Соғлом ақида
Ақидалар инсон ҳаётида мустаҳкам маънавий асос сифатида муҳим ўрин тутади. Айниқса, исломий ақида инсоннинг Аллоҳга бўлган иймонини мустаҳкамлаш, дунё ва охиратдаги нажотини таъминлашда ҳал қилувчи омилдир. Ушбу мақолада Имом Абу Мансур ал-Мотурудийнинг асос солган Мотурудия ақидаси ҳақида сўз юритиб, соғлом ақиданинг асосий хусусиятларини ёритилиб борилади.
Мотурудия Ақидаси – Ўрта Йўл Ақидасидир.
Мотурудия ақидаси Қуръон ва Суннатга асосланган бўлиб, унда инсон ақлининг ўрни ва аҳамияти алоҳида таъкидланади. Ушбу ақида ҳанафий мазҳабига мансуб бўлган мўмин-мусулмонлар орасида кенг тарқалган. Мотурудия таълимотида қуйидаги асосий масалаларга алоҳида эътибор берилади:
1.Аллоҳнинг сифатлари.
Аллоҳнинг сифатлари азалий ва абадийдир. Мотурудия таълимотига кўра, Аллоҳнинг сифатлари Ўзи билан бирга боқий бўлиб, улар яратилган махлуқот сифатларидан тубдан фарқланади. Масалан, Аллоҳнинг илм ва қудрати барча нарсани қамраб олади, аммо бу сифатлар инсоннинг чекланган илми ва кучига ўхшамайди.
Зеро Сўфи Оллоёр айтганидек:
Сифатининг биридур илм,яро,
Эрур донойи ғайбу ошкоро.
2. Қазо ва Қадар
Мотурудия ақидасига биноан, инсон эркин иродага эга. Аллоҳ Таоло барча нарсани билувчи ва яратгувчи бўлиши билан бирга, инсонга хоҳиш ва ирода билан яхшилик ёки ёмонликни танлаш ҳуқуқини берган. Шу сабабдан, инсон қилган амаллари учун масъулдир.
3.Иймон ва Амаллар Муносабати
Иймон – қалб билан тасдиқлаш ва тил билан иқрор бўлишдир. Амаллар эса иймоннинг мукаммаллиги учун зарур, аммо иймоннинг асоси эмас. Мотурудия таълимотида катта гуноҳ қилган киши кофир бўлмайди, балки фосиқ деб ҳисобланади. У Аллоҳнинг мағфиратига умид қилиши лозим.
Бу масалада фақат ақлга таянадиган тоифалар хилоф қилишган.
Сўфи Оллоёр байти:
Танимоқ тангрини тонмоқ ҳаводин,
Кейин турмоқ фиоли нораводин.
Яъни:Аллоҳ Таолони танимоқ, нобоп сифатлардан тоза тутмоқ, нафс орзуларидан ва ақл тойилишликларидан қайтмоқ керакдир.
"Тонмоқ"- қайтмоқ; "Кейин" - йироқ маъносида
Хулоса
Мотурудия ақидаси Қуръон ва Суннатга асосланган соғлом ақида бўлиб, у мусулмонларнинг иймонини сақлаб қолиш ва уни мустаҳкамлашга қаратилган. Биз, мусулмонлар, Имом ал-Мотурудийнинг таълимотини ўрганиб, уни ҳаётимизга татбиқ қилишимиз керак. Аллоҳ таоло барча иймонли инсонларни ҳақ йўлдан адаштирмасин.
Имом Фахриддин ар-Розий ислом билим юрти 4- курс талабаси
Ғиёсиддинов Муҳаммад Амин
Izohlar