23.11.2024

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом таълим муассасаси

Ушбу ўрта махсус ислом таълим муассасасига аллома Имом Фахриддин ар-Розий (1148-1210) номи қўйилган. Буюк мутафаккир Фахриддин ар-Розий Эроннинг Рай шаҳрида туғилиб, умрининг кўп вақтини Бухоро, Хўжанд, Марв ва Урганчда ўтказган. Эл орасида илми, заковати билан катта ҳурмат эҳтиромга сазовар бўлиб, Хоразмшоҳлар саройидаги илмий мунозараларда фаол иштирок этган.

У ўз даврининг қомусий олим бўлиб, фалсафа, ҳуқуқшунослик, филоло-гия, тиббиёт соҳаларида 150 дан ортиқ асрлар ёзиб қолдирган. «Мифтоҳул улум», «Ниҳоятул улум» ва «Илмул ахлоқ» каби нодир асарлари бутун жаҳонга машҳурдир.

Қадимдан Хоразму Бухоро ўзининг мадрасалари, фозил кишилари, олимлари билан машҳур бўлган ва бутун дунё танийдиган сиймоларни  етиштириб берган. Аммо мустабид тузум даврида мадрасалар ёпиб ташланди, мадраса очиш деган фикрни тасаввур қилиш ҳам қийин эди. Истиқлолимиз шарофатидан халқимизнинг асрий орзулари ушалиб, 1992-йилда мазкур мадрасага асос солинди. 

Имом Фахриддин ар–Розий ислом таълим муассасаси 1992 йилда Хонқа туманидаги «Халифаи Худойқули эшон бобо» жомеъ масжиди биносида ўз фаолиятини бошлади 1994 йилда мадраса Урганч шаҳри марказида (Ю.Бобожонов кўчаси 43а уй) жойлашган, ХIХ асрнинг биринчи ярмида курилган, «Дошқинжон бобо» тарихий биносига кўчиб ўтди. 2005 йилда эса, Вилоят ҳокимининг қарори билан Урганч шаҳар И. Дўсов кўчасида жойлашган иккита янги биноларга кўчиб ўтилди. Таълим муассасаси ўқув хоналари ва ётоқхонаси сифатли қилиб таъмирланиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси махсус жамғармаси Хоразм вилоят бўлими маблағлари ҳисобидан тўлиқ ўқув жиҳозлари билан таъминланди. Хозирда Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом таълим муассасаси Хоразм вилояти, Урганч тумани, Қоромон қишлоғи, Каттабоғ маҳалласи, Ҳамкорлик кўчаси, 41/1-уйда жойлашган. 

Таълим муассасасида ҳозирги кунда таълим муассасаси директори, ўқув ишлари ва ёшлар ишлари бўйича директор ўринбосари, ҳамда 31 та ўқитувчи ва 27 нафар ишчи ходим жами 58 киши хизмат қилади.

Ўқув-ўзлаштириш ишлари. 2023-2024 ўқув йилида таълим муассасасида 1-босқичида 28 нафар, 2-босқичда 33 нафар, 3-босқичда 36 нафар ва 4-босқичда 47 нафар жами 144 нафар талаба таълим олди.

Таълим муассасаси Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан таъсис этилган. 1998 йил 12 августда №07-сон билан Адлия Вазирлиги томонидан рўйхатга олинган. Шунингдек, ҳозирги кунда Дин ишлари бўйича Қўмита томонидан 2004 йил 24 октябр куни берилган ДТ№0000007 сонли диний таълим билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга. Таълим муассасасида таълим жараёни 2003 йилда тасдиқланган диний таълим стандарти асосида ва 2006 йилда 3220403-код билан белгиланган “Диншунослик” таълим йўналиши ўқув режаси асосида олиб борилмоқда. 

Диний фанлар билан бир қаторда дунёвий фанлар ҳам баравар ўқитиб борилмоқда. Таълим муассасасида илғор, янги педагогик технологиялар жорий қилинган. Иқтидорли талабаларни рағбатлантирувчи стипендия турлари мавжуд. Талабаларга малакали олий маълумотга эга бўлган мударрислар дарс беришмоқда. 

Ахборот–ресурс маркази фаолияти. Ахборот ресурс марказини бойитиш мақсадида 2024 йил давомида 83 хил номда 268 дона бадиий адабиётлар, 30 хил номда 287 дона махсус фан дарсликлари, 11 хил номда 98 дона илмий оммабоп адабиётлар, 10 дона Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев асарлари, жами 125 хил номда 663 та адабиёт олиб келинди. 

Урганч шаҳар “Имом Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом билим юрти Ахборот ресурс маркази фондида 2024 йил январь ҳолатига жами 408 хил номда 11394 китоб ҳамда 42 дона электрон дарсликлар мавжуд.

