16.07.2025

НАЖМИДДИН КУБРО СИЙМОСИДА ВАТАНПАРВАРЛИК ТУЙҒУСИ

Ватанимиз ва ислом тарихида Шайх Нажмиддин Кубро сиймоси юксак илм, руҳий камолот ва фидойиликнинг намунаси сифатида алоҳида ўрин тутади. Унинг ҳаёт йўли, тасаввуфий мероси ва ўз юртига бўлган муҳаббати — ислом цивилизациясида илму маърифат ва ватанпарварлик туйғуси уйғунлашган буюк шахсият сиймосини намоён этади. Бу мақолада Шайх Нажмиддин Кубронинг маънавий шаклланиш йўли, юрти Хоразмни ҳимоя қилишдаги жасорати ва ислом таълимотидаги ўрни таҳлил қилинади. Ушбу таҳлил нафақат тарихий ҳақиқатни очиб беради, балки замонавий ёшларга ибрат, миллий ва диний қадриятларга садоқат руҳини улуғлайди.

Нажмиддин Кубро – исми ва мартабаси

Нажмиддин Кубронинг тўлиқ исми – Абу Жаъфар Аҳмад ибн Умар ал-Хивақий ал-Хоразмий, лекин у "Кубро" — "Улуғ", "Буюк" деган лақаб билан машҳур бўлган. Бу лақабни ким билан илмий бахс қилса ғолиб келгани учун аввало Томматул Кубро, кейинчалик томма сўзи хазф қилиниб фақат Кубро тахаллуси қолганини Навоий ўзларининг Насоимул мухаббат асарларида келтирадилар. 

У Хоразмнинг Хива шаҳрида туғилиб, ўз даврининг машҳур уламолари, фақиҳлари ва сўфийлари ҳузурида илм олди. Сўнгра Марв, Балх, Бағдод, Шом, Макка ва Мадина хатто мисрда замонасининг кўзга кўринган уламоларидан таҳсил олди. Исломий илмларнинг турли соҳаларида етук олим бўлган ҳолда, у аввало тасаввуф мактаби асосчиси сифатида танилди — Кубравийлик тариқатининг асосчиси бўлди.

Ҳазрат Алишер навоий насойимул-Муҳаббат асарларида бу киши ҳақида қуйидагича баён қиладилар:

Шайх Нажмуддин Кубро Куниятлари Абулжаннобдур ва отлари Аҳмад ибн Умар Хевақий ва лақаблари Кубродур. Ва дебдурларки, аларға Кубро андин лақаб бўлдики, йигитлик авонидаким, зоҳир улуми таҳсилиға машғул эрмишлар, ҳар ким билаким, мунозара ва мубоҳаса қилсалар эрмиш ул кишига ғолиб бўлурлар эрмиш.

«Шунинг учун унга «Томмат ул-кубро» лақабини бердилар. У анча вақтгача шу лақаб билан аталиб келди. Кейинроқ «томма» сўзини қолдириб, «Кубро» деб атай бошладилар. Мана шу важҳ тўғрироқдир. Буни унинг ростгўй, ишончли асҳоблари нақл қилган. Ва аларни Шайх Валитарош ҳам дебдурлар. Онинг учунки, важду ҳол ғалаботида муборак назарлари ҳар кимга тушса, валоят мартабасиға етар эрмиш.

