23.05.2026

ҲАР ҚАНДАЙ ДАРДДАН ШИФО ТОПИШ УЧУН УМУМИЙ СУРА ВА ОЯТЛАР

ҲАР ҚАНДАЙ ДАРДДАН ШИФО ТОПИШ УЧУН УМУМИЙ СУРА ВА ОЯТЛАР

(Фотиҳа) сураси
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади: «"Фотиҳа" сурасини (етти марта) ўқишда ҳар қандай дардга шифо бор. Агар касал кишига уни юз марта ўқилса ва ҳатто руҳ жасаддан чиққан бўлса ҳам, Аллоҳ унинг руҳини қайтаради».
Анъом сураси
Ҳазрат Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Анъом сурасини қайси бир беморга ўқиган бўлсам, албатта, Аллоҳ унга шифо берди» .
Имом Боқир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Агар ўзингиз учун хавфли деб билган бирор касаллик бошланса, "Анъом" сурасини ўқинг, зеро у сабабли сизга ўзингиз ёмон кўрган (оғир) нарса етмайди» .
Касалликлардан шифо излаш
Салама ибн Умар ал-Ҳамдоний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мадинга келиб, Абу Абдуллоҳнинг ҳузурларига бордим ва айтдим: "Эй Расулуллоҳнинг фарзанди, ҳажга оилам билан келган эдим. Сизнинг ҳузурингизга оиламдан яширган ҳолда, ўзимдаги оғир бир касалликдан (ёмон дарддан) паноҳ ва чора излаб келдим".
У зот айтдилар: "Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ёнларида, у кишининг ҳарамларида ва омонликларида бўлинг. Анъом сурасини асал билан (идишга) ёзиб, сўнг уни ичинг, зеро у сендаги дардни кетказади".
Анкабут сураси
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дедилар: «Ким уни ёзиб, (сувини) ичса, Аллоҳ таолонинг қудрати билан ундаги барча оғриқ ва касалликлар кетади».
Имом Содиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ким уни ёзиб ичса, ундан совуқ тана ҳарорати (безгак) ва оғриқлар кетади. Ўлим оғриғидан бошқа ҳеч қандай дарддан ғам чекмайди ва умрининг охиригача хурсандчилиги кўп бўлади. Унинг сувини ичиш қалбга шодлик бахш этади, кўксини очади. Унинг суви билан юз ювилса, юздаги қизариш ва иссиқликни кетказади. Кимки уни тўшагида ётганида бармоғини киндигига қўйиб, унинг атрофида айлантирган ҳолда ўқиса, Аллоҳнинг изни билан кечанинг аввалидан охиригача ухлайди ва фақат тонгда уйғонади».
Қадр сураси
Имом Боқир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Ҳамдонлик бир киши Амирул мўминийн Али (розияллоҳу анҳу)га бел оғриғидан ва тунда ухлай олмаётганидан шикоят қилди. Шунда у зот айтдилар: "Қўлингни оғриётган жойга қўй ва уч марта ушбу оятни ўқи: «Ҳеч бир жон Аллоҳнинг изнисиз ўлмас. Бу ёзилган муддатдир...» (Оли Имрон, 145). Сўнг етти марта «Инна анзалнаҳу фий лайлатил қодр» сурасини охиригача ўқи, шунда иншааллоҳ барча дардлардан қутуласан".
Имом Содиқ (розияллоҳу анҳу) шундай васият қилдилар: «Кимгаки бирор дард етса, янги кўза олиб, унга сув тўлдирсин. Сувни ўзи келтирсин ва унинг устига «Инна анзалнаҳу» сурасини тартил билан ўттиз марта ўқисин. Сўнг ўша сувдан ичсин, у билан таҳорат олсин ва (оғриган жойларига) суртсин. Сув камайса, устига қўшиб қўйсин. Бу уч кун давом этса, Аллоҳ унга шифо беради» .
Зухруф сураси
Имом Содиқ ( розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Ким уни ёзиб ва (сувини) ичса, у билан бирга бошқа дорига эҳтиёж сезмайди».
Шифо оятлари
Кимки бу оятларни ўқиса, ўзи билан олиб юрса ёки ёзиб сувини ичса, ҳар қандай дарддан омон бўлади:
Биринчи оят: «Ва мўмин қавмларнинг кўксига шифо берур» (Тавба, 14).
Иккинчи оят: «Ва кўкраклардаги нарсага шифо...» (Юнус, 57).
Учинчи оят: «Уларнинг қоринларидан турли рангдаги ичимлик чиқар, унда инсонлар учун шифо бордир» (Наҳл, 69).
Тўртинчи оят: «Касал бўлганимда Унинг Ўзи менга шифо берур» (Шуаро, 80).
Бешинчи оят: «Айт: «У иймон келтирганлар учун ҳидоят ва шифодир» (Фуссилат, 44).
Олтинчи оят: «Бу Раббингиздан енгиллик ва раҳматдир» (Бақара, 178). «Энди Аллоҳ сиздан (юкингизни) енгиллатди» (Анфол, 66).
Еттинчи оят: «Биз: «Эй олов, Иброҳимга салқин ва саломатлик бўл!» дедик. Унга макр қилмоқчи бўлдилар, Биз эса уларни кўпроқ зиён кўрувчилардан қилдик» (Анбиё, 69-70).
Саккизинчи оят: «Роббинг сояни қандай ёйиб қўйганини кўрмадингми? Агар хоҳласа, уни сокин (қўзғалмас) қилиб қўяр эди» (Фурқон, 45). «Кеча ва кундузда ором олган нарсалар Уникидир. У ўта эшитувчи, ўта билувчидир» (Анъом, 13).
Якуни: «Минг марта: Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳил алиййил азийм».
 

Имом фахриддин ар Розий ўрта махсус ислом таълим муассасаси талабаси Тоҳиржонов Муҳаммадризо