16.05.2026

Ризқингиздан хавотирдамисиз?

Ризқингиздан хавотирдамисиз?

Кўпинча инсонларни ризқи хавотирга солиб, ризқ топиш билан овора бўлиб, илм ва Қуръондан узоқлашаётганини кўрамиз. Аслида динни яхши билган, Қуръон ўқиган одам ризқидан ташвишланмайди. Аллоҳ таоло Қуръонда инсу жинни фақат Ўзига ибодат қилиш учун яратганини зикр қилиб, кетидан:

{ إِنَّ ٱللَّهَ هُوَ ٱلرَّزَّاقُ ذُو ٱلۡقُوَّةِ ٱلۡمَتِینُ }

«Албатта, Аллоҳнинг Ўзи ризқ берувчи, қувват эгаси ва матиндир», — дея марҳамат қилади.
[Зарият сураси, 58-оят]

Яна бир бошқа оятда Аллоҳ таоло айтади:

{ وَٱللَّهُ یَرۡزُقُ مَن یَشَاۤءُ بِغَیۡرِ حِسَابࣲ }

«Аллоҳ кимни хоҳласа, унга беҳисоб ризқ беради».
[Бақара сураси, 212-оят]

Бу оятлардан ҳам кўриниб турибдики, Аллоҳ бандаларнинг ризқини Ўз зиммасига олган. Инсон қанча уринмасин, Аллоҳ ёзганидан бир мисқол ҳам зиёдасини қўлга кирита олмайди. Шундай экан, инсон ризқидан ташвишланмасдан, энг аввало Аллоҳни рози қилишни ва Унга мукаммал ибодат қилишни олдимиздаги энг улуғвор мақсад қилишимиз даркор. Негаки инсон ризқни Аллоҳдан деб билиши ва У Зот истамаса инсон бир луқма ҳам ризқ топа олмаслигига иймон келтириши ҳам эътиқодий масалалардан ҳисобланади.

Шайх Шаъровий раҳимаҳуллоҳ айтадиларки, Аллоҳ бандасига ҳадиси қудсийда шу маънода дейди:

«Эй одам боласи! Ризқинг тор бўлишидан қўрқма. Ваҳоланки, Менинг хазинам тўладир ва у ҳеч қачон тугамайди.

Эй одам боласи! Сени Ўзимга ибодат қилишинг учун яратдим, бошқа нарсаларга чалғима. Ризқингни беришни зиммамга олдим. Унинг учун ўзингни ҳаддан зиёд чарчатма.

Азизлигим ва буюклигим билан қасамки, агар сенга тақсимлаб берган ризқимга рози бўлсанг, қалбинг ва аъзоларингга роҳат бераман ва ҳузуримда мақталганлардан бўласан.

Агар сенга тақсимлаб берган ризқимдан норози бўлсанг, дунёни устингга султон қилиб қўяман. Унда сен дунё ортидан худди ҳайвонлар югурганидек югуриб юрасан, лекин барибир сенга тақсим қилинган ризқдан бошқасига эриша олмайсан».

Демак, ҳақиқий бойлик Аллоҳ ризқ қилиб берган нарсага қаноат қилиб, унга рози бўлишда экан.


Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом билим юрти 124-Б гуруҳ талабаси Собиров Мирсалим