Шайх Нажмуддин Кубро Ҳамадонға бориб, Ҳадис ижозати ҳосил қилди ва эшиттики, Искандарияда муҳаддиси борки, олий санади бор. Онда ҳам бориб, ижозат ҳосил қилди. Қайтиб келурда, Ҳазрат Рисолат с. а. в.ни воқеада кўрди ва илтимос қилдики, Ҳазрат анга кунияте бағишлағай. Абулжанноб кунияти Ҳазратдин анга иноят бўлди. Сўрдики, Абулжанноб мухаффафа? Буюрдики, ло, мушаддада. Чун воқеадин уйғонди. Бу куниятдин анга бу маъни юзландики, дунёдин ижтиноб қилмоқ керак! Дарҳол тажрид қилди ва пири муршид талабиға мусофир бўлди. Ҳар кишига иродати дуруст бўлмас эрдики, донишманд эрди ва бошни ҳар кимга инмас эрди. Чун Хузистон мулкига етти ва Дизпул деган ерда бемор бўлди. Ўзин ҳар навъ била бўлса, шайх Исмоил Қасрий хонақосиға еткурди ва анда ранжурлиғи узоққа тортти ва шайх ул сўфиларнинг самоъи унидин заҳматда эрдики, самоъға мункир эрди. Бир кеча дарвешлар самоъда эрдиларким, Шайх Исмоил Ҳазрат Шайх Нажмуддиннинг боши устига келиб икки илкин шайх қўлтуқлариға солиб кўтариб, самоъға киюруб, неча давр айлантуруб, томға таяб қўйди. Шайхдин тамом ранж зойил бўлиб эрди. Ўзин саҳиҳ топти ва иродат ҳосил бўлди ва Шайх Исмоилға иродат илкин бериб, сулукка машғул бўлди. Ва дебдурки, чун менга ботин аҳволидин хабар бўлди ва зоҳир улумин худ вофир касб қилиб эрдим. Бир кеча хаёлимға келдики, ботин илмидин хабардор бўлдунг ва зоҳир илминг Шайх илмидин кўпракдур. Сабоҳ шайх мени тилади ва дедиким, қўп сафар қилки, сенга Аммор Ёсир қошиға бормоқ керак. Мен билдимки, кечаги хотиримдин Шайх воқиф бўлди, аммо ҳеч нима демадим ва шайх Аммор хидматиға бордим ва сулук бунёд қилдим. Анда ҳам бир кеча ҳамул даъво кўнглумга хутур қилди. Сабоҳ Шайх Аммор буюрдиким, Нажмуддин, қўп ва Мисрға бор! Шайх Рўзбеҳон қошиғаким, бу анониятни сабаллий била сенинг бошингдин чиқарғой! Мисрға бордим. Чун Шайх Рўзбеҳон хонақосиға кирдим. Шайх ҳозир эрмас эрди. Дедиларки, Шайх вузуъ қилғали ташқари чиқибдур. Кейнича чиқдим. Шайх Рўзбеҳонни кўрдумки, андоқ оз сув била вузу қиладурким, шаръан жойиз эмас. Яна кўнглумга инкоре келди. Чун шайх вузуъни тамом қилиб, қўпти. Икки ул илкин юзумга сочти. Ул сув етгач менга бехудлуғ асари зоҳир бўлди. Шайх чун хонақоға кирди. Мен доғи кирдим ва шайх шукри вузуъға машғул бўлди ва мен ҳам анда туриб, ўзумдин ғойиб бўлдум. Кўрдумки, қиёмат-қойим бўлубдур ва дўзах зоҳир, ва элни тутуб, ўтға соладурлар ва бу ерда бир тепа бордур, ва анда биров ўлтурубдур. Ҳар киши десаким, анга тааллақдурмен, они ўтға солмай қўядурлар. Ногоҳ мени туттилар. Мен дедимким, мен онинг мутааллақларидинмен. Ўтқа солмай қўйдилар. Ул тепага чиқдим. Кўрдумки, Шайх Рўзбеҳондур. Югуруб оёғиға тушдум. Ул иликин кўтариб, бир қаттиқ сабаллий (тарсаки) бўйнумға урди. Андоқки, юз тубан йиқилдим ва дедики, мундин ортиқ Ҳақ аҳлиға инкор қилма! Чун йиқилдим. Ул ғайбатдин ҳозир бўлдим. Шайх намознинг саломин берди. Ҳамул дастур била югуруб оёғиға тушдум. Шайх ҳамул воқеадағидек маҳкам сабаллий уруб, ҳамул сўзни айтти. Ул мастлиғ ранжурлуғи тамом хотиримдин рафъ бўлди. Андин сўнгра амр қилдики, қайт ва шайх Аммор, Ёсир қошиға бор! Ва анга бир мактуб битиб, мундоқ зикр қилдиким, ҳар неча миским топарсен, йиборгилки, холис олтин қилиб юборай! Андин яна Шайх Аммор хизматига келдим. Ва Шайх чун Шайх Аммор хизматиға келибдур. Муддате анда бўлубдур. Чун сулук анга тамом бўлубдур, Шайх Аммор амр қилибдурки, Хоразмға бор! Ҳар неча шайх узр айтибдурлар, фойда қилмайдур ва Хоразмға келибдурлар ва бу тариқни мунташир қилибдурлар ва халойиқ кўп мурид бўлибдирлар ва иршодқа машғул бўлибдурлар. Чун тотор куффори Хоразмға етибдурлар. Ҳазрат Шайх асҳобини йиғиб, амр қилибдурларки, вилоятларингизға боринг! Алар ул Ҳазратнинг амри била ўз вилоятларига борибдурлар. Асҳобдин баъзики, Ҳазрат Шайхга доғи чиқар илтимос қилибдурлар. Шайх дебдурларки, биз бу куффор илкида шаҳид бўлурбиз. Асҳоб тарқағондин сўнграким, куффор Хоразмға кирибдурлар. Ҳазрат Шайх қолган асҳоб била чиқиб, ғазвға машғул бўлубдурлар. То шаҳодат шарбатин тотибдурлар. Дерларки, шаҳодат вақтида бир кофирнинг парчамин( кокил ёки туғ маъносида) тутқон эрмишлар. Андоқки, шаҳодатдин сўнгра ўн киши айира олмадилар ва ул парчамни кесиб айирдилар. Ва баъзи дебдурларки, Ҳазрат Мавлоно Жалолуддин Румий қ. с. ғазалиётида ишорат бу қиссаға ва ўз интисобини Ҳазрат Шайхга қилиб дебдурки,

