08.07.2021

“ВИЖДОН ЭРКИНЛИГИ ВА ДИНИЙ ТАШКИЛОТЛАР ТЎҒРИСИДА”ГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИГА ШАРҲ

Ўзбекистон азал-азалдан турли миллат ва элат ҳамда конфессия вакиллари ўзаро тинч-тотув яшаб, ўз диний ибодат ва расм-русумларини эмин-эркин бажариб келган бағрикенг диёр сифатида бутун дунёга тараннум этилади.  Сўнгги йилларда Мамлакатимизнинг ушбу йўналишда олиб бораётган изчил сиёсати халқимиз ва жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳақли равишда эътироф этилмоқда. 

Юртимизда виждон эркинлигини таъминлаш ҳар доим устувор вазифалардан бири бўлиб келган. Шу боис, парламентимиз томонидан “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун янги таҳрирда ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. 

Ушбу мақсадда, Қонун виждон эркинлиги меъёрларини аниқ кўрсатиб, фуқароларнинг хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслигини таъминлайди. Шунингдек, ҳар қандай динга зўравонлик билан киритишни тақиқлайди. 

Демократик давлатлар қаторида, қонун устуворлиги тамойилидан келиб чиқиб Ўзбекистонда ҳам диннинг сиёсатга аралашиши ҳамда диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга йўл қўйилмаслиги Қонунда аниқ кўрсатилди. 

Юртимизда тарихан шаклланган анъана, урф-одат ва қадриятларни ҳисобга олган ҳолда, Қонунда ҳамкорларимиз – Европа Кенгашининг Венеция комиссияси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси каби нуфузли халқаро тузилмалар экспертлари томонидан берилган тавсиялар ўз аксини топди.

Қонундаги принципиал янгиликлар ҳақида гапирганда, улар диний-маърифий соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг изчил давоми сифатида, аввало, ҳар бир инсоннинг виждон эркинлигини таъминлаш учун қулай шарт-шароитларни яратишга, ҳуқуқни қўллаш амалиётига аниқликлар киритишга алоҳида эътибор қаратилганини қайд этиш лозим.

Бу янгиликлар, айниқса, қуйидаги масалаларда яққол намоён бўлади:

Биринчидан, Қонун асосида диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш билан боғлиқ тартиб соддалаштирилиб, бу борада муҳим енгилликлар жорий этилмоқда.

Хусусан, маҳаллий диний ташкилотлар, жумладан, масжидлар ва бошқа конфессияларнинг ибодатхоналарини ташкил этиш бўйича ташаббускор фуқаролар сони икки баробар камайтирилиб, 50 нафардан кам бўлмаган этиб белгиланди. Шунингдек, диний ташкилотнинг марказий бошқарув органи ва диний таълим муассасаларини тузиш учун ҳам 100 нафар ташаббускор бўлиши ҳақидаги талаб бекор қилинди.

Диний ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ хизматлар тўлиқ электрон шаклда, инсон омилисиз амалга оширилиши жорий этилди.

Рўйхатдан ўтказувчи адлия идораларига тақдим этиладиган ҳужжатлар сони кескин қисқарди, уларни кўриб чиқишнинг муддати эса 3 баробарга камайди, яъни 3 ойдан 1 ойга туширилди.

Бу билан диний ташкилот тузиш ташаббускорларига қулай, тез ва сифатли хизмат кўрсатиш имконияти яратилди, ортиқча бюрократик тўсиқлар бартараф этилди.

Диний ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш асослари Қонун билан белгиланиб, унда кўрсатилмаган асосларга кўра рад этишга йўл қўйилмаслиги таъминланди.

Шу билан бирга, диний ташкилотнинг фаолиятини тўхтатиб қўйиш ва тугатиш фақатгина суд орқали бўлиши, рўйхатдан ўтказадиган ва бошқа давлат органлари бунга ҳақли эмаслиги, мансабдор шахсларнинг муайян диний ташкилот қонуний манфаатларини бузувчи хатти-ҳаракатлари устидан судга мурожаат қилинганда диний ташкилот давлат божини тўлашдан озод этилиши каби қўшимча кафолатлар назарда тутилди. Бу ҳам илгари тарихимизда бўлмаган механизмлардир.

Мазкур Қонун диний бағрикенглик ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга, диннинг асл моҳиятини англашга, бузғунчи ғояларга қарши иммунитет ҳосил қилишга, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшади.

Умуман олганда, ушбу Қонун инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар билан кафолатланган, диний соҳада умумэътирофэтилган ҳуқуқ ва эркинликлар, юртимиздаги ҳозирги диний вазиятнинг ўзига хос хусусиятлари ва бевосита Ўзбекистонда динлараро муносабатлар шаклланишининг тарихий шароитларини ўз ичига олгани билан аҳамиятлидир.

Қонун турли динларга эътиқод қилувчи мамлакатимиз фуқаролари ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатликка асосланган муносабатларни сақлаб қолиш ва янада мустаҳкамлаш, уларнинг диний эътиқод билан боғлиқ қадриятлари, урф-одат ва анъаналари ҳурмат қилиниши ҳамда тўлиқ таъминланишини кафолатлайди.

Бу эса, ҳеч шубҳасиз, янги Ўзбекистонни барпо этиш ва уни дунёга тараннум қилишнинг энг муҳим шарти ва гаровидир.

M.Юнусхўжаев 

Имом Фахриддин ар-Розий 

ислом билим юрти мударриси

 

 

Izoh qoldirish

Izohlar