ИНСОН ҚАДРЛАНГАН ЮРТГА АЛЛОҲНИНГ РАҲМАТИ ЁҒИЛАДИ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Яхшиликлар, хайрли ишлар бардавом бўлиб, инсон қадри улуғланган юрт доимо тараққий этади. Халқи ҳамжиҳатликда, меҳр-мурувватда умргузаронлик қилади. Шу боис, мамлакатимиздаги бош ислоҳотларда инсон шаъни, унинг қадр-қимматига катта эътибор берилмоқда.
Давлатимиз раҳбари раислигида шу йил 26-январ куни Ўзбекистоннинг 2022-2026-йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини белгилаш ҳамда уни жорий йилда амалга ошириш масалалари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида юртимизда инсон қадри улуғланишига доир вазифалар белгиланди. Боиси, инсон қадрини улуғлаш энг олий фазилат бўлиб, юртимиздаги ислоҳотларнинг мантиқий давомидир.
Давлатимиз раҳбари “Инсон қадри биз учун қандайдир мавҳум, баландпарвоз тушунча эмас. Инсон қадри деганда, биз, аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни назарда тутамиз. Инсон қадри деганда, биз ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этишни, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит яратиб беришни тушунамиз”, дея таъкидлади.
Тараққиётимизнинг янги даврида аҳолимиз, айниқса, ёшларимиз онг-у шуурида инсон қадрига бўлган эътиборнинг амалий ифодаси шаклланмоқда, ушбу фазилатлар халқимиз турмуш тарзида тобора мустаҳкам қарор топиб бормоқда.
Ҳақиқат қиёсда билинади. Ўтган йилда 25 та янги масжид очилгани жуда катта тарихий натижа, 96 та жоме масжиди янгидан қурилгани эса мўмин-мусулмонлар учун қувончли воқеа бўлди. Олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига қабул квоталари ўтган йилларга нисбатан оширилди. Ўқиш сифатини тубдан яхшилаш бўйича фан дастурлари ишлаб чиқилди. Икки нафар уламо фалсафа фанлари доктори (ПҳД) илмий унвонини олгани, яна кўплаб диний соҳа ходимлари илмий-тадқиқот ишларини олиб бораётгани соҳада эришилаётган ютуқларнинг тотли меваларидир.
Ўлкамизда ташкил этилган “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курслари сони 21 тага етгани Аллоҳнинг каломига муҳаббатли халқимизни чексиз мамнун этмоқда. Шу кунга қадар 25 минг кишига қироат бўйича бошланғич илм берилгани ва айни кунларда ушбу ўқув курсларида 2,5 минг киши таҳсил олаётгани хайрли ислоҳотларнинг амалдаги ифодасидир.
Аҳолининг диний саводхонлиги ва маърифатини ошириш мақсадида “Ҳидоят сари” кўрсатуви негизида “Муфтий минбари” рукни, “Маданият ва маърифат” телеканалида “Маърифий суҳбатлар” ва “Зикр аҳлидан сўранг” номли янги телекўрсатувлар эфирга узатилаётгани бу борадаги хайрли ишларнинг янги босқичга чиққанидан дарак бериб турибди. Бу улуғвор ишлардан кўзланган асосий мақсад инсон қадр-қимматини улуғлашга қаратилгани билан янада аҳамиятли бўлди. Кўзимиз билан кўриб, баҳра олиб турган бундай эзгу амаллар жорий йилда ҳам давом этади, иншааллоҳ.
Давлатимиз раҳбари Тараққиёт стратегияси 7 та устувор йўналишининг ҳар бирига алоҳида тўхталиб, энг муҳим жиҳатларини айтиб ўтди. Жорий йилда инсонни эъзозлаш, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, одамларни рози қилиш борасидаги ислоҳотлар кўлами янада кенг қулоч ёзишига ишонч ҳосил қилдик. Ушбу дастурий ҳужжатда яқин ва ўрта истиқболда мамлакатимизнинг ривожланиш босқичлари қандай бўлиши, бу борадаги устувор вазифалар белгиланган. “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари”, деган тамойил асосида ислоҳотларнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Жорий йилги “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” бўйича давлат дастури лойиҳаси ҳам мана шу ҳужжатдан келиб чиқиб тайёрланган.
Хусусан, маҳаллани жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш зарурлиги таъкидланди. Учинчи Ренессансга пойдевор яратиш жараёни кечаётган бугунги кунда халқимизнинг диний-миллий қадриятлари, урф-одатлари мужассам маънавият бешиги бўлган маҳалланинг ўрни ниҳоятда муҳим. Оила жамиятнинг асосий бўғини бўлса, маҳалла қадимдан тарбия ўчоғи, одамларнинг аҳилликда турмуш кечиришини таъминлаб келган. Айниқса, ўзбек халқининг яхши ва ёмон куни, дард ва ташвиши, муаммолари-ю кечинмалари ана шу қўрғонда кечади.
