ФАҚИРЛИКДАН БОЙЛИК САРИ
ФАҚИРЛИКДАН БОЙЛИК САРИ
Бунинг учун узоқ ўтмишга қайтмаймиз. Замонамизнинг улуғ олимларидан бири ҳақида сўзлаймиз. Устоз Шайх Омир Саййид ибн Усмон Мисрий роҳимаҳуллоҳга ҳам шундай улуғ шафоат берилган. Шайх Омир ибн Усмон роҳимаҳуллоҳ Саудия Арабистонида Қуръони Каримни чоп этадиган қўмита ҳайъатининг раҳбарларидандир. Устоз Шайх Аббос роҳимаҳуллоҳ ҳам у кишидан таълим олган. Ҳатто бугунги кунимизнинг Жазарийси бўлган Шайх Айман Рушдийнинг ҳам устози саналади.
Шайх Омир ибн Усмон роҳимаҳуллоҳ фақир бўлган, лекин илми денгиз эди. У зот Шайх Халил Хусорий, Шайх Абдулбосит Абдуссомад, Шайх Муҳаммад Сиддиқ Миншавий, Шайх Мустафо Исмоил роҳимаҳуллоҳлар қироатларининг тасмага ёзилишида бош-қош бўлган. Ҳатто ҳозирги Шайх Абдуллатиф Абдулҳаким ўтирган мансабда раҳбарлик қилган.
Шайх Омир ибн Усмон роҳимаҳуллоҳ Мисрдаги "Маъҳадул-қироат"да йиллаб дарс берган. Мисрнинг аш-Шарқия вилоятида Миня ал-Қомх деган жой бор. Шайх Омир ибн Усмон роҳимаҳуллоҳ ўша қишлоқдан чиққан фақир инсон бўлган. Шайхнинг шунчалик кўп шогирди бўлишига қарамай, фақирликда кун кечирган. Буни кўрган қариндошлари ва қўшнилари: «"Қуръони Карим дунё ва охиратда шафоат қилади, дунё ва охират бойлиги ва саодати Қуръони Каримда", деган ривоятлар ва асарлар бўлса, бу киши нега бундай фақир ҳолда яшайди?» деб таажжубланар эдилар.
Дарҳақиқат, баъзи асар (ҳикмат)ларда шундай дейилган: "Ким дунёни хоҳласа, Қуръонни маҳкам ушласин. Ким охиратни истаса, Қуръонни ўзига лозим тутсин. Ким дунё ва охиратни биргаликда хоҳласа, Қуръонни маҳкам ушласин".
Шайх Омир ибн Усмон роҳимаҳуллоҳ кунлик таоми билан кифояланар эди. Қироатларни тасмага ёзиш билан шуғулланадиган радиода расман раҳбар эди, аммо керакли ойлик маошини олиб, кун кечирарди. Бойликка ўч эмас эди. Эшигида эса юзлаб талабалар хизматда бўлар эди.
Одамлар орасида шу каби миш-мишлар тарқалиб турган вақтда Саудия Арабистони подшоҳлиги Япония ва Германия муҳандислари билан шартнома тузиб, ҳозирги Қуръони Карим нусхаларини нашр этишга мўлжалланган босмахона қуради. Қуръони Каримни бутун ер юзига тарқатиш учун Қуръонда олим бўлган дунёдаги энг машҳур инсонларни Саудияга таклиф қилади. Шубҳасиз, булар қаторида мисрлик Шайх Омир ибн Усмон роҳимаҳуллоҳ ҳам бор эди.
1983 йилда Шайх Омир ибн Усмон роҳимаҳуллоҳ Саудияга келиши билан саудияликлар «арзия» учун у кишига эллик минг риёл ҳадя қиладилар. «Арзия» келган меҳмонга бериладиган «қадам пойи» ҳисобланиб, саудияликлар ташриф буюрган меҳмонларни совғалар билан кутиб олган. У вақтда Саудия риёли АҚШ долларидан ҳам қадрли бўлган.
Турли давлатлардан келган олимлар иштирокида Қўмита тузилади. Мазкур қўмита Қуръони Каримни чоп этиш билан шуғулланади. Қўмитага асли қўқонлик бўлган Шайх Абдулфаттоҳ Қори раҳбар этиб тайинланади. Шайх Омир ибн Усмон роҳимаҳуллоҳ эса у кишига маслаҳатчи бўлади.
