23.09.2021

БЕМОРЛАРНИ ЗИЁРАТ ҚИЛИНГ

Аллоҳ таоло инсониятни беҳисоб неъматлар билан сийлаган. Улар орасида инсон учун энг бебаҳоларидан иккитаси – сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир. Дарҳақиқат, бу икки неъматдан баҳраманд бўлиб турганимиз учун меҳрибон Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар айтамиз!

Аллоҳ таоло Ўз хоҳиш-иродаси билан баъзи бандасига дард бериб, у сабабли бандаларининг хато-камчиликларини ўчириб, гуноҳларини ювади. Халқимизда “Иссиқ жон, иситмасиз бўлмас” деган нақл бор. Албатта, бу нақл бежиз айтилмаган. Зеро, хасталик гўдакни ҳам, ёшни ҳам, кексани ҳам четлаб ўтмайди. Жумладан, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:

وَلَنَبْلُوَنَّكُمْ بِشَيْءٍ مِنَ الْخَوْفِ وَالْجُوعِ وَنَقْصٍ مِنَ الْأَمْوَالِ وَالْأَنْفُسِ وَالثَّمَرَاتِ وَبَشِّرِ الصَّابِرِينَ الَّذِينَ إِذَا أَصَابَتْهُمْ مُصِيبَةٌ قَالُوا إِنَّا لِلَّهِ وَإِنَّا إِلَيْهِ رَاجِعُونَ     أُولَئِكَ عَلَيْهِمْ صَلَوَاتٌ مِنْ رَبِّهِمْ وَرَحْمَةٌ وَأُولَئِكَ هُمُ الْمُهْتَدُونَ  (سورة البقرة/الآيات 157-155)

яъни: “Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй Муҳаммад)!” Уларга мусибат етганда: “Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз”, – дейдилар. Айнан ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот (мағфират) ва раҳмат бордир ва айнан улар, ҳидоят топувчилардир (Бақара сураси, 155-157 -оятлар).

Бемор кишининг ҳолидан хабар олиб, кўнгил сўраш – мусулмонларнинг вазифаси бўлади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

حَقُّ المُسْلِمِ عَلَى المُسْلِمِ خَمْسٌ: رَدُّ السَّلاَمِ وَعِيَادَةُ المَرِيضِ وَاتِّبَاعُ الجَنَائِزِ وَإِجَابَةُ الدَّعْوَةِ وَتَشْمِيتُ العَاطِسِ رَوَاهُ "ِ(رواه الامام الْبُخَارِيُّ وَالامام مُسْلِمٌ عن أبي هريرة).

яъни: “Мусулмоннинг мусулмон устидаги ҳаққи бешта: саломга алик олиш, беморни кўргани бориш, жанозада қатнашиш, чақирилган жойга бориш, аксирган кишига (“Ярҳамукаллоҳу...”, деб) жавоб айтиш” (Имом Бухорий, ва Имом Муслим ривояти). 

Ушбу ҳадиси шарифдан ҳам кўриниб турибдики, биз мўмин-мусулмонларнинг бир-биримиздаги ҳақ-ҳуқуқларимиздан бири  касал бўлган яқинларимиз ёки қавму қариндошларимиздан бемор бўлиб қолганларини дарҳол кўргани боришлик экан. 

Беморни зиёрат қилиш фазилати ҳақида ҳазрати Али разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: 

"مَا مِنْ مُسْلِمٍ يَعُودُ مُسْلِمًا غُدْوَةً إِلا صَلَّى عَلَيْهِ سَبْعُونَ أَلْفَ مَلَكٍ حَتَّى يُمْسِيَ، وَإِنْ عَادَهُ عَشِيَّةً إِلا صَلَّى عَلَيْهِ سَبْعُونَ أَلْفَ مَلَكٍ حَتَّى يُصْبِحَ، وَكَانَ لَهُ خَرِيفٌ فِي الْجَنَّةِ" 

                               (رواه الامام الترمذي عن علي كَرَّمَ اللَّهُ وَجهَهُ).           

яъни: “Бир мусулмон бошқа бир бетоб мусулмонни эрталаб бориб кўрса, албатта, унга кечқурунгача етмиш минг фаришта салавот айтади. Агар кечқурун касални кўрса, унга етмиш минг фаришта эрталабгача салавот айтади. Яна унга жаннатда бир боғ яратилади” (Имом Термизий ривояти). Ушбу ҳадиси шарифдан маълум бўладики, агар бемор учун ноқулай бўлмаса, кечқурунлари ҳам уларни кўриш учун бориш мумкиндир. 

Беморларни зиёрат қилиш биринчи навбатда яқин қариндошлардан бошланади. Бу ўз навбатида динимизда буюрилган қариндошлар орасидаги силаи раҳмнинг мустаҳкамлигини таъминлайди.