Таъкидлаш жоизки, ҳар биримиз маҳаллада улғайганмиз, беғубор ёшлигимиз, ёдда қоладиган яхши кунларимиз шу гўшада ўтган. Мўйсафид отахонлар, нуроний онахонларнинг панд-у ўгитлари тарбиямизда тамал тоши бўлган, дўстлар билан хурсандчиликларимиз бир умр хотирамизга муҳрланган. Бежиз “Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она”, дейилмаган. Маҳалла – оилалар жипслигини таъминлаш, баркамол авлодни тарбиялаш, аҳолининг кундалик муаммоларини ҳал этадиган табаррук даргоҳ.
Янгиланаётган Ўзбекистонимизда фуқароларимиз тинчлик ва хотиржамликда муносиб ҳаёт кечиришини таъминлашда маҳалланинг ўрни ва аҳамияти кун сайин ортиб бормоқда. Шу мақсадда, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолияти йўлга қўйилди. Президентимизнинг тегишли фармонига кўра, 2022-йил 1-январдан ҳар бир шаҳарча, қишлоқ, овулда, шунингдек, ҳар бир маҳаллада туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчилари иш бошлади.
Демакки, бугун маҳалла ислоҳот, маърифат ва тарбия масканига айланиб, ваколатлари кенгаймоқда. Айниқса, маҳаллаларда йигит ва қизларга оилавий ҳаёт ҳақидаги, шунингдек, маънавият, одоб-ахлоқ ва руҳий тарбия борасидаги билим ва тушунчаларни болалигидан сингдириб бориш жуда фойдали бўлади.
Мана шундай савобли ишларда диний соҳа ходимлари, уламолар ва имом-хатиблар фаол иштирок этмоқда. Имом-хатиб жамиятда одамларнинг қадр-қимматини ўз ўрнига қўйиш ва барча инсоний фазилатлар ила зийнатланишида асосий тарбиячидир. Имом бор вужуди, ихлоси билан кишиларни икки дунёда саодат аҳлидан бўлиши йўлида юксак одоб-ахлоқ, солиҳ амалларни қилишга, адолатли ишларга, фойдали илм-маърифат ўрганишга, маданият ютуқларидан ижобий суръатда истифода этишга, ҳар бир кишини ота-она, оила, фарзанд, қавм-қариндошлар ўртасида тинч-тотув, ўзаро ҳурмат ва муҳаббат руҳида яшашга чорлайди.
Ислом инсон қадрини ҳамма вақт, ҳар ерда улуғлашни буюрган, унинг шарафини олий даражага кўтарган. Динимизда инсон азиз ва мукаррам зот сифатида улуғланади ҳамда киши ҳаётининг руҳий ва маънавий жиҳатдан комилликка етишишига катта эътибор беради.
Ҳақ таоло инсонни Ўзи яратган барча жонзотлардан афзал қилган. Яратган Парвардигор одамзодга бутун борлиқни бўйсундириб қўйган. Фаришталар ҳам инсон Аллоҳ томонидан яратилгани учун унга ҳурмат бажо келтириб, таъзим саждасини адо қилди. Мана шу нарса инсонни олий мақомга кўтарди. Раббоний жон ато этилиши инсон шарафини улуғлади. У энди Ҳақ таолонинг Ер юзидаги ўринбосари, деган муборак номга мушарраф бўлди.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида: “Мўмин киши Аллоҳ таоло наздида фаришталардан ҳам мукаррам ва афзалдир”, деб марҳамат қилганлар. Уламолар ушбу ҳадиснинг шарҳида бундай дейди: “Фаришталарни Аллоҳ таоло фақат тоат-ибодат ва баъзи махсус вазифаларни адо этиш учунгина яратган. Шунинг учун уларда ақл бор-у, лекин нафс-у шаҳват йўқ. Ҳайвонотда эса нафс-у шаҳват бор-у, лекин ақл йўқ. Аммо одамзодда ақл ҳам бор, нафс-у шаҳват ҳам бор. Ақл уни тўғри йўлга, савобли ишларга бошласа, нафс-у шаҳват фақат нафсни қондириш ва бунинг учун ҳар қандай гуноҳ-у маъсият ишларга бошлайди. Бинобарин, агар инсоннинг ақли нафс-у шаҳватидан ғолиб келиб, унинг амрига мувофиқ ҳаракат қилса, демак, у фаришталардан ҳам улуғ мақомда юрган бўлади”.
