29.04.2026
Аллоҳ таоло осмонда дейиш жоизми?
Аллоҳ таоло осмонда дейиш жоизми?
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Аллоҳ таолони осмонда дейиш ёки бирор жойда ўрнашган деб эътиқод қилиш мутлақо жоиз эмас. Чунки осмонни ҳам, маконни ҳам У Зотнинг Ўзи яратган ва У ўзи яратган нарсаларга муҳтож эмас. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадисларининг бирида бундай деганлар:
كَانَ اللَّهُ ، وَلَمْ يَكُنْ شَيْءٌ قَبْلَهُ
"Аллоҳ таоло бор эди, ундан бошқа ҳеч нарса бўлмаганди” (Имом Бухорий ривояти).
Маконга жойлашиш яратилган нарсаларнинг сифати ҳисобланади. Яъни ҳар бир яралмиш борки, катта ёки кичик ўрин эгаллайди. Аллоҳ таоло эса бундан пок ва олийдир. Аллоҳ таоло Ўзини васф этиб, бундай
марҳамат қилади:
صلے لَيْسَ كَمِثْلِهِ شَيْءٌ وَهُوَ السَّمِيعُ
الْبَصِيرُ
«...У Зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир. У ўта эшитувчидир, кўриб турувчидир» (Шууро сураси, 11-оят).
Ушбу оят Аллоҳ таолонинг аъзо ва қисмлардан таркиб топган жисм эмаслигига ҳамда бирор макон ё тарафдан жой олишдан холи эканига ёрқин далилдир. Зеро, Аллоҳ таоло бирор тарафда бўлса, бошқа нарсаларга ўхшаш бўлиб қолади. Бу эса У Зотнинг берган хабарига зиддир.
Шунинг учун ҳам уламоларимиз: "Аллоҳнинг макони йўқ! Аллоҳ таоло бирор-бир томонда эмас!" деб уқтириб келганлар.
Жумладан, эътиқодимиз қоидаларининг асосчиси Имом Абу Мансур Мотуридий «Тавҳид» китобида: “Аллоҳни макон ила васфлаб бўлмайди. Зеро, ҳали ҳеч нарса яратилмасдан олдин ҳам Аллоҳ таоло бор бўлган”, деган.
Машҳур муҳаққиқ олим Имом Абу Жаъфар Таҳовий раҳимаҳуллоҳ аҳли сунна вал жамоа эътиқодига оид асарларида бундай деган:
وَتَعَالَى عَنِ الْحُدُودِ وَالْغَايَاتِ وَالْأَرْكَانِ وَالْأَعْضَاءِ وَالْأَدَوَاتِ ، لَا تَحْوِيهِ الْجِهَاتُ السِّتُّ كَسَابِرِ الْمُبْتَدَعَاتِ.
"У Зот (яъни Аллоҳ) чегаралар, ниҳоялар, бўлаклар, аъзолар ва воситалардан олийдир. У Зотни бошқа пайдо бўлган нарсаларга ўхшаб, олти тараф (ўнг, чап, олд, орт, уст, ост) ўрай олмайди” («Ақидатут Таҳовия»).
Имом Таҳовий раҳимаҳуллоҳ бошқа ўринда бундай дейди:
«وَمَنْ وَصَفَ اللَّهَ بِمَعْنَى مِنْ مَعَانِي الْبَشَرِ فَقَدْ كَفَرَ ، فَمَنْ أَبْصَرَ هَذَا اعْتَبَرَ وَعَنْ مِثْلِ قَوْلِ الْكُفَّارِ انْزَجَرَ ، وَعَلِمَ أَنَّهُ بِصِفَاتِهِ لَيْسَ كَالْبَشَرِ»
"Ким Аллоҳ таолони инсонларга хос бўлган бирон сифат билан васфласа, шаксиз кофир бўлади. Буни англаган инсон ибратланади ва кофирларнинг сўзига ўхшаш гап-сўзлардан тийилади ҳамда Унинг (Аллоҳнинг) сифатлари инсонларники каби эмаслигини билади" («Ақидатут Таҳовия»). Демак, ушбу далиллардан кейин хулоса қилиб айтадиган бўлсак, биз аҳли сунна вал жамоа Аллоҳ таоло ҳақида шундай эътиқод қиламиз: Аллоҳ таоло бирор тарафда ҳам, бирор маконда ҳам эмас.
Али розияллоҳу анҳудан Аллоҳ қаерда деб сўраган кишига Али розияллоҳу анҳу: مَنْ أَيَّنَ الأَيْنَ لا يُقَالُ لَهُ أَيْن«Қаердани қаерда қилган Аллоҳга қаерда дейилмайди», деб жавоб берганлар.
Яна Али розияллоҳу анҳу: «Аллоҳ бор эди, макон йўқ эди. Аллоҳ ҳозир ҳам аввалги бўлганига кўрадир. Агар бирор кишига Аллоҳ қаерда? деб айтилиб сўралса, савол берган кишига: Аллоҳ бор эди ва Аллоҳ маҳлуқотларини халқ қилишидан олдин макон ҳам, қаер ҳам, бирорта маҳлуқот ҳам йўқ эди. Аллоҳ ҳар бир нарсани Холиқидир, деб айтилади», дедилар.
Имом Шофеий: «Аллоҳ бор эди ва макон йўқ эди. Аллоҳ таоло маконни яратди, ҳолбуки Аллоҳ азалий сифатидадир — худди маконни яратишидан олдин азалий сифатда бўлгани каби. Аллоҳ таолога Зотида ўзгаришлик ва сифатларида алмашишлик жоиз бўлмайди», дедилар.
Сўфи Оллойор ҳазратлари айтадилар:
Эрур Ул барча оламнинг Худоси,
Анинг йўқ ибтидоси, интиҳоси.
Аллоҳ таолонинг аввалию охири йўқдир. У барча олам халқи-
нинг Тангриси ва ризқ бергувчисидир.
Эрур ҳозир ҳамиша, йўқ макони,
Анга қилғон эмас сабқат замони.
Яъни Аллоҳ таоло барча халққа ҳозирдир, уларнинг сўзлаганлари ва ичидагиларини билур. Лекин Унинг ҳозир бўлмоғи бизнингча замон ва ўрин ўлчови билан эмасдир. У бир вақтнинг ўзида ҳамма еру маконда ва ҳамма билан ҳозирдир.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак
Аллох таолога вақт ҳам, замон ҳам жорий бўлмайди. Агар кўнглимизга "Аллоҳ қаерда?" деган савол келадиган бўлса, иймон ва ихлос билан: "Бирор макон бўлмаган пайтда ҳам У Зот бўлган. Кейин маконларни пайдо қилган, замонларни жорий қилган. У Зот замонлару маконлар йўқ пайтда қандай бўлса, ҳозир ҳам ўшандайдир”, деймиз. Валлоҳу аълам.
Имом Фахриддин ар-Розий ўртамахсус ислом таълим муассасаси талабаси Жобборов Отабек