рубоий:

«Биз қўлга қадаҳ олувчи улуғвор кишилармиз.

 Ориқ эчкиси билан қолган қашшоқлардан эмасмиз.

Бир қўлда иймоннинг холис шаробин ичарлар

бир қўлда кофирнинг кокилин маҳкам тутарлар».

Ҳазрат Шайхга муридлар кўп эрдилар, аммо алардин нечаси жаҳонда ягона ва замонда муқтадо ва фарзона эрдилар. Андоқки, Шайх Маждуддин Бағдодий ва Шайх Саъдуддин Ҳамавий ва Бобо Камол, Жандий ва Шайх Разиюддин Али Лоло ва Шайх Сайфуддин Бохарзий ва Шайх Нажмуддин Розий ва Шайх Жамолуддин Гилий р. т. Ва баъзи дебдурларки, Мавлоно Баҳоуддин Валадки, Ҳазрат Мавлоно Жалолуддин Румий қ. с.нинг волиди бўлғай, ҳам алардиндур. Шаҳид бўлган санаси етти юз ўн еттинчи йил». Деб келтирганлар.
         Нажмиддин Кубронинг ҳаётидаги энг олий ватанпарварлик туйғуси — у Хоразмга тотор босқини юз берганида кўрсатган жасоратидир. Ҳазрат шайх асҳобларини турли вилоятларга тарқатиб, ўзи эса юртни ҳимоя қилиш учун қолган. У Ҳақ йўлида жанг қилиб, шаҳидлик мақомига етишган. Ривоятларга кўра, у жанг вақтида кофирнинг туғини маҳкам ушлаган ва шаҳид бўлганидан сўнг, ўн киши тугни қўлидан ажрата олмаган.

Бу воқеа у зотнинг юртига, халқига ва динига бўлган садоқатининг ёрқин исботидир. Ҳатто Жалолиддин Румий унинг бу жасоратига тажлилия ифодалаб, ўз рубоийларидан бирида “Бир қўлда иймон шаробини, бир қўлда кофирнинг кокилин ушлаган зотлар” деб васфлайди. Бу нафақат суфийлар учун, балки ҳар бир ватанпарвар мусулмон учун ибрат намунасидир.

Шайх Нажмиддин Кубро — юксак маънавият, илмий салоҳият ва ватанпарварликнинг тимсолидир. У нафақат тасаввуф мактаби асосчиси, балки юртини ҳимоя қилган шаҳид, ҳақиқий ватан муҳофизи сифатида тарихда улуғланади. Унинг ҳаётидан олинадиган асосий хулоса шундаки, ҳақиқий ислом — бу фақат зоҳирий ибодат эмас, балки Ватан, дин ва миллат учун масъулият туйғуси билан яшашдир.

ДАВРОНБЕК домла Абдуқодиров

Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом билим юрти мудири.