09.07.2026

Бухоро азизлари: Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний қуддиса сирруҳунинг ҳаёти

Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний (1103—1179) буюк мутасаввиф олим, нақшбандия тариқатининг ривожига муҳим ҳисса қўшган аллома, соҳиб каромат авлиё бўлиб, Хожаи Жаҳон (Жаҳон ҳожаси) номи билан бутун дунёга машҳур ва маълум. Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратлари Бухоро яқинидаги Ғиждувон қасабасида дунёга келган. Отаси Малатя (Туркиядаги бир вилоят) шаҳридан Ғиждувонга кўчиб келган Абдулжамил исмли бир зот эди. Имом Абдулжамил Имом Молик (713—795) авлодларидан ҳисобланади. Ғиждувоний ҳазратлари дастлаб мадрасада исломий илмларни ўрганди. Кейин тасаввуфга юзланди. Бухорода Юсуф Ҳамадоний ҳазратларининг суҳбатларига қатнади. Кейин Ғиждувонга қайтиб риёзат ва мужоҳада билан машғул бўлиб ҳаётини давом эттирди. Лекин ўзининг маънавий аҳволини имкон қадар ошкор қилмасликка ҳаракат қилар эди.

Ривоятларга кўра Абдулхолиқ Ғиждувоний беш ёшга кирганида илм ўрганиш учун Бухорога жўнатилган. Буюк олим Хожа Садриддин ҳазратларидан Қуръони карим ва тафсирини ўргана бошлади. Бир куни дарсда: “Роббингизга тазарруъ қилиб бўйин эгиб, ёлвориб ва яширинча зикр қилинг” (Аъроф сураси, 55-оят) ояти каримаси устида тўхталганда Абдулхолиқ устозига:

- Устоз, бу “яширинча”дан мақсад нима ўзи? Қалб билан қилинган зикрнинг асли нима? Агар зикр ва дуо овоз чиқариб қилинса орага риё кириши мумкин. Риё кирса, ҳаққоний равишда зикр қилина олмаслиги мумкин. Шояд қалбдан зикр қилсам “Шайтон инсоннинг томирларида оқади” ҳадиси шарифига кўра шайтон зикрни эшитади. Нима қилишимни билмай қолдим, бу мушкулимни ҳал қилишда ёрдамингизни илтимос қиламан!" деди.

Устози, ёш бўлишига қарамай бу боланинг бундай мураккаб савол берганига ҳайрон қолди ва шундай жавоб берди:

- Болам! Бу масала қалб илмларининг мавзусидир. Аллоҳ таоло насиб этса, сенга бу илмларни ўргатадиган бир устозга рўпара қилади. Қалб зикрини ундан ўрганасан ва мушкулинг ҳал бўлади.

Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратлари бу гапдан кейин мазкур муаммони ҳал қиладиган устозни интизорлик билан кута бошлади. Бир куни Хизр алайҳиссалом унинг ёнига келди. Унга Аллоҳ таолони махфий ва ошкора зикр қилиш йўлларини ўргатди ва маънавий фарзандликка қабул қилиб: “Қалбингдан ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ калимасини мана шундай зикр қиласан!” деб таърифлади. Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратлари ҳам таърифга кўра бу муборак калимаи тавҳидни овоз чиқармай, сассиз, қалбдан айта бошлади, буни ўзи учун дарс деб қабул қилди. Бу ҳол маънавий мақомларда юксалишга сабаб бўлди. 

Бошқа бир ривоятга кўра, Абдулхолиқ Ғиждувоний боғда ўтирганида Хизр алайҳиссалом келди ва ҳовузга шўнғиб, сув остида “Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадур расулуллоҳ” деб зикр қилишини айтди. Шу орқали унга зикри хафий (овозсиз зикр) усулини ўргатди. Шунингдек, зикрни муайян саноқларга кўра айтиш орқали - вуқуфи ададий қоидасини ўртага қўйди. Бир муддат Хизр алайҳиссаломнинг тарбияси остида етишган Ғиждувоний ҳазратлари, йигирма икки ёшга кирганда унинг тавсияси билан Юсуф Ҳамадоний ҳазратларига мурид бўлди. Шунинг учун Хизр алайҳиссалом, Ғиждувонийнинг зикр талқин қилган сабоқ пири, Ҳамадоний эса суҳбат пири сифатида қабул қилинган. 

Абдураҳмон Жомий шундай дейди: “Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратларининг ҳаракат тарзи, бутун тариқатларда мақбул кўрилган бир ўрнакдир. Зеро, сидқ, сафо, Қуръон ва суннатга боғлиқлик, бидъатлардан қочиш, ҳою-ҳавасга қаршиликда ғайрат этганлар, эришган ҳол ва мақомларини доимо бошқалардан яшириб келганлар”. 

Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратлари муридларидан бири маълум муддат унинг суҳбатларидан узоқлашиб қолган эди. Мурид ҳар кеча тушида бир гуруҳ инсонлар келиб унга: “Сен энди камолотга эришдинг, сени жаннатга олиб кетайлик!” деб уни туяга миндириб, зеб-зийнатли тож-тахтлар, қимматбаҳо ашёлар, турли туман таомлар ва оқар сувлари бўлган кўркам бир масканга олиб боришар, эрталаб эса ётоқдан зўрға турар эди. Бир куни Ғиждувоний ҳазратлари муридининг бу ҳолини фаросат нури билан ҳис қилди ва унинг ёнига бориб аҳволини сўради. Мурид ўз бошидан кечирганларини англатганида Ғиждувоний ҳазратлари унга: “Яна тушингда ўша ерга борсанг уч марта “Ла ҳавла вала қуввата илла биллаҳил ъалиййил ъазийм” деб айт ва кўзингни оч! деб тавсия қилдилар. Муриди ўша кеча тушида устозининг айтганларини бажарди. Кўзини очганда ўзини ўлик ҳайвонларнинг суяклари орасида, ахлатхонада кўрди ва бунинг шайтонй бир туш эканлигини англаб, шундан кейин бирор марта устозининг суҳбатини тарк этмади.

Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратлари ашуро куни талабаларига дарсда валийлик ҳолларидан сўз юритаётган эди. Мусулмон ва зоҳид либосидаги ёш йигит ичкарига кириб талабаларнинг орасига ўтирди. Бир муддат суҳбатни тинглагач:

— «Устоз! Расулуллоҳ (с.а.в.) “Мўъминнинг фаросатидан қўрқингиз. Чунки у Аллоҳнинг нури билан қарайди”, деганлар. Бу ҳадиси шарифнинг сирри нимада?» — деб сўради. Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратлари бу ёш йигитга ҳайбат билан назар қилиб:

— «Ундай бўлса белингдаги зуннорни кес ва иймон келтир!» — деди. Устозининг бу гаплари у ердагиларни ҳайратлантирди. Ёш йигит ташвишга тушиб:

— «Қасамки, менда ундай нарса йўқ», — деди. Шунда Ғиждувоний ҳазратлари талабаларидан бирига унинг хирқасини ечиши учун ишора қилди. Талаба у йигитнинг устидаги хирқасини ечганида белида тугун-тугун зуннор боғланганини кўрди.

Бу ҳодиса қаршисида у йигит жуда изза бўлди. Нима қилишини билмай қолди. Қалбида исломга нисбатан бир севги пайдо бўлди, калимаи шаҳодатни айтиб мусулмонлик билан шарафланди. Содиқ талабалардан бири бўлди. Буюк муршид шундан кейин атрофдагиларга қараб:

— «Эй дўстлар! Келинг биз ҳам аҳдимизга вафо қилайлик, зунноримизни кесайлик. Иймонга келайлик. Бу йигит моддий зуннорини кесди, биз ҳам қалбимиздаги маънавий зунноримизни кесайлик. У кибр ва ғурурдир. Бу йигит авф тилганлардан бўлди. Биз ҳам авфга эришайлик», — деди.

Талабалари тавбаларини қайта янгиладилар. Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратлари шогирди Авлиё Кабирга айтган баъзи насиҳатлари «Васоё» (васиятлар) номли форсча рисолада тўпланган. Улардан баъзилари қуйидагилардир: «Ўғлим, сенга васиятим шудирки, бутун ҳолларингда илм, адаб ва тақво устун бўлсин. Салафларнинг асарларини ўқи, изларидан юр! Аҳли суннат вал жамоат йўлидан айрилма! Фиқҳ ва ҳадис ўрган, жоҳил сўфийлардан узоқ тур! Намозингни жамоат билан ўқишга интил! Фақат имом ёки муаззин бўлма! Шуҳратдан узоқ тур, чунки шуҳрат офатдир. Ҳар қандай мақом ва амалга кўз тикма! Маҳкама ҳужжатларига исмингни ёздирма, жанжаллашиб ҳеч ким билан маҳкамалашиб юрма, ҳеч кимга кафил бўлма. Халқнинг васиятларига ҳам аралашма! Подшоҳ ва давлат аркони билан ўта яқин бўлма! Даргоҳ қурма (ўзингга хос такя очма) ва у ерда ўтирма! Навқирон болалар, номаҳрам аёллар, жоҳил инсонлар билан улфат бўлма! Гўзал оҳангларга (мусиқага) кўп боғланиб қолма, зеро унинг ҳаддан ортиғи қалбни ўлдиради. Гўзал оҳангларни ва хуш нағмаларни тамоман рад ва инкор қилма! Зеро, уларга боғланганлар кўпдир. Оз е, оз гапир, оз ухла ва оломондан арслондан қочгандек қоч! Доимо ёлғиз ва Ҳақ билан баробар бўл! Ҳалол луқма изла ва шубҳалардан қоч! Нафсингга тамоман ҳоким бўлмагунингча уйланма, чунки дунё сени ўзига маҳлиё қилиб қўймасин. Кўп кулишдан, қаҳ-қаҳа отишдан сақлан, чунки кўнглингни ўлдириб қўясан! Ҳаммага шафқат назари билан боқ ва ҳеч кимни ўзингни паст кўрма! Ташқи кўринишингни безаб, зоҳирингга кўп эътибор қилма, чунки ташқарини безаш ичкарининг хароб эканлигини кўрсатади. Халқ билан тортишма, ҳеч кимсадан бирор нарса истама ва ҳеч кимга бирор хизмат таклиф қилма! Шайхларга молинг, жонинг ва куч-қувватинг билан хизмат қил! Уларнинг ишларини рад этишга уринма! Чунки бу ҳол тузатиб бўлмайдиган зарарга йўл очади. Дунёга ва дунёпарастларга майл қилма! Кийиминг доимо содда, йўлдошинг дарвеш, сармоянг фиқҳ китоблари, уйинг масжид, дўстинг Аллоҳ таоло ҳазратлари бўлсин!»

Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратлари ҳижрий 616 (милодий 1219) санасида вафот қилган. Қабрлари бугун Ўзбекистоннинг Бухоро шаҳри яқинидаги Ғиждувон туманидадир. «Васоё» ва «Мақомати Юсуфи Ҳамадоний» номли иккита форсча асари бор. Бундан ташқари, «Аз гуфтори Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний» номли форсча асарида баъзи сўзлари нақл этилган. Ғиждувоний ҳазратларидан кейин у кишининг давом этган тасаввуф йўли «Хожагон тариқати» деб аталган. Ғиждувоний ҳазратларининг вафотларидан кейин унинг ўрнига мурид ва халифаси Хожа Ориф Ревгарий келгандир.

Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний тасаввуф оламида машҳур кўплаб шогирдлар тарбиялаб етиштирган. Унинг вафотидан кейин хожагон тариқати Хожа Ориф Ревгарий (Моҳитобон), Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Ромитаний, Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий, Хожа Саййид Мир Кулол Бухорий, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд каби ўз замонасининг донғдор шайхлари томонидан давом эттирилган ва кенг шуҳрат қозонган.

Абдулхолиқ Ғиждувоний ўз таълимотини ваъзлари орқали тарғиб қилиш билан кифояланмай, бир қатор рисолалар ҳам ёзган. «Одоби тариқат» («Тариқат одоби»), «Рисолаи соҳибия» («Дўстлик рисоласи»), «Аз гуфтори Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний» («Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг баъзи сўзлари»), «Рисолаи шайх уш-шуюх Ҳазрати Юсуф Ҳамадоний» («Шайхлар шайхи Ҳазрати Юсуф Ҳамадоний») асарлари шулар жумласидандир.

У гўзал сўфиёна рубоийлар ижодкори сифатида ҳам маълум ва машҳур. Лекин авлиё шоирнинг бадиий ижод намуналари бизгача деярли етиб келмаган. Биз турли манбалардан унинг 25 та рубоийсини топиб, ўзбек тилига таржима қилдик. Улар мусулмон Шарқида машҳур тариқат шайхининг шеърий салоҳияти ҳам юксаклиги, мана мен деган сўз санъаткорлари муқобилига қўядиган рубоийлар яратганлигини кўрсатади. 

Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг қаламига мансуб баъзи рубоийлари қуйида келтирилади:

Гар бир кишидан дилда шикоят бўлғай,
Дил оғриғи ундан бениҳоят бўлғай,
Ҳеч ўйлама интиқом олишни, чунки
Ёмонга ёмонлиги кифоят бўлғай.

***

Дунё ғамидан ҳар киши холи бўлғай,
Унга бу жаҳон зарра мисоли бўлғай.
Ҳақ берганини халққа ато айласа ким,
Олам элининг соҳибкамоли бўлғай.

***

Поклашга агар дилингни машғул бўласан,
Одобу муомалада мақбул бўласан.
Боқ яхши-ёмонга раҳмат кўзи билан,
Ҳақ наздида шояд энг суюк қул бўласан!

***

Инсонга гўзал хулқи эмиш ҳусну жамол,
Топгай у гўзал хулқи билан фазлу камол.
Ҳақ раҳматига агар етишмоқ тиласанг,
Шарти шуки: хулқингни мукаммал қила қол!

***

Ҳақ толиби, Ҳақ томонга юзлан мудом,
Илм изла сафо йўлида, излан мудом.
Бўлмоқ тиласанг агар маърифат соҳиби,
Ҳақ тақдирига кўну азизлан мудом.

2003 йил 27 ноябрда Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний таваллудининг 900 йиллиги кенг нишонланди. Улуғ зот қабри атрофи ободонлаштирилди, мақбара ва янги масжид бунёд этилди.