МОТУРИДИЯ АҚИДАСИ-НАЖОТ КЎПРИГИ.
МОТУРИДИЯ АҚИДАСИ-НАЖОТ КЎПРИГИ.
Ақиданинг луғавий маъноси – бир нарсани ҳақ деб билиб, қалбда маҳкам тутмоқликдир. Истилоҳдаги маъноси эса, мусулмонлар ҳақ ва тўғри деб ишониб, эътиқод қиладиган масалалардир.
Муқаддас ислом динимиздаги ягона ва энг тўғри ақида бу – Аҳли сунна вал-жамоа ақидасидир. Зеро, кишининг ақидаси тўғри бўлса, унинг юрадиган йўли тўғри бўлади. Ақидаси тўғри бўлган одам яхшиликларнинг эшигини очгувчи, ёмонликларнинг эшигини ёпгувчи калит сингаридир. Саодат асрининг буюк вакиллари бўлмиш саҳобалар ҳам ўз ақидаларида мустаҳкам бўлиб, уларни дунёнинг ҳеч бир нарсаси чалғита олмаган. Жумладан, Ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳу¬нинг Аллоҳ таолога бўлган ишончи шунчалик кучли эдики, ҳеч бир нарса унинг имонига халал бера олмас эди. У зот ўз имони хусусида бундай деган: “Агар парда кўтарилиб, Аллоҳнинг жамолини кўрсам ҳам, имоним заррача кўпаймайди”.
Бугунги глобал замонда диний адабиётлар, интернет тармоқлари орқали турли хил ёт ғоя ва ақидалар аҳли сунна вал жамоа ақидаси номи остида тарғиб қилиб келинмоқда.
Ана шундай ёт ғоя ва ақидаларга алданиб қолишнинг олдини олиш мақсадида, аввало, Аҳли сунна вал жамоа ақидаси билан яқиндан танишиб чиқамиз. Уламолар томонидан нажот топувчи йўналиш бу – “Аҳли сунна вал жамоа” эканига иттифоқ қилинган. “Аҳли сунна” дегани Муҳаммад алайҳиссалом суннатларига эргашувчилар ва “вал жамоа” сўзи эса мусулмонларнинг кўпчилиги ортидан юрувчиларни англатади. Демак, “Аҳли сунна вал жамоа” – суннатга ва жамоага эргашувчилардир. Ҳақиқатан, бугунги кунда мусулмонларнинг аксари, яъни 92,5 фоизи “Аҳли сунна вал жамоа”га мансубдир”.
Маълумки, Исломда эътироф этилган тўртта фиқҳий-амалий мазҳаблар бор. Булар: ҳанафийлик, шофеийлик, моликийлик ва ҳанбалийлик мазҳаблари. Динимизда эътироф этилган ақидавий йўналишлар эса иккитани ташкил этади. Булар ашъарийлик ва мотуридийлик. Юқоридаги тўрт фиқҳий мазҳаблардан аввалги учтаси ашъарийлик мазҳабида бўлсалар, ҳанафийлик мазҳабидаги мусулмонлар мотуридийлик мазҳабига асосланадилар.
Мана шу икки йўналишдан бошқа ҳар қандай ақидавий йўналиш, номи ҳар қанча жарангдор бўлишидан қатъи назар, нотўғридир!
Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи сунний эътиқодидаги икки йирик таълимотлардан бири бўлмиш мотуридия таълимотининг асосчиси ҳисобланади. Унинг тўлиқ исми Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Ҳанафий Мотуридий Самарқандийдир.
Абу Мансур ал-Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг туғилган йиллари ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. У зот 994 йилда Самарқандда вафот этган ва шаҳар чеккасидаги Чокардиза қабристонига дафн этилган.
Маълумки, биз Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг йўналишларида бўлиб, унга кўра имон бу – тил билан иқрор бўлиш ва қалб ила тасдиқлашдир.
Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг таъкидлашича амал имоннинг шарти ҳисобланмайди. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг жуда кўп ўринда имонни алоҳида, амалларни алоҳида ажратиб, шундай марҳамат қилади: “Албатта, имон келтирган, яхши ишларни қилган, намозни баркамол ўқиб, закотни берганлар учун Парвардигорларининг ҳузурида (махсус) мукофотлари бордир…” (Бақара сураси, 277-оят).
Лекин шуни билиш керакки, уламоларимиз амални имон шартларига киритишмаган бўлсалар-да, имон тақозо қилган шариат ҳукмларига амал қилишни вожиб деб билганлар.
Имом Мотуридий қуйидаги асарларни ёзиб қолдирганлар: “Китоб ат-Тавҳид”, “Китоб ал-Мақомат”, “Каъбий залолатларининг бошланишини рад қилишга бағишланган китоб”, “Муътазила ғавғолари ва ундан қўрқмаслик ҳақидаги китоб баёни”, “Таъвилот ал-Қуръон” (10 том), “Шариат асослари”, “Китоб ал-жадал”, “Диалектика ҳақида китоб”. Булардан ташқари баъзи мутахассислар Имом Мотуридийнинг Ислом ҳуқуқшунослигининг асосларига бағишланган “Усул китоби” асарлари ҳам мавжуд бўлганини таъкидлайдилар.
Имом Мотуридий яшаган давр Сомонийлар ҳукмронлик қилган даврга тўғри келиб, Ислом оламида эътиқод масалаларида бир-бирига қарама-қарши бўлган хилма-хил ғоялар кенг тарқалган. Қадарийлар, шиалар, жаҳмийлар, муътазилийлар, рофизийлар каби ўнлаб оқимлар ўртасидаги тортишувлар баъзан қонли можаролар билан якунланган. Ана шундай мураккаб даврда Самарқандда Имом Мотуридий ва у зот каби улуғ уламолар ўзларининг илму-маърифатлари, чуқур ва теран тафаккурлари билан жаҳолатни енгишга ҳаракат қилдилар. Мусулмонларни тарқоқликка олиб келувчи ақидавий оқимларга қарши курашда Абу Мансур Мотуридий биринчилар сафида бўлди.
