07.03.2025

РАМАЗОН ҲИДОЯТ ОЙИДИР!

«Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир. Сиздан ким ўша ойда ҳозир бўлса, бас, рўзасини тутсин», деган. (Бақара. 185)

Бундан аввалги оятда рўза «саноқли кунлар» фарз қилингани айтилган эди. Бу оят ўша «саноқли кунлар – «Рамазон ойи» эканини баён қиляпти. Айни чоқда, Рамазон ойининг фазли ҳам зикр этиляпти.

«Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир».

Рамазон ойи йил ичидаги энг афзал ой ҳисобланади. Унинг фазли ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар бор, улуғ уламоларнинг сўзлари, мадҳлар айтилган, китоблар битилган. Лекин бу ҳақдаги таърифларнинг гултожиси Роббил Оламийннинг Ўз каломида айтган мадҳидир. Бу Рамазони шарифнинг энг улкан фазилатлари ҳақидаги таърифдир. Яъни:

«Унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фур­қондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир».

Аллоҳ таоло Ўзининг абадий мўъжизаси, қиёматгача инсониятга ҳидоят бўладиган китоби Қуръони каримни тушириш вақти қилиб, Рамазони шариф ойини ихтиёр қилганининг ўзи бу ойнинг фазилатини юксакка кўтарганидан далолат. Энди эса, нур устига нур, фазилат устига фазилат қўшиб, рўза ибодатини ҳам шу Рамазон ойида фарз қилмоқда.

«Сиздан ким ўша ойда ҳозир бўлса, бас, рўзасини тутсин».

 Ким Рамазон ойига соғ-саломат етса, унинг янги ойининг шоҳиди бўлса ёки Рамазон ойи бошланганининг хабари етса, рўзасини тутсин. Бу фармон умумийдир, лекин одамларда янги, умумий фармон тушди, ким бўлишидан қатъи назар, ҳамма рўза тутиши фарз экан, деган фикр чиқмаслиги учун ушбу ҳукмдан истисно қилинганлар яна бир бор зикр этилмоқда:

Мазкур оятлардан қуйидагилар келиб чиқади:

1. Рамазон ойи рўзасини тутиш ҳар бир иймонли зот учун фарз эканлиги. 

Бу фарзни инкор этиб, Рамазон кунларининг бирор лаҳзасини узрсиз рўза тутмай ўтказса бўлаверади, деган одам кофир бўлади.

2. Рўза тутиш аввалги динларда ҳам борлиги. 

Дарҳақиқат, синчиклаб ўрганиб чиқилса, барча динларда, ҳатто самовий эмас, сохта динларда ҳам рўза тутиш бор. Бинобарин, рўзани инкор қилган киши ҳамма динларни инкор қилган бўлади. Ва у одамийлик доирасидан чиқади.

3. Рўза тутган киши тақводор бўлади.

4. Рўза саноқли кунлардир.

Кўп эмас. Бир йил ичида 29 ёки 30 кун, холос.

5. Исломда «Рамазон ойи» рўзаси фарз қилинган. 

Ўша ой қачон келса, ўшанда рўза тутиш керак. Бошқа ойнинг рўзасини тутиш билан фарз адо этилган бўлмайди.

6. Қуръони карим ҳам Рамазон ойида туширилгандир. 

Бу эса, ўз навбатида Рамазон ойи шаънига шаън, шарафига шараф қўшади. Чунки Аллоҳ таоло томонидан рўза тутиш амр қилинишининг ўзи бу ой учун улкан шаъну шараф эди. 

Энди Аллоҳ таоло Ўзининг охирги китоби, қиёмат кунигача боқий қоладиган улкан мўъжизаси, барчага икки дунё саодатини топиш учун илоҳий дастур бўлмиш Қуръони каримни айни шу ойдан туширилиши бежиз эмас. Бу Рамазон ойининг Аллоҳ таоло ҳузурида ғоят шарафли ой эканидан далолат беради.

7. Қуръони карим одамлар учун ҳидоят эканлиги. 

Маълумки, ҳар бир одам ҳидоят қилувчи – йўл кўрсатувчига муҳтож. Бўлмаса, иши чатоқ. Энг яхши ҳидоят эса, Аллоҳнинг ҳидояти – Қуръони карим. Аллоҳнинг ҳидоятидан бошқа нарса эса залолатдир.

8. Қуръони карим – Фурқон яхши-ёмон, ҳақ-ботилни ажратувчи илоҳий фарқловчидир. 

Қуръон яхши, деган нарса яхшидир. Қуръон ёмон, деган нарса ёмондир. Қуръон ҳақ, деган нарса ҳақдир. Қуръон ноҳақ, деган нарса ботилдир.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлариниин Ҳадис ва Ҳаёт китобларидан фойдаланилган.
УМИДЖОН домла Файзуллаев 
Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом билим юрти мударриси.