Беморларни зиёрат қилиш фазилати ва уларнинг қалбига хурсандчилик киргизувчи ҳадислардан бири – қуйидаги ҳадиси қудсий бўлиб, унда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам орқали Аллоҳ таоло бундай дейди:

"إِنَّ اللَّهَ عَزَّ وَجَلَّ يَقُولُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ: "يَا بْنَ آدَمَ مَرِضْتُ فَلَمْ تَعُدْنِي؟" قَالَ: يَا رَبِّ كَيْفَ أَعُودُكَ وَأَنْتَ رَبُّ الْعَالَمِينَ؟قَالَ: "أَمَا عَلِمْتَ أَنَّ عَبْدِي فُلانًا مَرِضَ فَلَمْ تَعُدْهُ؟ أَمَا عَلِمْتَ أَنَّكَ لَوْ عُدْتَهُ لَوَجَدْتَنِي عِنْدَهُ؟" (رواه الامام مسلم عن أبي هريرة رضي الله عنه).      

яъни: “Аллоҳ таоло қиёмат куни бундай дейди: “Эй одам фарзанди, (нега) мен касал бўлганимда мени кўргани қилмадинг? Банда эса: “Эй Раббим, ахир Сен оламлар Парвардигорисан, қандай сени кўргани бораман?” Шунда Аллоҳ таоло айтади: “Сен фалончи бандамнинг касал эканини билиб туриб, нима учун уни кўргани бормадинг? Билмайсанми, агар ўша касални зиёрат қилиш учун олдига борганингда, унинг ҳузурида мени топардинг?” (Имом Муслим ривояти).

Афсуски, ҳозирги кунда шу нарсаларни гувоҳи бўламизки, баъзи кишилар кексайиб қолган ота-оналари ва яқин қариндошлари, маҳалладошлари, касбдошлари, дўстларини бориб кўриш учун вақт йўқлигини сабаб қилиб, зиёрат қилишга, дуоларини олишга бормайдилар. Бу билан кўп савоблардан бенасиб қоладилар. Зеро, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга касал бўлган биродарларимизни зиёрат қилиб, уларнинг дуоларини олишга ундаб шундай деганлар: 

"عُودُوا الْمَرْضَى، وَمُرُوهُمْ فَلْيَدْعُوا لَكُمْ، فَإِنَّ دَعْوَةَ الْمَرِيضِ مُسْتَجَابَةٌ، وَذَنْبَهُ مَغْفُورٌ"

 (رواه الامام الطبراني والامام البيهقي عن أنس رضي الله عنه).

яъни: “Беморларни зиёрат қилинглар ва улардан ҳаққингизга дуо қилишларини сўранглар. Чунки касалнинг дуоси фаришталарни дуоси каби мустажобдир ва унинг гуноҳлари кечирилгандир” (Имом Табароний ва Имом Байҳақий ривоят қилган).

Динимизнинг гўзал ҳикматлари ва Аллоҳ таолонинг биз бандаларига меҳрибончилигини қарангки, биз агар бир бемор биродаримизни кўриш учун борсак, гўёки унинг оғирини енгил ва дардига шифо тилаб қайтамиз ва асосий мақсад шу билан ҳосил бўлади, деб тушуниб қолганмиз. Ваҳоланки, Раҳимли Парвардигоримиз шу савобли ишда ҳам биз бандаларига кўпроқ ажр-савоб топиш ва дуоси мустажоб бўладиган инсонларнинг дуосидан баҳраманд бўлиш бахтига муяссар қилди.

Улуғ савобларда доим пешқадам бўлган Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳунинг фазилатларига далолат қилувчи қуйидаги ҳадисда ҳам беморни зиёрат қилиш фазилати ҳақида бундай дейилган:

قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: "مَنْ أَصْبَحَ مِنْكُمْ الْيَوْمَ صَائِمًا؟" قَالَ أَبُو بَكْرٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ:"أَنَا"، قَالَ: "فَمَنْ تَبِعَ مِنْكُمْ الْيَوْمَ جَنَازَةً؟" قَالَ أَبُو بَكْرٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ: "أَنَا"، قَالَ: "فَمَنْ أَطْعَمَ مِنْكُمْ الْيَوْمَ مِسْكِينًا؟" قَالَ أَبُو بَكْرٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ: "أَنَا"، قَالَ: "فَمَنْ عَادَ مِنْكُمْ الْيَوْمَ مَرِيضًا؟" قَالَ أَبُو بَكْرٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ: "أَنَا"، فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: "مَا اجْتَمَعْنَ فِي امْرِئٍ إِلاَّ دَخَلَ الْجَنَّةَ" 

(رواه الامام مسلم عن أبي هريرة رضي الله عنه).

яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан ким бугун рўза тутти?” десалар,Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу: “Мен”, деди.Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан ким бугун бирор жанозада иштирок этди?” десалар, Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу: “Мен”, деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан ким бугун бирор мискинга таом берди?” десалар,Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу: “Мен”, дедиРасулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан ким бугун бирор беморни кўргани борди?” десалар,Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу: “Мен”, деди.Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимда шу барча хислатлар (бир кунда) жам бўлса, у жаннатга киради”, – дедилар” (Имом Муслим ривояти).

         Шуни эслатиб ўтиш лозимки Корона ва қизамиқга ўхшаш касалликларда бундай одамларни зиёрат қилишда докторлар тавсиясига қулоқ солиш муҳим ҳисобланади.  Аллоҳ таоло манашу суннатни тирилтириб жаннатдаги улуғ мақомларда бўлишни барчамизга насиб қилсин.

Имом Фахриддин ар-Розий ислом 

билим юрти мударриси

М.Юнусхўжаев

 

 

Izoh qoldirish

Izohlar