Таълим муассасасимизда барча шароитларга эга, 120 ўринли талабалар турар жойи мавжуд. Талабаларнинг аксар қисми шу жойда истиқомат қилади. Доимий устозлар навбатчилиги ташкил қилинган бўлиб, талабаларнинг одоб ахлоқи, интизоми, халқи ва ватани учун садоқатли бўлиб етишишлари мақсадида доимий тадбирлар олиб борилмоқда. 

Ҳафтанинг душанба кунлари соат 8:00 да манавият соати бўлиб, унда режа асосида турли хил мавзуларда маьрузалар қилинади ва талабаларни юртимиз ҳамда жаҳонда бўлаётган янгиликлари билан таништириб борилади. Талабалар хорижий тилларни мустаҳкам эгаллашлари мақсадида чоршанба – араб тили, пайшанба – инглиз тили, жума – рус тили кунлари этиб белгиланган. Унда ҳам тилга оид фойдали маьлумотлар бериб борилиди.

Шунингдек, талабаларга қўшимча дарс ва касб-ҳунар ўргатиш мақсадида дарсдан кейин “Компьютер сабоқлари”, “Хаттотлик” ҳамда махсус фанлардан “Араб тили”, “Қуръони карим” ва “Фиқҳ” фанлари бўйича тўгараклар ташкил қилинган. Асосий дарслардан кейин ушбу қўшимча дарслар ҳамда олган сабоқларини такрорлаш билан машғул бўладилар. Ҳафтанинг пайшанба куни тозалик куни этиб таьйинланган.  

Ҳар бир мударриснинг юқори савияда чуқур билим беришини амалга ошириш мақсадида дарс таҳлиллари ўтказиб борилади. Илғор мударрисларнинг дарс бериш усуллари кенг ёйилиб, ёш мударрисларга амалий ёрдамлар бериб борилади. 

Махсус фан хоналарида мавжуд жиҳозлардан фойдаланиш, таълим-тарбия жараёнида янги педагогик ва ахборот технологияларнинг қўлланилишини таъминланди. Шунингдек барча фан хоналарида ўқув ишларини самарали ва мазмунли олиб боришни таъминлаш мақсадида барча жиҳозларнинг созлиги ва бутлиги назорат қилиб борилади. 

Барча курсларда ўзлаштириш ва давомат кўрсаткичлари паст бўлган талабалар билан махсус фан мударрис-ўқитувчилари мақсадли ишлаши назоратга олинган.

Шунингдек таълим муассасаси қошида “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курси давом эттирилиб ҳар ойда 60 нафар тинловчилар уч ойлик курсларда таълим олишмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг буйруғи билан  таълим муассасаси қошида 4- март кунидан 5 ойлик тайёрлов курслари ташкил этилди. Унда таълим муассасасига ўқишга киришни истаган абитуриентлар араб тили, Ўзбекистон тарихи хамда маънавият фанларидан етук мутахассислар томонидан дарслар ташкил этилиши йўлга қўйилди. Тайёрлов  курсида ўқиш ниятини билдирган 50 нафар абитуриент рўйҳатга олинди.

Талабаларнинг ўзлари учун зарур бўлган маълумотларни осонлик билан олишлари учун Ахборот ресурс маркази ташкил қилинган бўлиб, у доимий равишда янги адабиётлар ва кераклик техник жиҳозлар билан бойитиб борилмоқда. 

Таълим муассасасида маънавий-маърифий ишлар режа асосида мунтазам олиб борилмоқда. Ўқув биносида 120 ўриндиқли маънавият хонаси ташкил қилинган. 

Шу билан бирга таълим муассасасида талабалар учун янги ошхона ташкил қилиниб, у ерда талабаларга икки махал иссиқ овқат берилади.

 Яна, барча қулайликларга эга бўлган 2 та тахоратхона, талабаларнинг жисмонан соғлом ва бақувват бўлишлари учун стол тенниси, турник, бокс коплари каби спорт анжомларига эга спорт зали, мини футбол ва воллейбол майдонлари мавжуд.        

Ёшларни маънан баркамол қилиб тарбиялаш, динимизга ёт экстремистик оқимлар таъсиридан ёшларни асраш, бутун ислом оламининг қарийб ярмини ташкил этувчи ҳанафийлик мазҳаби асосида ёшларимизга таълим тарбия бериш, аждодларимиз бой меросини ўрганиш ва халқимизга етказиш – улуғ мақсадимиздир.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом таълим муассасаси

Хоразм вилояти, Урганч тумани, 

Қоромон қишлоғи, Каттабоғ маҳалласи, 

Ҳамкорлик кўчаси, 41/1-уй

Тел: (99895) 6069255

Инд: 220100

Izoh qoldirish

Izohlar