25.05.2026

Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг тортиғи

Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг тортиғи

Қуръони Карим бутун ер аҳли учун Аллоҳ таолонинг хайру баракаси, ер юзидагиларга берган инъомидир. Ким Қуръони Каримдан насибасини олса, албатта, бу инсон саодат аҳлидан бўлади.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Куръон ўқинглар! Зеро, Аллоҳ таоло Қуръонни англаб, Унга амал қилган қалбни азобламайди. Дарҳақиқат, бу Қуръон Аллоҳ таолонинг (ер аҳлига қилган) тортиги (зиёфати, неъмати)дир. Ким ундан ўз улушини олса, омонда бўлади. Ким Қуръонни яхши кўрса, хурсанд бўлаверсин» (Доримий роҳимаҳуллоҳ ривояти).

Мазкур ҳадисда Қуръони Карим зиёфатга қиёсланган. Тасаввур қилинг, энг бой одам зиёфат берди. Сиз талабасиз. Талабалар ҳар доим ҳам тансиқ таомларни тановул қилавермайди. Сизни ҳам ушбу зиёфатга чақиришди. Сизда дабдабали дастурхондаги ноз-неъматлардан баҳраманд бўлиш имкони пайдо бўлди. Талабалар бундай дастурхонга тортилган ноз-неъмат ва таомларни ҳатто кўрмаган бўлишлари ҳам мумкин. Сиз бундай имкониятни фурсат билиб, турли неъматлардан ейишга тушасиз. Гоҳ хилма-хил таомларга, гоҳ тоза меваларга, гоҳ ранг-баранг ичимликларга қараб, кўзингиз қувонади. Ҳар биридан тановул қиласиз. Ҳатто тўйсангиз ҳам, қулай фурсатни бой беришни истамасдан, яна тановул қиласиз. Бу талабаларда учрайдиган табиий ҳолат. Улар бор кучларини сарфлаб, бундай ноз-неъматлардан фойдаланишга ҳаракат қиладилар. Зиёфатдаги ҳар бир инсон кучи етганча таомлардан тановул қилади. Кимдир жуссаси ва тоқатига қараб кўпроқ еса, яна кимдир ўртача микдорда тановул қилади. Кимдир эса беморлиги, масалан, ошқозонидаги оғриқ сабабли жуда кам тановул қилади. Бундай катта зиёфатлардан кам баҳраманд бўлганлар, шубҳасиз, кейинчалик мазкур зиёфатларни эслаб: «Шундай катта зиёфатда истаганимдек таомлардан тановул кила олмадим. Энди бундай зиёфат қайта бўлмаса керак!» деб ҳасрат-надомат чекади.
Қуръони Карим ҳам Аллоҳ таолонинг дунё аҳли учун берган худди шундай тортиғи зиёфати. Лекин Қуръони Каримнинг афзаллиги шундаки, у ўз соҳибини нафақат дунёда, балки охиратда ҳам неъматларга кўмиб ташлайди. Зеро, Куръони Каримда дунё ва охират яхшилиги мужассам бўлган. Шунинг учун Қуръони Карим бойларнинг зиёфатидан ҳам буюк нарса! Қуръони Каримдан фойдаланишда ҳам худди зиёфатдаги ҳолат каби инсонлар ҳар хил бўладилар. Кимдир Куръони Каримни тўлиқ ёдлаб, Унга амал қилади ва ўз насибасини ортиғи билан олади. Кимдир бепарволик билан баъзи сураларни ёдлаб, амал қилишни ҳам ортга суради. Яна кимдир эса қалбидаги касаллиги сабабли Қуръони Каримдан бенасиб қолади. Биз Қуръони Карим зиёфатидан фойдаланишни саҳобалар, тобеъинлар, табаъа тобеъинлар ва қироат имомларидан ўрганишимиз керак. Бунинг учун аввал Қуръони Каримни тўғри ўқишни ўрганишимиз лозим. Қуръони Каримни тажвидга мувофиқ тарзда тўғри ўқисак, кейинги босқичлар, яъни Қуръони Каримни тушуниб, унга амал килишда кийналмаймиз. Зеро, саҳобалар ва тобеъинлар Куръони Каримни энг тўғри ўқийдиган ва Уни тўлиқ англаган инсонлар бўлганлар. Куръони Каримни ана шу улуғ зотлардек ўқиш ва англашни Аллоҳ таолодан сўрашимиз керак. Шундагина Қуръони Карим билан яшаймиз, Қуръони Каримга мувофиқ ҳаёт кечирамиз!

Ҳадисда айтилганидек, Қуръони Карим бамисоли зиёфат! Кимдир кучига, ёшига, кайфиятига ва соғлиғига караб, зиёфатдаги таомларга қўл чўзади. Ҳамма ҳам бир хил тановул қилмайди. Касаллиги ёки бепарволиги сабабли зиёфатдаги неъматлардан тўйиб тановул қила олмаганлар эртаси куни надомат қилади. Зиёфатни ҳар эслаганда, пушаймонлиги ортади.
Қуръони Каримни ҳам зиёфат дастурхони деб тушунсак, ундаги суралар ва оятлар дастурхондаги нознеъматлар кабидир гўё! Мўминлар бу зиёфатдан тақвоси, илми, ихлоси ва сабру тоқатига кўра ўз ҳиссаларини оладилар. Бундай буюк зиёфатдан баҳраманд бўлишни саҳобалар ва тобеъинлардан ўрганиш мақсадга мувофиқдир. «Улар Қуръони Каримни тушуниш учун нима килганлар?», «Қуръони Каримни тушунишда қайси илмларни ўрганганлар?», «Қуръони Каримни ҳаётга қандай татбиқ қилганлар?» каби саволларни ўзимизга беришимиз ва мазкур улуғ зотларнинг ибратли ҳаётларидан ушбу саволларга жавоб излашимиз керак.

Имом фахриддин ар Розий ўрта махсус ислом таълим муассасаси талабаси Тоҳиржонов Муҳаммадризо