
Қанийди уни кийиминг билан беркитганингда!
Қанийди уни кийиминг билан беркитганингда!
Ривоятларда келишича, Бани Исроилга қурғоқчилик етганида, пайғамбар Мусо алайҳиссалом уларни тавба қилишга ва истиғфор айтишга чақирдилар. Кейин эса уларни олиб, истиқсо намозини (ёмғир сўраб ўқиладиган намоз) ўқишга чиқдилар. Мусо алайҳиссалом улардан фақат тавба қилганларгина намоз ўқишини буюрдилар ва Бани Исроилга намоз ўқиб бердилар. Бироқ ёмғирдан асар ҳам бўлмади.
Кейин Мусо алайҳиссалом Роббисидан бунинг сабабини сўраганларида, Аллоҳ таоло ваҳий қилиб, қавм орасида тавба қилмаган гуноҳкор инсон борлигини айтди. Шунда Мусо алайҳиссалом қавмдан ўша гуноҳкор ким бўлса, ўзини ошкор қилишини сўрадилар. Чунки ўша гуноҳкор сабабидан барчалари ёмғирдан маҳрум бўлиб қолган эдилар.
Озгина вақт ўтгач, ўша инсон ким экани ошкор бўлмаса ҳам, ёмғир ёға бошлади. Мусо алайҳиссалом бундан ажабландилар ва Аллоҳ таолодан қавм ичида гуноҳкор киши бўла туриб, қандай қилиб ёмғир ёғиши мумкинлиги ҳақида сўрадилар. Аллоҳ таоло пайғамбарга ваҳий қилиб, ўша инсон тавба қилганини билдирди. Мусо алайҳиссалом ўша осийнинг исми кимлигини сўрадилар. Шунда Аллоҳ таоло:
«Эй Мусо! Мен уни гуноҳкор пайтида беркитгандим, энди тавба қилганда фош қиламанми?!» — деди.
Моиз розияллоҳу анҳу зино қилиб қўйгач, дўсти Ҳузал ал-Асламийнинг ҳузурига бориб, қилган гуноҳини унга айтди. Лекин дўсти унга на насиҳат қилди, на тавба қилишга ундади, балки тўғри Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига боришни ва у зотни воқеадан хабардор қилишни айтди.
Моиз розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, ўз гуноҳини эътироф этди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ражм, яъни тошбўрон қилишни буюрдилар. Чунки иш қозига етиб борса, қози афв қилишга ҳақли эмас, балки ҳукмни ижро қилишга мажбур.
Шундан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳузал ал-Асламийга йўлиқиб қолдилар ва унга:
«Қанийди уни кийиминг билан беркитганингда! Бу ишинг сенга яхшироқ бўлар эди», — дедилар.
Тўғри, Ислом дини бандалар томонидан содир этилган жиноятлар учун ҳад, яъни жазоларни жорий қилган. Лекин буюк динимиз тавба қилишга ва қилинган гуноҳни ошкор қилмасликка ундайди. Ҳар бир мусулмондан ўзининг ва бошқаларнинг гуноҳини беркитиш талаб қилинади. Чунки инсон табиати ўз гуноҳини беркитиб, бошқаларнинг гуноҳини ошкор қилишга мойил.
📘 “Ала минҳаж ан-нубувва” китобидан.
Таржимон: Абдушарипов Маъмуржон.