02.10.2021

КУНДАЛИК СУННАТЛАР

 

Муқаддас Ислом дини бир жамиятда яшаётган инсонларни ўзаро тинч-тотув яшашларига буюрар экан, уларни ўртасида меҳр-оқибат, бир-бирларига нисбатан ҳурмат бўлишлигини талаб этади. Айни пайтда ана шу меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат ришталарини пайдо қиладиган, уларни янада мустаҳкам бўлишига сабаб бўладиган омилларни ҳам таълим беради. Буларни бир сўз билан ижтимоий одоблар, деб номланади. Биз қуйида ана шундай ижтимоий одобларнинг энг муҳимларидан баъзи бирларига тўхталиб ўтмоқчимиз.

  • Биринчиси, ўзаро саломлашувни одатга айлантириш. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

وَالَّذِي نَفْسِيْ بِيَدِهِ، لاَ تَدْخُلُونَ الْجَنَّةَ حَتَّى تُؤْمِنُوا، وَلاَ تُؤْمِنُوا حَتَّى تَحَابُّوا، أَوَلاَ أَدُلُّكُمْ عَلَى شَيْءٍ إِذَا فَعَلْتُمُوهْ تَحَابَبْتُمْ؟ أَفْشُوا السَّلاَمَ بَيْنَكُمْ )رواه الامام مسلم(.

яъни: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, то мўмин бўлмагунингизча, жаннатга кирмайсиз, то бир-бирингизга меҳр-муҳаббатли бўлмагунингизча, мўмин бўлмайсиз. Мен сизларга бир нарсани ўргатайми, гар уни қилсангиз, бир-бирингизга меҳр-муҳаббатли бўласиз?! Ўзаро саломлашиб юришни кенг жорий қилинг!” (Имом Муслим ривояти).

  • Иккинчиси, бир неча киши ўзаро суҳбатлашиб турганда, уларни орасидан икки киши ажралиб чиқиб сирлашмаслик. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

إِذَا كُنْتُمْ ثَلاَثَةً فَلاَ يَتَنَاجَى اِثْنَانِ دُوْنَ الثَّالِثِ مِنْ أَجْلِ أَنَّ ذَلِكَ يُحْزِنُهُ ( رواه الشيخان).

яъни: “Қачон уч киши бўлсангиз, учинчини қўйиб, иккингиз сирлашмангиз. Чунки бу ишингиз уни хафа қилади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган).

  • Учинчиси, ўзгаларга нисбатан тавозе ва ҳалим бўлиш. Зеро, Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломнинг инсонлар орасида меҳр-муҳаббат қозонишларига сабаб бўлган энг гўзал фазилатлари айнан тавозе ва ҳалим бўлганликларида эканини баён қилиб, Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:
  • فَبِمَا رَحْمَةٍ مِنَ اللَّهِ لِنْتَ لَهُمْ وَلَوْ كُنْتَ فَظًّا غَلِيظَ الْقَلْبِ لَانْفَضُّوا مِنْ حَوْلِكَ

яъни: “Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй, Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар” (Оли Имрон сураси, 159-оят). Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

إِنَّ اللَّهَ أَوْحَى إِلَيَّ: أَنْ تَوَاضَعُوا حَتَّى لَا يَفْخَرَ أَحَدٌ عَلَى أَحَدٍ ، وَلَا يَبْغِيَ أَحَدٌ عَلَى أَحَدٍ (رواه الامام مسلم).

яъни: “Аллоҳ таоло менга: бир-бирингизга тавозе бўлинг, токи бирор кимса бирор кимсага мақтанчоқлик қилмасин, бирор кимса бирор кимсага тажовуз қилмасин, дея ваҳий қилди” (Имом Муслим ривояти).

  • Тўртинчиси, ўзгалар билан муомалада ростгўй ва самимий насиҳатгўй бўлиш. Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида марҳамат қилади:
  • يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَكُونُوا مَعَ الصَّادِقِينَ 

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва (имонда) содиқ кишилар билан бирга бўлингиз!” (Тавба сураси, 119-оят).  Қуйидаги ҳадисда барчага бирдек самимий насиҳатгўй бўлиш – диннинг асоси эканлигини  Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам баён қилганлар:

الدِّينُ النَّصِيحَةُ، قُلْنَا: لِمَنْ؟ قَالَ: لِلَّهِ، وَلِكِتَابِهِ، وَلِرَسُولِهِ، وَلِأَئِمَّةِ الْمُسْلِمِينَ، وَعَامَّتِهِمْ" (رواه الامام مسلم).

