Ёт ғоялардан сақланишда Мотурудия ақидасининг ўрни
Бугунги кунда мусулмонлар эътиқод масалаларида турли қарашлар ва ғояларга дуч келмоқда. Ушбу муҳитда Мотурудия ақидаси ёт ғоялардан сақланиш ва мўътадил йўлдан юришда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади. Мотурудия ақидаси Қуръон ва Суннатга таяниб, мусулмонларни илмий ва ақлий асосланган эътиқодга даъват этади.
Мотурудия ақидасининг хусусиятлари ва ёт ғояларга қарши чора-тадбирлари
1. Мўътадил ёндашув
Мотурудия ақидаси мутаассиблик ва ифрот(ҳаддан ошишлик)га қарши туради. У исломнинг ўртача йўлини тарғиб қилади, бу эса радикал ва экстремистик ғояларнинг тарқалишини олдини олишда муҳим аҳамиятга эга. Ёт ғоялар кўпинча ҳаддан ошишликка асосланган бўлса, Мотурудий ёндашуви ҳар доим мувозанатни сақлайди.
2. Илм ва ақлнинг ўрни
Мотурудия ақидаси инсоннинг ақлини Аллоҳ берган неъмат сифатида қадрлайди ва уни диний тушунчаларни тўғри англашда восита сифатида кўради. Бу ёт ғоялар келтирган шубҳаларни илмий асосда бартараф этишга имкон беради. Масалан, сўнгги пайтларда тарқалган атеизм ёки диний шубҳа келтирувчи фалсафий фикрларга қарши Мотурудия ақидаси далиллар билан жавоб беради.
3. Аллоҳнинг сифатларини тушунишда ўрта йўл
Ёт ғоялардан бири-Аллоҳнинг сифатларини инкор қилишга йўналтиришдир. Мотурудия ақидаси Аллоҳнинг сифатларини тасдиқлаш билан бирга, уларни инсоний сифатлардан мутлақо фарқ қилишини таъкидлайди. Бу, мусулмонларни адашишдан ва нотўғри эътиқодга берилишдан ҳимоя қилади.
Сўфи Оллоёр байти:
Субутидир анинг саккиз сифати,
Сифати зоти эмас, на ғойри зоти.
4. Бидъатларга қарши кураш.
Мотурудия ақидаси Исломда янгилик киритилган бидъатларни қоралайди ва мусулмонларни Қуръон ва Суннат асосида яшашга ундайди. Бидъатлар кўпинча диний жоҳиллик натижасида юзага келади. Мотурудийлар нақл,илм ва ақл ёрдамида бидъатларнинг асл моҳиятини очиб бериб, мусулмонларни огоҳлантиради.
5. Қазо ва қадарни тўғри тушунтириш.
Ёт ғоялардан бири инсон қисматига нисбатан нотўғри қарашлардир. Баъзи ғоялар инсонни мутлақо иродасиз, айримлари эса қисматдан мустақил деб ҳисоблайди. Мотурудия ақидаси бу масалада мўътадил йўлни тутиб, инсоннинг эркин иродаси ва Аллоҳнинг қазо ва қадари ўртасидаги мувозанатни тушунтиради.
Сўфи Оллоёр байти:
Худо амриға оқил ғам емасдур,
Демас гардур қилур гар дун эмасдур
6. Фитналарга қарши тинчликни тарғиб Э
этиш
Ёт ғоялар кўпинча мусулмонлар орасида бўлиниш ва ихтилофларни келтириб чиқаради. Мотурудия ақидаси бирлик ва аҳилликни тарғиб қилади, чунки эътиқод масалаларидаги мўътадиллик жамиятдаги фитналарнинг олдини олишга ёрдам беради.
Мотурудия Ақидаси ва ёш авлод.
Ёш авлод ёт ғоялар таъсирига энг сезгир қатлам ҳисобланади. Мотурудия ақидаси ёшларни Қуръон ва Суннатга мос равишда тарбиялашда, уларга илмий асосланган эътиқодни сингдиришда муҳим восита бўлиб хизмат қилади. Бу ақида ёт ғояларнинг ёлғонлигини очиб бериш орқали ёшларнинг диний онгини мустаҳкамлайди.
Хулоса
Мотурудия ақидаси ёт ғоялардан сақланишда мустаҳкам қалқон бўлиб хизмат қилади. Унинг асослари Қуръон ва Суннатга таянади, ақл ва нақлни уйғунлаштиради, мўътадил эътиқодни тарғиб этади. Бу ақида мусулмонларни шубҳалардан, бидъатлардан ва экстремистик қарашлардан ҳимоя қилади. Шу боис, Мотурудия ақидасини ўрганиш ва тарғиб қилиш ҳар бир мусулмон учун муҳим вазифа ҳисобланади.
Имом Фахриддин ар-Розий ислом билим юрти 4- курс талабаси
Ғиёсиддинов Муҳаммад Амин
Izohlar