18.11.2021

СОХТА ТАРИҚАТЧИЛИКНИНГ СОҲТА КЎРИНИШИ

Муқаддас динимизда тариқат йўналиши муҳим аҳамиятга эга экани ҳаммага маълум. Диёримиздан сон-саноқсиз тасаввуф шайхлари ва тариқат пирлари етишиб чиққани бунинг ёрқин мисолидир. Лекин,­­­­ бугунги кунда жоҳилларча ўзларини тариқат эгалари деб даъво қилиб, мусулмонларни чалғитиб, обрў ва мол-дунё орттиришни ўзларига мақсад килганларнинг кўзга ташланаётгани ташвишланарли ҳолатдир. Буларга асосан илмдан йироқ, кўр-кўрона эътиқод қилишга мойил кишиларнинг эргашиб қолаётганига гувоҳ бўласиз. Улар учун гўё, “пир”лари шариат-у тариқатнинг мутлоқ олими, айтган сўзлари-етти жаннатнинг калити, унга қўл беришни эса Аллоҳнинг розилигини топиб, сирот кўпригидан ўтишлик деб ҳисоблашади. Тез-тез пирнинг зиёратига бориш ва “дуосини олиш”, соқол қўйиб, салла-чопон кийиб, “биродар” бўлиш билан ҳамма нарса ҳал бўлди деб ўйлашади. “Пир”ларини эса худога етган, “авлиё киши” эканлигига шак-шубҳа қилишмайди.

Тариқатнинг мақсади шариат илмларини амалга татбиқ қилиб, Аллоҳнинг маърифати ва муҳаббатини қалбга жо қилишдан иборатдир. Сохта тариқат “сўфий”ларининг илм-маърифат ўрганиш ўрнига қалблари кибрга тўлиб, “биродар” бўлмаганларнинг амалларини номақбул деб айблашади. Эътиқод овчиларининг хатарли кирдикорларидан огоҳ бўлиш баробарида, бундай маҳаллий обрўпарастларнинг алдовларидан ҳам бохабар бўлиш — бугунги куннинг асосий талабларидан биридир.

Тариқат илми — аввало, шариат илмларини мукаммал эгаллагандан кейин ўрганиладиган илмдир. Бу ҳақда буюк мутасаввиф олим Аҳмад Яссавий: ”Шариатсиз тариқатга кирганларнинг, шайтон келиб иймонини олар эрмиш”-десалар, Сўфи Аллоҳёр: «Шариатсиз агар учса ҳавоға, инонмағил анингдек худнамоға”, -деб таълим берадилар. Шу ўринда марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “Тасаввуф ҳақида тасаввур” номли китобларида келтирилган воқеа мазмунини эслаш кифоя: “Бир “сўфий” вилоят хатибига дебди: “Келинг, биродар бўлайлик”. Домла: “биз шундоқ ҳам биродармиз”-десалар, сўфий: “биродар бўлишимиз учун бизнинг пиримизга қўл беришингиз керак”-дебди. Шунда домла: “Майли, ундай бўлса, менга ғуслнинг фарзларини айтиб беринг-чи?” -деганларида сўфий айтиб беролмаган экан”. Амалдаги дин олимларининг фатволарини тан олмасдан, илмсиз пирга суянадиган, тариқатнинг асосидан мутлақо хабарсиз, фақат номинигина биладиган “тариқат”чиларга ачиниб кетасан киши.

Мамлакатимизда фаолият юритаётган “пир”ларнинг бир қанча асоссиз “фатво”ларини мисол тариқасида келтириш мумкин. Булар: таҳажжуд намозини фарз дейиш, пирга қўл бериш билан қазо намозлари соқит бўлади, дейишлик, қоплама тиш қўйдирган имомга иқтидо қилиб бўлмаслиги, пирига қўл бермаганлар билан кўришмаслик ва уйига бормаслик ва ҳоказолар. Бундай асоссиз фитналарга мамлакатимизнинг маърифатпарвар уламолари томонидан етарли ва асосли раддиялар берилаётган бўлишига қарамасдан баъзи юртдошларимизнинг сохта тариқатчилар алдовига учиб, эътиқодида адашиб қолаётгани ҳали-ҳамон учрамоқда. Оқибатда тариқатнинг обрўсини тушириб, эл-юрт олдида ўзларига бўлган ишончни йўқотишмоқда, топган мол дунёларини сохта пирлари йўлида сарфлаб, оилаларини нафақасиз қолдиришмоқда.

Истиқлолимиз шарофати туфайли буюк алломалар замини бўлган диёримизда Ислом илми ҳам шу қадар равнақ топиб бормоқдаки, қисқа муддат ичида ҳавас қиладиган даражага етмоқда. Шундай бир шароитда эътиқодимизни аллақандай манфаатпарастлар қўлига топширмасдан, маърифатпарвар уламоларимизга мурожаат қилайлик. Эътиқод йўлимизни танлашда уларнинг маслаҳатига қулоқ солайлик. Ана шундагина Расулуллоҳ башорат берган, қиёматгача ҳақ йўлдан адашмайдиган уммат бўламиз!

 М.Юнусхўжаев
Имом Фахриддин ар-Розий ислом билим юрти мударриси

Izoh qoldirish

Izohlar