яъни: “Дин насиҳатдир” – дедилар. Биз: Кимга? – деб сўрадик. У зот: “Аллоҳга, Китобига, Расулига, мусулмонларнинг раҳбарларига ва мусулмон оммасига”, – деб жавоб бердилар (Имом Муслим ривояти). 

  • Бешинчиси, яхшилик ва тақво ишларида ўзаро ҳамкорлик қилиш. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шунга буюради:
  • وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَى 

яъни: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз” (Моида сураси, 2-оят). Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларининг бирида айтадилар:

"انْصُرْ أَخَاكَ ظَالِمًا أَوْ مَظْلُومًا"، قِيلَ: يَا رَسُولَ اللَّهِ نُصْرَتُهُ مَظْلُومًا، فَكَيْفَ أَنْصُرُهُ ظَالِمًا؟، قَالَ: " تَمْنَعُهُ مِنَ الظُّلْمِ، فَذَلِكَ نُصْرَتُكَ إِيَّاهُ" (رواه الامام البخاري).

яъни: “Биродарингизга золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам, ёрдам беринг”, дедилар. Саҳобалар: Мазлумга қандай ёрдам бериш кераклигини биламиз. Аммо, золимга қандай ёрдам берамиз, дейишди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Зулм қилишдан тўсасиз ва ана шу унга берган ёрдамингиз бўлади”, – дедилар (Имом Бухорий ривояти).

  • Олтинчиси, ўзгаларга нисбатан ишончли ва омонатдор бўлиш. Зеро, омонатдорлик мўмин кишига хос бўлган ахлоқлардандир. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

"الْمُسْلِمُ مَنْ سَلِمَ الْمُسْلِمُونَ مِنْ لِسَانِهِ وَيَدِهِ، وَالْمُؤْمِنُ مَنْ أَمِنَهُ النَّاسُ عَلَى دِمَائِهِمْ وَأَمْوَالِهِمْ" (رواه الامام الترمذي).

яъни: “Ҳақиқий мусулмон киши  унинг тилидан ва қўлидан бошқа мусулмонлар саломат бўлган киши. Ҳақиқий мўмин эса  одамлар унга қонлари ва молларини ишонган кишидир” (Имом Термизий ривояти).

  • Еттинчиси, аҳдга вафо қилиш. Аллоҳ таоло Қуръони каримда аҳдга вафо қилишга, ўзаро битим ва шартномаларни бажаришга буюрган. Жумладан, Моида сурасининг 1-оятини шундай бошлайди:
  • يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا أَوْفُوا بِالْعُقُودِ 

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Битимлар (аҳдлар)га вафо қилингиз!”. Бошқа бир оятда, 

  • وَأَوْفُوا بِالْعَهْدِ إِنَّ الْعَهْدَ كَانَ مَسْئُولًا 

яъни: “Аҳдга вафо қилингиз! Зеро, аҳд-паймон (қиёмат куни) сўраладиган ишдир”, деб марҳамат қилган (Исро сураси, 34-оят).

         Юқорида санаб ўтилганлар энг зарур кундалик одоблардан баъзилари бўлиб, буларга риоя қилиш жамиятда тинчлик ва барқарорликни вужудга келишига сабаб бўлса, буларнинг зидди бўлмиш такаббурлик, ёлғончилик, гуноҳ ва маъсият ишларда ҳамкорлик қилиш (коррупция), омонатга хиёнат қилиш, ваъдага вафо қилмаслик каби салбий иллатлар ҳам борки, улар жамиятда парокандалик ва турли хилдаги жиноятларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади. Шунинг учун динимизда амри маъруф ва наҳйи мункар фарз қилинганки, жамиятдаги кишиларнинг бир-бирларини доимо яхшиликка буюриб, ёмонликлардан қайтариб туришлари жамиятнинг гуллаб яшнаши, турмушда файз ва бараканинг зиёда бўлишига асосий омил бўлади.

Қадамов.С
Имом Фахриддин ар-Розий ислом билим юрти мударриси

 

Izoh qoldirish

Izohlar