13.05.2026
ҚУРЪОНИ КАРИМНИНГ ҚИЁМАТДАГИ ШАФОАТИ
ҚУРЪОНИ КАРИМНИНГ ҚИЁМАТДАГИ ШАФОАТИ
Мазкур ҳадис қисқа бўлишига қарамай, Қуръон ўқиган ҳар қандай инсонга умид бағишлайди.Ҳозир биз ўрганаётган ҳадисда эса Қуръони Каримдан қанча миқдорда ёд олганидан қатъи назар, уни ўқий оладиган барча мўминларга башорат берилган.
Қиёмат кунини кўз олдимизга келтирайлик. Тепамизда Қуёш қиздириб турибди! Ҳамма фақат ўзини ўйлаяпти! У кунда на мол-дунё, на мансаб ва на қариндошлардан фойда бор! Ҳамма терга ботган! Бу манзара Қуръони Каримда шундай тасвирланган:
«У кунда на мол манфаат берар ва на болалар. Магар ким Аллоҳ ҳузурига тоза қалб ила келар, (ўша манфаат топар)» (Шуъаро сураси, 88-89-оятлар).
Мана шундай кунда Қуръони Карим ўз соҳибини шафоат қилади! Ҳимоя қилади! Бу ҳадис Қуръонни қўлига олиб, ўқий оладиган ҳар бир мўминга умид бағишлайди. Қуръонни ўқиб, унга амал қилган, ундаги шариат билан яшаган ва уни такрор-такрор ўқиганлар Қиёматда Қуръони Каримнинг ҳимояси остида бўлади. Аллоҳ таоло Қиёмат куни пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳларга шафоат қилиш ҳуқуқини беради. Аллоҳ таоло уларнинг ўтинчларини ерда қолдирмайди. Улар шафоатчи бўлиб, бизни ҳимоя қиладилар. Қуръони Карим ҳам худди шундай шафоат қилади.
Мазкур ҳадисда Қуръони Каримнинг шафоати ҳақида сўз бормоқда. Олдинги ҳадисларда кўпроқ Қуръони Каримни тўлиқ ёд олган қорилар ҳақида сўз юритдик. Аммо ораларимизда кексайиб қолган, шунингдек, тижорат ва деҳқончилик ишлари билан машғул бўлиб, Қуръони Каримга кўп вақт ажрата олмайдиганлар ҳам бор. Биз ўрганаётган ҳадис уларга ҳам умид беради. Қуръони Карим уларни ҳам шафоат қилади. Лекин бу шафоатга эришиш учун Қуръонни бир-икки мартагина ўқиб қўйиш кифоя қилмайди. Балки уни кўп-кўп ўқиш лозим, кечаю кундуз Қуръон билан ошно бўлиш ва Унга амал қилиш даркор. Қуръонга амал қилиш қанчалик зарурлигини олдинги ҳадисларнинг шарҳида батафсил айтдик. Оятлардаги кўрсатмаларга амал қилмаганга Қуръони Карим фойда келтирмайди! Фақат фойда келтирмаса майлику-я, лекин зарар келтириши ҳам ҳақиқат. Чунки Қуръони Карим бизнинг ё фойдамизга, ё зараримизга ҳужжатдир! Бу хусусда қуйидаги ҳадис ворид бўлган:
Абу Молик ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Поклик иймоннинг бир бўлагидир. «Алҳамдулиллаҳ» тарози (палласи)ни (улуғ савоблар билан) тўлдиради. «Субҳаналлоҳ» ва «алҳамдулиллаҳ» ҳам (ёки икки калйманинг савоби) осмонлар ва ер орасини тўлдиради. Намоз нур, садақа бурҳон (ҳужжат), сабр зиёдир. Қуръон эса сенинг...»фойдангга ё зарарингга ҳужжатдир. Барча инсон (ўз нафси учун) ҳаракат қилади. Баъзилари нафсини (Аллоҳ таоло учун) сотиб, уни (азобдан) озод этади. Айримлар эса (нафсини шайтонга сотиб), уни ҳалок қилади» (Имом Муслим роҳимаҳуллоҳ ривояти).
Қуръон ўқиб, ундан зарар кўрган инсоннинг ҳолига вой! Демак, Қуръони Карим шафоатига эришмоқчи бўлган инсон Қуръондаги шариат билан яшайди, ундаги одоб ва хулқлар билан зийнатланади. Кечаю кундуз Қуръон билан бирга бўлади. Ҳатто вафоти чоғида ҳам Қуръондан ажралмайди. Шунда Қуръон бундай инсонларни қабрда ёлғиз қолдирмайди. Шунинг учун ҳам Имом Шотибий роҳимаҳуллоҳ «Матн аш-Шотибийя» асарида қуйидаги байтларни ёзган:
«Қуръони Карим — суҳбати малол келмайдиган энг яхши ҳамроҳдир, Уни такрор-такрор ўқиганнинг гўзаллиги ва ажру савоби зиёда бўлур».
Инсон ҳатто ота-онаси ва фарзандларидан ҳам вақти келганда малолланиши мумкин. Аммо Қуръони Карим оятларидан асло малолланмайди, зерикмайди! Қуръони Карим қанча кўп ўқилса, шунча лаззатли бўлади, гўзаллигига гўзаллик қўшилаверади! Барчамиз билишимиз керакки, Қуръоннинг шафоатига эришиш учун Уни такрор-такрор ўқишимиз, маъноларини тадаббур қилиб, ундаги кўрсатмаларга амал қилишимиз лозим. Қуръоннинг шафоати Қиёматда ҳақдир! Зеро, Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг каломи. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Уни ўзлари тўқиб чиқармаганлар, нимани айтган бўлсалар, ваҳийдан гапирганлар.
«Ботаётган юлдуз билан қасам. Сизнинг биродарингиз адашгани ҳам йўқ, йўлдан озгани ҳам йўқ! У ҳаводан нутқ қилмас. У (Қуръон) ваҳийдан ўзга нарса эмас. Унга шиддатли қувват эгаси ўргатди» (Нажм сураси, 1-5-оятлар).
Имом фахриддин ар Розий ўрта махсус ислом таълим муассасаси 4-курс талабаси Тохиржонов Мухаммадризо