Шайх илк кундаёқ эллик минг риёлга эга бўлди. Кейинчалик у кишига катта миқдорда маош тайинланди. Ҳатто Шайх Омир ибн Усмон роҳимаҳуллоҳ набираларигача етадиган мерос қолдирди. Ҳозирга қадар чоп этилган ҳар бир мусҳафи шариф қийматининг тўрт фоизи Шайх Омир ибн Усмон роҳимаҳуллоҳ ва у кишининг меросхўрларига берилади. Бу Шайх Омир ибн Усмон роҳимаҳуллоҳ учун берилган моддий рағбат. Шу билан бирга, бутун дунёга тарқатилган Саудияда босилган мусҳафларни ким ўқиса, унинг савобидан Шайхга етиб туради.
Аллоҳ таоло Шайх Омир ибн Усмон роҳимаҳуллоҳга умрининг охирида бўлса ҳам, Қуръони Карим шафоатини кўрсатиб қўйди. Шайх Омир ибн Усмон роҳимаҳуллоҳ 1988 йилда томоғидаги касаллик сабабли бир неча ой сўздан қолди. Ажабланарлиси ва қорилар учун ибратли жойи шундаки, Шайх Омир ибн Усмон роҳимаҳуллоҳ вафотидан олдин уч кун давомида Қуръон тиловат қилган. У кишини назорат қилишган шифокорлар бунга гувоҳ бўлиб, ҳайратда қолдилар.Чунки Шайх Омир ибн Усмон роҳимаҳуллоҳ бир неча ойдан бери нутқ аъзоларидаги касаллик сабабли гапира олмаётган эди. У киши шу тарзда уч кун овоз чиқариб Қуръон қироат қилди ва учинчи куни Қуръони Каримни хатм қилгач, Мадинаи Мунавварада вафот этди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг живорларига — «Жаннатул Бақиъ» қабристонига дафн этилди.
Шайх Омир ибн Усмон роҳимаҳуллоҳнинг ушбу гўзал хотираси Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларини ёдга солади:
هَلْ جَزَاءُ الْإِحْسَانِ إِلَّا الْإِحْسَانُ * فَبِأَيِّ آلَاءِ رَبِّكُمَا تُكَذِّبَانِ
«Эҳсоннинг мукофоти фақат эҳсондир. Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!» (Раҳмон сураси, 60-61-оятлар).
Қуръони Карим шафоатини бизга замондош бўлган Шайх Омир ибн Усмон роҳимаҳуллоҳнинг ҳаёти мисолида кўриб чиқдик. Баъзилар: «Саҳоба ва тобеинлар улуғ зотлар бўлган. Шу боис уларга Қуръони Карим шафоати бу дунёдаёқ берилган. Биз эса оддий одаммиз, Қуръони Карим шафоати бизга насиб қилмаса керак», деган хаёлда умидсизликка берилиши мумкин. Шунинг учун ҳам бизга замондош бўлган Шайх Омир ибн Усмон роҳимаҳуллоҳнинг ҳаётини мисол қилиб келтирдим. Демак, бизга ҳам умид бор. Биз ҳам Қуръони Каримга амал қилсак, уни маҳкам ушлаб, унга қаттиқ муҳаббат қўйсак, улуғ неъматларга сазовор бўламиз. Ахир биз билан бир даврда яшаган Шайх Омир ибн Усмон роҳимаҳуллоҳ буни уддалади-ку! Демак, Қуръон тиловат қилиб, унга амал қилганлар учун Қуръони Карим шафоати эшиклари Қиёматга қадар очиқ! Фақат бунга муносиб бўлиш лозим. Зеро, Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:
الَّذِينَ آتَيْنَاهُمُ الْكِتَابَ يَتْلُونَهُ حَقَّ تِلَاوَتِهِ أُولَٰئِكَ يُؤْمِنُونَ بِهِ ۗ وَمَن يَكْفُرْ بِهِ فَأُولَٰئِكَ هُمُ الْخَاسِرُونَ
«Биз китоб берганлардан уни ўрнига қўйиб тиловат қиладиганлари, ана ўшалари унга иймон келтиради. Ким унга куфр келтирса, ана ўшалар ўзларигина ютқазганлардир» (Бақара сураси, 121-оят).
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барчаларимизга Қуръони Каримни ҳаққини бериб тиловат қилишни ва дунё ва охиратда Унинг шафоатига муяссар бўлишни насиб қилсин! Омин!
Имом фахриддин ар Розий ўрта махсус ислом таълим муассасаси талабаси Тоҳиржонов Муҳаммадризо
УЗ
РУ
EN
العربية