
Яшил макон: Табиатни асраш бурчимиз
Бугунги кунда экологик муаммолар бутун инсоният олдида турган долзарб масалалардан биридир. Иқлим ўзгариши, ҳаво ифлосланиши, сув танқислиги ва биологик хилма-хилликнинг камайиши – буларнинг барчаси инсониятнинг табиатга нисбатан масъулиятсиз муносабатидан келиб чиқмоқда. Шу боис Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган "Яшил макон" умумхалқ лойиҳаси бу борадаги муҳим ташаббуслардан биридир. Ислом динида ҳам табиатга ғамхўрлик қилиш, уни асраш муқаддас бурч саналади. Қуръони каримда Аллоҳ таоло: "Ва (Аллоҳнинг дини билан) ўнглаб қўйилганидан кейин, Ерда (куфр йўлини тутиб) бузғунчилик қилманг! У Зотга (азобидан) қўрқиб, (раҳматидан) умидвор бўлган ҳолингизда ибодат қилингиз! Зеро, Аллоҳнинг раҳмати чиройли амал қилувчиларга яқиндир." (Аъроф, 56-оят) деб буюрган.
1. "Яшил макон" ташаббуси ва унинг мақсадлари "Яшил макон" – бу дарахт экиш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва экологик мувозанатни тиклашга қаратилган кенг кўламли лойиҳа. Ҳар йили 200 миллиондан ортиқ дарахт кўчатлари экилиши, мактаб, боғча, масжид, зиёратгоҳ ва бошқа муассасалар атрофи ободонлаштирилиши кўзда тутилган. Бу орқали нафақат шаҳарсозлик балки инсон саломатлиги ва психологик мувозанатига ҳам ижобий таъсир кўзда тутилади. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳадисларида: "Ким бир дарахт экса ва у ерда одамлар, қушлар ёки ҳайвонлар ундан фойдаланса, бу унга садақа бўлади" (Имом Аҳмад) дейилган.
2. Дарахт – ҳаёт манбаи Дарахтлар ҳаводаги карбонат ангидридни ютади, кислород ишлаб чиқаради, чангни ушлаб қолади, тупроқни эрозиядан сақлайди. Шунингдек, улар шаҳарлар микроиқлимини юмшатади, эстетик гўзаллик бағишлайди. Ҳар бир экилган дарахт – бу келажак авлод учун соғлом муҳитга қўйилган ҳисса демакдир. Бу амаллар исломда "садақаи жория" – узлуксиз савобли ишлар сирасига киради.
3. Ҳар бир фуқаронинг масъулияти Яшил маконни яратиш – бу фақат ҳукумат ёки экологлар иши эмас. Ҳар бир инсон, ҳар бир оила ўз ҳовлисида, маҳалласида, мактабида, иш жойида битта бўлса-да дарахт экса, бу бутун жамиятни ўзгартиради. Табиат – бу бизнинг умумий уйдир. Унга ғамхўрлик қилиш эса барчамизнинг бурчимиздир. Аллоҳ таоло Қуръонда: "Биз осмон ва Ерни ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсаларни беҳуда яратган эмасмиз. Бу (яъни, улар беҳуда-бемақсад яратилган деган гумон) кофир бўлган кимсаларнинг гумонидир. Бас, кофир бўлган кимсалар учун дўзахдан иборат ҳалокат бўлгай!" (Саъд, 27) деб инсонни масъулиятга чақиради.
Хулоса: "Яшил макон" – бу фақат лойиҳа эмас, балки яшаш тарзи, маданият ва масъулиятдир. Унинг муваффақияти ҳар биримизнинг онгли иштирокимизга боғлиқ. Табиатни асраш орқали биз нафақат бугунги, балки келажак авлодлар учун ҳам соғлом ва яшил Ўзбекистонни барпо этамиз. Бу эса нафақат дунёвий, балки охиратга ҳам фойда келтирувчи амалдир.
СУХРОБ домла Қадамов
Имом Фахриддин ар-Розий ислом билим юрти мудир муовини