг инсониятга инъом этган яхшиларидан бир парча холос. Булар денгиздан бир чўмичдек гап. Ҳозирги замонамиз мусулмонлари ҳам ўтган солиҳларимизнинг йўлидан юриб исломнинг ҳақиқий бағрикенглигини кўрсатиб бермоғи лозимдир. Чунки динга даъват фақат тил билан бўлмайди. Чунки тарихдаги кўплаб халқлар мусулмонларнинг гапларидан эмас, балки уларнинг одоблари, хулқларидан таъсирланиб исломни қабул қилганлар. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу қўй суяётган ходимларига қараб унинг гўштидан биринчи бўлиб, яҳудий қўшниларига беришликка буюрганлар.   

Сўзимизни Шом насронийларининг Абу Убайда ибн Жарроҳга ёзган мактублари билан тугатамиз. Унда: “Эй мусулмонлар жамоаси! Сизлар бизларга гарчи бизнинг динимизда бўлсалар ҳам румликлардан маҳбуброқсизлар. Сизлар бизларга ваъдасига энг вафо қилувчи, сўзи энг мулойими, бизга зулм қилишдан энг сақланувчи ва бизни бошқарганларнинг энг яхшисисизлар” деб ёзилган эди.

СУХРОБ Қадамов
Имом Фахриддин ар-Розий
ислом билим юрти мудир муовини                   

Izoh qoldirish

Izohlar