Имом Мотуридий соф ақидани исботлашда муътазилийлар каби фақат ақлга суяниш эмас, балки, биринчи навбатда, нақлдан фойдаланишни зарур деб билади. Ушбу олимнинг ақида борасида қўшган яна бир ҳиссаси шуки, жуда кўплаб фирқалар эътиқод борасида ўз фикрлари билан мусулмон аҳлини турли йўлларга бошлаган бир пайтда, ҳолга чек қўйиб, бу ўлкада ягона сунний ақида тизимини ўрнатадилар. У зот турли адашган фирқаларнинг Қуръони карим ва суннати набавийяга зид бўлган барча ботил ақидаларини далиллар асосида исботлаб берадилар. Натижада турли хилдаги майда оқимлар кўпайишининг олди олинди. Имом Мотуридий ўз услуби ва илмий асарлари билан Мовароуннаҳр илоҳиёт мактаби ривожига катта ҳисса қўшди. Шунингдек, ҳанафия мазҳабининг Ўрта Осиё халқлари урф-одатлари билан чамбарчас боғлиқ эканини ўз қарашлари орқали кўрсатиб бердилар.
Буюк имомнинг “Таъвилот аҳли сунна” ёки бошқа бир номи “Таъвилот ал-Қуръон” деб номланган асарларида аҳли сунна вал жамоа ақидасига зид бўлган оқимларга раддия билдиришда имом Абу Ҳанифанинг қарашларига суянган ҳолда иш кўради.
Ҳозирги кунга келиб сохта салафийлар томонидан мотуридия ақидавий йўналишини аҳли сунна вал жамоанинг муқобилига қўядилар ва кескин танқид остига оладилар. Ваҳоланки, Имом Абу Мансур Мотуридий ва Имом Абул Ҳасан Ашъарий аҳли суннатнинг ақоид боби имоми эканлари ҳақида кўп уламолар таъкидлашган. Жумладан, Имом Ибн Ҳажар Ҳайтамий шундай дейдилар:
“(Аҳли сунна сўзидаги) Суннатдан мақсад – аҳли сунна вал жамоа имомлари Абул Ҳасан Ашъарий ва Абу Мансур Мотуридий тутган йўлдир” (“Аз завожир ан иқтирофил кабоир” китоби).
Машҳур муҳаддис олим Муртазо Зубайдий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Агар ҳеч қандай қайдларсиз “Аҳли сунна вал жамоа” дейилса, Ашъарийлар ва Мотуридийлар тушунилади” (“Итҳафу саадатил муттақин шарҳу иҳёи улумид дин” китоби).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам турли фирқалар кўпайган пайтда мусулмонларнинг катта жамоасини лозим тутишни таъкидлаб, шундай дейдилар: “Агар ихтилофни кўрсангиз, катта қора (жамоа)ни лозим тутинг” (Имом Ибн Можа ривояти).
Демак, бугунги кунгача ва ҳозирда ҳам катта жамоат – Имом Мотуридий ва Имом Ашъарийларнинг ақидада тутган йўллари ҳамда фиқҳда тўрт мўътабар мазҳаб (Ҳанафий, Моликий, Шофеий ва Ҳанбалий)ларга мувофиқ келади. Мана шулар аҳли сунна вал жамоани ташкил этади. Аҳли сунна вал жамоа ичида булардан бошқа эътиқодий ва фиқҳий мазҳаблар мавжуд эмас.
Мотуридия таьлимотини ревожланиши ва кенг ёйилишига энг катта хисса қўшган шогирдларидан бири Абул Муьин Насафийдир. Абул Муьиннинг Насафий ўз даврида турли ёт ғоя эгаларига қарата қуйидагича мурожаат билан чиққан, “Кимки бизнинг Мовароуннаҳр диёримизга меҳмон бўлиб келса, бизнинг қалбимиз ҳам, бағримиз ҳам улар учун очиқдир. Лекин улар бизнинг ўлкага ўзларининг ғояларини олиб кирадиган бўлсалар, биз уларга муносиб жавоб берамиз, чунки бизнинг аждодларимиз азалдан ҳақ йўлда собит турганлар, бизга муборак ислом динини талқин қилишимизда бошқа ғояларнинг кераги йўқдир”. Абул Муьин Насафийнинг мазкур мурожаатномаси хозирги адашган тоифаларни кундан-кунга кўпайиб бораётган бир замонда ўз ахамиятини янада оширмоқда.
Янги Ўзбекистонда, Президентимиз бошчилиқларида мўмин-мусулмонларнинг эътиқоди софлигини таъминлаш мақсадида Имом Мотуридий мероси ва мотуридия ақидасини ўрганишга катта эътибор берилмоқда.
Президентимизнинг шахсий ташаббуслари билан 2020 йилда Халқаро Ислом академияси қошида Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот маркази ташкил этилди. ана шу мақсадда очилди. У ерда олимнинг ва унинг шогирларининг бир қатор китоблари таржима қилиниб, ўрганилиб халқимизга етказилмоқда.Шунингдек жорий йилнинг 29-30 апрел кунлари Самарқандда ўтказилган” Мотуридилик – бағрикенглик, муьтадилликва маьрифат таьлимоти” халқоро конференциясини ташкил қилиниши бу борадаги энг ахамиятли ишлардан хисобланади.
Қ.Машарипов
Урганч тумани “Имом Фахриддин ар-Розий”
ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
УЗ
РУ
EN
العربية