26.05.2026

ҚУРЪОНИ КАРИМНИ ЎҚИЙДИГАН МЎМИН

ҚУРЪОНИ КАРИМНИ ЎҚИЙДИГАН МЎМИН

«Aбу Mусo Aшьaрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Mуҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):
“Қуръон ўқийдиган мўмин худди утружжа (апельсинга ўхшаш мева)га ўхшайди. Унинг ҳиди ёқимли, мазаси ширин. Қуръон ўқимайдиган мўмин эса хурмо кабидир. Унинг ҳиди йўқ, аммо мазаси ширин. Қуръон ўқийдиган мунофиқ райҳон кабидир, хушбўй, аммо мазаси аччиқ. Қуръон ўқимайдиган мунофиқ эса ҳанзала сингари, ҳидсиз ва таъми аччиқдир”, дедилар.
Муттафақун алайҳ.

Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларни Қуръони Каримга бўлган муносабатларига қараб тўрт тоифага ажратмоқдалар. Уларнинг бири — Қуръон ўқийдиган мўмин.
Қуръон ўқийдиган мўмин
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни утружжага ўхшатдилар. Утружжанинг ҳиди хушбўй ва таъми ҳам ширин. Қуръон ўқийдиган мўмин киши утружжа каби жамият учун ҳар жиҳатдан фойдали ҳисобланади. Зеро, утружжанинг ҳаммаси фойдали. Одамлар уни севиб истеъмол қиладилар. Пўстлоғидан дори олинади. Данаги эса худди мўминнинг қалбига ўхшаб оқ рангда бўлади. Утружжа ҳар жиҳатдан фойдали мева. Ҳатто роқий уламолар (шаръий зикрлар билан дам солувчи олимлар) ҳаётий тажрибаларига таяниб таъкидлашларича, утружжа бор уйга жин ва шайтон ҳам кирмас экан. Мўмин ҳам худди шундай. Қуръон ўқийдиган мўмин инсон нафақат мусулмонларга, балки бутун башариятга яхшилик улашади.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш зарурки, бу ҳадисда Қуръон ўқиб, унга амал қилган мўмин назарда тутилмоқда. Буни Қуръон шафоати ҳақидаги олдинги ҳадислар шарҳида ҳам айтиб ўтдик. Қуръони Каримга амал қилмаган мўмин мазкур ҳадисдаги мақталган сифатга сазовор бўлмайди. Демак, Қуръон ўқийдиган мўмин бутун жамиятга фойдалидир. Мўминнинг борлиги ҳам, жисми ва ҳайбати ҳам фойда.
Аллоҳ таоло бир неча оятларда бу каби мўминларни мадҳ этади. Жумладан, ушбу оятда шундай дейди:
«Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар. Яхшиликка буюрурлар, ёмонликдан қайтарарлар, намозни тўкис адо этурлар, закотни берурлар ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилурлар. Ана ўшаларга Аллоҳ тезда раҳм қилур. Албатта, Аллоҳ азиздир, ҳакимдир. Аллоҳ мўмин ва мўминаларга остларидан анҳорлар оқиб турган жаннатларни, уларда абадий қолишни ва барқарорлик жаннатидан покиза масканларни ваъда қилди. Аллоҳдан бўладиган розилик эса энг улуғидир. Ана ўша улкан ютуқдир» (Тавба сураси, 71–72-оятлар).

ҚУРЪОН ЎҚИШНИ БИЛМАЙДИГАН МЎМИН 
Иккинчи тоифа инсонлар Қуръон ўқимайдиган мўминлардир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай мўминларни хурмога ўхшатдилар. Маълумки, хурмонинг ҳиди йўқ, лекин таъми жуда ширин. Меваси фойдали, пўстлоғи ва баргларидан ип тайёрланади, данаги майдаланиб, ҳайвонларга ем қилинади. Хурмо хушбўй ҳид таратмаса-да, унинг фойдалари кўп. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръон ўқимайдиган мўминни хурмога ўхшатдилар.
Бошқа бир ҳадисда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мўминни хурмо дарахтига ўхшатганлар. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу бу ҳақда шундай ривоят қилади:
«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига шундай савол билан мурожаат қилдилар: “Бир дарахт бор. У доим яшнаб туриши билан мўминга ўхшайди. Бу қайси дарахт?” деб сўрадилар. Саҳобалар ҳар хил дарахтларнинг номини айтиб кўрдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу саволга ўзлари жавоб бериб: “Бу хурмо дарахти”, деб марҳамат қилдилар.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу мазкур мажлисдан чиққач, отаси Умар розияллоҳу анҳу билан бирга қайтаётган эди. Умар розияллоҳу анҳу икки-уч қадам олдинда кетар, ўғли Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу эса орқада борарди.

! Қуръони каримни ўқийдиган мунофиқ ва ўқимайдиган мунофиқ ҳақида, кейинги мақолада келтирамиз иншааллоҳ


Имом фахриддин ар Розий ўрта махсус ислом таълим муассасаси талабаси Тоҳиржонов Муҳаммадризо