ҚУРЪОННИНГ ОДАМЛАРГА ТАЪСИР ҚИЛИШ ҚУВВАТИ
ҚУРЪОННИНГ ОДАМЛАРГА ТАЪСИР ҚИЛИШ ҚУВВАТИ
Расулуллоҳ ﷺ қироатларининг гўзаллиги ва жозибадорлиги шу даражага етган эдики, унинг таъсири нафақат дўстлар билан чекланиб қолмай, балки душманларни ҳам ўзига мафтун этди. Ҳатто айримлар тунлари то тонг отгунча Набий ﷺ нинг уйлари атрофига бориб, у зотнинг қироатларига сомеъ бўлиш учун уйқу ва роҳатдан воз кечардилар. Ибн Ҳишомнинг «Сийрат» китобида бу ҳолатни ифодаловчи қуйидаги воқеа келтирилган:
Ривоят қилинишича, Абу Суфён ибн Ҳарб, Абу Жаҳл ибн Ҳишом ва Бану Зуҳранинг иттифоқдоши Ахнас ибн Шариф ибн Амр ибн Ваҳб ас-Сақофийлар бир кеча Расулуллоҳ ﷺ ўз уйларида намоз ўқиётганларида у зотга қулоқ солиш учун чиқдилар. Улардан ҳар бири шеригининг қаердалигини билмаган ҳолда, алоҳида жой эгаллаб тинглай бошлади. Тонг отгунча тинглаб ўтирдилар. Тонг ёришгач, тарқалишди ва йўлда учрашиб қолишди.
Бир-бирларини маломат қилиб: «Бошқа қайтманглар! Агар аҳмоқларингиздан биронтаси сизни кўриб қолса, кўнглида шубҳа уйғотган бўласиз», дейишди ва тарқалишди.
Иккинчи кеча бўлганда, улардан ҳар бири яна ўз жойига қайтиб келиб, тун бўйи тинглаб чиқди. Учинчи кеча ҳам ҳар бири ўз жойини эгаллади ва то тонггача қулоқ солишди. Тонг отгач, яна йўлда тўқнаш келишди. Шунда улар: «То қайтмасликка аҳдлашмагунимизча бу ердан қимирламаймиз», дейишди ва шунга қасам ичиб, сўнг тарқалишди.
Тонг отгач, Ахнас асосини олиб, Абу Суфённинг уйига борди ва деди:
— Эй Абу Ҳанзала, Муҳаммаддан эшитганларинг ҳақида фикринг қандай?
Абу Суфён жавоб берди:
— Эй Абу Саълаба, Аллоҳга қасамки, мен шундай нарсаларни эшитдимки, уларни ва улардан нима ирода қилинганини англадим. Шунингдек, шундай нарсаларни ҳам эшитдимки, на маъносини ва на нима мақсадда айтилганини англай олдим.
Ахнас:
— Сен қасам ичган Зотга қасамки, менда ҳам аҳвол худди шундай, — деди.
Сўнг у (Ахнас) Абу Суфённинг ҳузуридан чиқиб, Абу Жаҳлнинг олдига борди ва уйига кириб:
— Эй Абул Ҳакам, Муҳаммаддан эшитганларинг ҳақида нима дейсан? — деб сўради.
Абу Жаҳл шундай жавоб берди:
— Нимани ҳам эшитардим? Биз ва Бану Абдуманноф шараф борасида ўзаро талашиб келдик: улар эл тўйдирса, биз ҳам тўйдирдик; улар юкни (масъулиятни) зиммаларига олса, биз ҳам олдик; улар берса, биз ҳам бердик. Ниҳоят, тиззама-тизза келиб, худди пойгадаги икки от каби тенг бўлиб турганимизда, улар: «Биздан бир пайғамбар чиқди, унга осмондан ваҳий келади», дейишди. Биз қачон бунга ўхшаш нарсага эриша олардик? Аллоҳга қасамки, биз унга ҳеч қачон иймон келтирмаймиз ва уни асло тасдиқламаймиз!
Ахнас унинг ҳузуридан туриб, уни тарк этди.
Бу воқеа Қуръони Каримнинг илоҳий калом эканини ва Расулуллоҳ ﷺ қироатларининг қалбларга беқиёс таъсир кучига эга бўлганини яққол намоён қилади. Чунки ҳақиқатни инкор қилишга қаттиқ бел боғлаган мушриклар ҳам уни яширинча эшитишдан ўзларини тўхтата олмадилар. Қалблар ҳақиқатни ҳис қилди, аммо нафс, кибр ва мансабпарастлик уларни иймондан тўсди. Абу Суфён ҳақиқат таъсирини тан олган бўлса, Абу Жаҳлнинг сўзлари унинг муаммоси ҳақиқатни англамаслик эмас, балки ҳасад ва қабилавий ғурур эканини очиб берди.
Бу ҳодиса бизга шуни ўргатадики, Қуръон — инсон қалбини ларзага солувчи илоҳий нурдир. Уни холис қалб билан тинглаган инсон ундан таъсирланмай қолмайди. Аммо ҳақиқатни қабул қилиш учун фақат ақлнинг ўзи етарли эмас; қалбда тавозе, ихлос ва ҳаққа бўйсуниш ҳам бўлиши лозим. Кибр ва ҳасад эса инсонни ҳақиқатни билиб туриб ҳам ундан маҳрум қилиб қўяди.
Имом фахриддин ар Розий ўрта махсус ислом таълим муассасаси талабаси Тоҳиржонов Муҳаммадризо
УЗ
РУ
EN
العربية