Юқоридаги ояти каримада Аллоҳ таоло: “Инсонни азиз ва мукаррам қилдик”, деб марҳамат қилади. Тафсир китобларида инсоннинг қайси неъматлар туфайли мукаррам экани тўғрисида кўп мисоллар келтирилган. Баъзи муфассирлар мазкур оятни шарҳлаб, инсонга ато этилган неъматларни иккига тақсим қилган. Биринчиси, жисмоний неъматлар. Бунга мисол сиҳат-саломатлик, тинч-фаровон турмуш кабилар. Иккинчиси, маънавий неъматлар бўлиб, унга имон, ислом, ҳидоят, ахлоқ, инсоф-у тавфиқ сингари ижобий сифатларни мисол қилиш мумкин.
Аллоҳ таоло Ўз неъматларини зикр қилишидан мақсад замирида ҳар бир инсон ато этилган беҳисоб неъматларга шукр қилсин, бу нарсаларнинг қадрига етиб, фақат хайрли ва фойдали ишларга сарф этсин, деган маъно жамланган.
Демак, инсоннинг руҳий-маънавий олами бой бўлса, унинг қадр-қиммати шунча ошади. Инсон қанча имонли, диёнатли бўлса, Аллоҳга муҳаббати ва итоати қанчалик улуғ бўлса, шундагина унинг даражаси юқори бўлади.
Аллоҳ инсонни ақл ва идрокда бутун махлуқларидан мукаррам айлаб, унга Ердаги ҳамма нарсани бўйсундириб қўйди. Ҳақ таоло юқоридаги ояти каримада одам боласини борлиқдаги ҳамма нарсадан азизу мукаррам қилиб яратганининг хабарини бермоқда: “Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азиз-у мукаррам қилиб қўйдик”.
Ҳақ таоло инсониятнинг азиз жисмини гўзал, беқиёс ва мукаммал яратган. Бу ҳақда Қуръони карим “Тин” сурасининг 4-ояти каримасида “Батаҳқиқ, Биз инсонни энг яхши суратда яратдик”, деб марҳамат қилади.
Президентимиз раислигида ўтган йиғилишда муҳокама қилинган долзарб масалалардан яна бири – йўлларда хавфсиз шароит яратиш, транспорт ҳодисалари ва ўлим ҳолатларини кескин қисқартириш учун ҳаракатларни бошқаришни рақамлаштириш, ҳайдовчилик гувоҳномасига ўқитишни кучайтиришга урғу қаратилди.
Ҳақиқатан, сўнгги вақтларда атрофимизда йўл-транспорт ҳодисалари шунчалик кўпайдики, айримларини эшитиб қалбимиз жуда маҳзун бўлмоқда. Минг афсуски, бунинг ортидан юзлаб инсонлар вафот этаётгани ёки бир умрга ногирон бўлиб қолаётгани ҳам ҳар биримизни зийракликка чорлаши керак. Биргина Тошкент шаҳрида 2021-йилнинг 11 ойида пиёдалар иштирокида 524 йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Оқибатда 32 киши олган тан жароҳатлари туфайли ҳалок бўлган.
Яна 487 кишига турли даражада шикаст етган. Таъкидлаш керакки, исломда йўл ҳаракати қоидалари Қуръон ва ҳадис, уламоларнинг ушбу манбалардаги умумий қоидалар асосида чиқарган ҳукмлари билан тартибга чақирилади. Шунингдек, ислом фуқаҳолари тақдим қилган ҳужжатлар асосида пиёда бўлсин ёки уловда бўлсин, ҳар бир мусулмон йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиши шаръий жиҳатдан вожиб эканига иттифоқ қилинган. Шу боис, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш борасида фатвоси ҳам эълон қилинган. Унда, мазкур қоидалар ислом шариатига мос экани, мусулмонлар ушбу қоидаларга эътиқодан амал қилиши лозимлиги каби масалалар батафсил баён этилган.
Барча йўл қоидалари аслида инсоннинг жони ва молини асраш мақсадида тузилган. Бу эса ислом аҳкомларида ҳимоя қилиш кўзда тутилган ҳамда шариат мақсадларига мувофиқ ҳисобланади. Мусулмон киши йўл қоидалари, одоб ва маданиятига амал қилиши кимдир назорат қилаётгани учун эмас, балки динимиз шариати талаби, деб эътиқод билан бажариши керак. Шунда йўлда юриш ҳам ибодатга айланади, нохушликларнинг олди олинади, иншааллоҳ.
Сўзимнинг ниҳоясида шуни қайд этмоқчиманки, давлатимиз раҳбари айтганидек: “Ишонтириб айтаманки, халқимизнинг ҳаёти янада фаровон ва мазмунли бўлиши учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз”, деган қимматли сўзи замирида юқорида баён этилган эзгу мақсад ва муддаолар мужассамдир.
Аллоҳ таолодан халқимизга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, хонадонларига тинчлик-хотиржамлик ва файз-у барака тилайман.
Нуриддин Холиқназаров,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2022-йил 29-январ, 20-сон
Izohlar