ҚУРЪОНИ КАРИМ ОЯТЛАРИНИНГ МАККИЙ ВА МАДАНИЙГА ТАҚСИМЛАНИШИ
ҚУРЪОНИ КАРИМ ОЯТЛАРИНИНГ МАККИЙ ВА МАДАНИЙГА ТАҚСИМЛАНИШИ
Маълумки, Қуръони Карим оятлари маккий ва маданийга тақсимланади. Бу борадаги илм ҳам Қуръон илмларидан бири бўлиб танилган. Уламоларимиз бу илмга ҳам алоҳида эътибор қаратганлар. Бошқа Қуръон илмлари каби, оятларнинг Макка ёки Мадинада нозил бўлганлигини билиш илми ҳам фойда ва ҳикматлардан холи эмас. Улуми Қуръон мутахассислари бу илмнинг ҳикматлари ҳақида қуйидагиларни айтганлар:
Биринчидан, маккий ва маданий оятлар илми Қуръони Карим оятларининг насх қилинганини ва насх қилувчисини аниқлашда ёрдам беради.
Фараз қилайлик, Қуръони Каримда бир мавзуда икки ёки бир неча оят нозил бўлган бўлсин. Уларнинг бирининг ҳукми иккинчисига тўғри келмайди. Бу ҳолатда улардан бири маккий, бошқаси маданий экани маълум бўлса, маданийси — насх қилувчи, маккийси эса — насх қилинган ҳисобланади.
Иккинчи ҳикмати: маккий ва маданий оятлар илмининг фойдаларидан яна бири — шариатнинг тарихини ва унинг аста-секин йўлга қўйилганини билиб олишга ёрдам бериши.
Учинчи ҳикмати: маккий ва маданий оятлар илмининг фойдаларидан яна бири Қуръони Каримга ишончни кучайтиради. Ушбу илоҳий Китобнинг бизгача ўзгаришсиз, бузилмасдан етиб келганини англашга ёрдам беради. Бу илмни ўрганиш мусулмонларнинг Қуръони Каримга қанчалик катта эътибор билан қараганларини, унинг оятларининг маккий ва маданийлигини ҳам ўрганиб, авлоддан-авлодга етказиб келганини билдиради.
Уламолар Қуръони Карим оятларининг маккий ва маданийлиги хусусида бир неча хил таърифларни айтганлар.
Биринчи таъриф
Маккий оятлар — Маккаи Мукаррамада нозил бўлган оятлар, агар ҳижратдан кейин нозил бўлган бўлса ҳам. Маданий оятлар — Мадинаи Мунавварада нозил бўлган оятлар.
Бу таърифга кўра, Маккага яқин жойларда — Мино, Арафот, Худайбия каби манзилларда нозил бўлган оятлар ҳам маккий ҳисобланади. Маданий оятларга эса Мадина атрофидаги Бадр, Ухуд каби жойларда нозил бўлган оятлар ҳам киради.
Бироқ бу таърифда макон асос қилингани учун у мақсадни тўлиқ ифодаламайди. Чунки Қуръони Каримда Макка ва Мадинадан бошқа жойларда ҳам нозил бўлган оятлар бор.
Масалан, Тавба сурасидаги: «Агар ўлжа яқин, сафар осон бўлганида, албатта, сенга эргашар эдилар», — деган оят Табукда нозил бўлган.
Зухруф сурасидаги: «Сендан олдин юборган расулларимиздан сўра-чи…» деган оят эса Исро кечасида, Байтул-Мақдисда нозил бўлган.
Иккинчи таъриф
Маккий оятлар — Макка аҳлига хитоб қилиб тушган оятлар. Маданий оятлар — Мадина аҳлига хитоб қилиб тушган оятлар.
Шу асосда баъзилар: «Йаа айюҳаннас» (Эй одамлар!) деб бошланган оятлар маккий, «Йаа айюҳаллазина оману» (Эй иймон келтирганлар!) деб бошланган оятлар маданий, деганлар. Чунки Маккада кўпчилик кофирлар бўлган, Мадинада эса мўминлар кўп бўлган.
Бироқ бу таъриф ҳам нуқсонли:
Қуръонда бу икки хитобдан бошқа лафзлар билан бошланадиган оятлар жуда кўп.
«Йаа айюҳаннас» билан бошланган барча оятлар маккий эмас. Масалан, Нисо сурасининг аввалги ояти маданий ҳисобланади.
«Йаа айюҳаллазина оману» билан бошланган барча оятлар маданий эмас.
Учинчи таъриф (энг тўғри ва уламолар қабул қилган таъриф)
Расулуллоҳ ﷺ ҳижратларидан аввал нозил бўлган оятлар — маккий,
ҳижратларидан кейин нозил бўлган оятлар — маданийдир.
Бу таърифда замон омили асос қилинган.
Шунинг учун Маккада нозил бўлган бўлса ҳам, агар у ҳижратдан кейин тушган бўлса — маданий ҳисобланади.
Масалан, Моида сурасидаги:
«Бугун сизларга динингизни мукаммал қилдим…» — деган оят Арафотда, ҳижратдан кейин нозил бўлгани учун маданийдир.
Нисо сурасидаги:
«Аллоҳ сизларга омонатларни ўз аҳлига топширишни амр қилади…» — деган оят Макка фатҳи йили Каъба ичида нозил бўлган бўлса-да, ҳижратдан кейин бўлгани учун маданий ҳисобланади.
Расулуллоҳ ﷺ сафарларида турли жойларда нозил бўлган барча оятлар ҳам нозил бўлган вақтига кўра маккий ёки маданий деб таснифланади.
Имом Фахриддин ар-Розий ислом таълим муассасаси мударриси Хабибуллаев Абдуллоҳ
УЗ
РУ
EN
العربية