
ҲАЛОЛ РИЗҚ БАРАКА ОМИЛИ
Ватанимиз мустақилликни қўлга киритгандан бери, гарчи мураккаб жараёнларни бошдан кечирган бўлсак-да, олиб борилаётган туб ислоҳотлар, оқилона сиёсат натижаси ўлароқ, юртимизда маданий, маънавий, иқтисодий соҳаларда йилдан йилга ўсиш, ривожланиш кузатилмоқда.
Мамлакатимизда аҳолининг муносиб турмуш тарзи кечириши учун керакли шарт-шароитлар ҳар бир фуқаронинг эзгу интилишларини, имкониятларини рўёбга чиқариш учун қулайликлар яратиш халқ фаровонлигини таъминлашнинг устивор йўналишларидан биридир. Демак биз юксак мақсадларни кўзлар эканмиз. Ҳаётимиз янада фаровон ва обод бўлиши, ризқу рўзимиз янада тўкин ва баракали бўлиши учун аввало тижоратчиларимиз, деҳқон ва фермерларимиз, шунингдек, ҳунармандчилик каби турли касбҳунар эгалари, тадбиркорлар, ишлаб чиқарувчилар, турли идора ва корхона ишчи ходимлари ўз соҳаларида ҳалолликка жиддий эътибор қаратишлари мақсадга мувофиқ. Зеро, ҳалол касб барака омили бўлиб, ҳалол ризқ талаб қилиш вожибдир. Аллоҳ таоло ўз бандаларига: “Эй инсонлар! Ердаги ҳалол пок нарсалардан ризқланинглар!”- деб марҳамат қилган.
Касблар ҳар хил бўлади. Ҳалол-покиза касблар ҳам бор, ҳаром жирканч касблар ҳам бўлади. Лекин Аллоҳ ўз бандаларига касбу кори ҳалол бўлиши, ризқ-рўзимиз манбаи бирон шубҳа аралашмаган ҳалол маблағдан бўлишини буюради. Шунинг учун Пайғамбар (а.с): “Ким одамларнинг қўлига қарам бўлмаслик учун ва иффатини сақлаш учун ҳалол мол талабида бўлса, қиёмат куни юзи тўлин ойдек порлаган ҳолда Аллоҳга йўлиқади”, деб марҳамат қилдилар.
Абу Абдуллоҳ Нўъмон ибн Баширдан (р.а) ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда ҳам ҳалол нимаю ҳаром нималиги аниқ баён қилинган: “Мен Расулуллоҳнинг (с.а.в) шундай деганларини эшитдим: “Дарҳақиқат, бугун ҳалол нарсалар очиқ–равшан бўлди, ҳаром нарсалар ҳам очиқ–равшан бўлди. У иккисининг ўртасида эса, (ҳалол ёки харомлиги кўпчилик учун ноаниқ бўлган) шубҳали нарсалар ҳам борки, кўпчилик уларни (ҳукмини) билмайди. Бас, ким шундай шубҳали нарсалардан ўзини эҳтиёт қилса, динини (яъни, тақвосини нуқсон–камчиликлардан), номус–обрўсини эса (турли гап–сўзлардан) покиза асраб қолади. Аммо ким шубҳали нарсаларга ўралашиб қолса, ҳаромга ҳам тушиб қолади. Бунинг (яъни, шубҳали нарсалардан сақланмайдиган кишининг) мисоли бировнинг қўрғони атрофида сурувини ўтлатиб юрган чўпонга ўхшайдики, унинг қўйлари сал қолса, ўша қўрғонга кириб кетади. Огоҳ бўлинг, ҳар бир подшонинг ўз қўрғони бўлади. Огоҳ бўлинг, Аллоҳнинг қўрғони унинг ҳаром қилган нарсаларидир! Огоҳ бўлинг, жасадда бир парча гўшт бор, агар у соғлом бўлса, бутун жасад соғ – саломат бўлади. Агар у айниса, бутун жасад бузилади. Огоҳ бўлинг, у парча гўшт қалбдир!” (Бухорий ва Муслим).
Ҳадисда “ҳалол очиқ – равшандир, ҳаром ҳам, дейилди. Ҳа, аслида ҳалол нарсалар очиқ – ойдин: сув, сут, мева сувлари каби ичимликлар, нон, мева, полиз экинлари, Аллоҳнинг исми айтиб сўйилган ҳалол ҳайвонлар гўштлари каби таомлар, рухсат берилган кийимлар ва никоҳга олинган аёллар ҳалолдир. Бу неъматлар жудаям кўп бўлиб, уни санаб адоғига етиб бўлмайди. Бу борада Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Агар сизлар Аллоҳнинг берган неъматларини санасангиз, уни адоғига ета олмассиз”, деб марҳамат қилган.
Аллоҳ таоло дуоларимизни ижобат қилишининг асосий сирларидан бири ризқ -насибани, луқмани ҳалолдан топишдир. Луқма ҳаололлиги деган тушунча нафақат егуликни ўз ҳолича тоза, ҳалол бўлишигина эмас, балки ўша егуликнинг келишига сабаб бўлган маблағнинг ҳам ҳалол йўл билан, ҳалол касб орқали топилган бўлишидир. Масалан, шаръий йўл билан сўйилган жонивор гўшти ҳалол, лекин уни ҳаром пул билан сотиб олиб, еган киши ҳаром луқма еган ҳисобланади. Нон ўз ҳолича ҳалол овқат, аммо уни бировдан ўғирлаб, тортиб олиб ейилса ёки ўғирлаб олинган пулга сотиб олинса, ана шу иш ҳаромлиги боис, ҳаром еган бўлади, ва ҳаказо... Расулуллоҳ (с.а.в) узоқ сафарда юрганидан, сочлари тўзғиб кетган, чанг-тўзон рангини ўзгартириб юборган бир киши ҳақида гапирдилар:“Ҳалиги одам қўлларини дуога кўтариб:“Парвардигоро! Парвардигоро!” деб (ёлвориб) дуо қилмоқда. Бироқ унинг егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром ва ўзи ҳаром билан озиқланган. Шундай экан, қандай қилиб унинг дуоси ижобат бўлсин?!” (Имом Муслим, Имом Термизий).
Мазкур ҳадис ҳалоллик ва поклик борасида олам – олам маъноларни ўз ичига олади. “Аллоҳ покдир ва фақат пок нарсанигина қабул қилади”. Яъни Парвардигор наздида фақат ҳалол–пок йўллар билан орттирилган моллардан қилинган хайр –эҳсон ва эзгуликларгина мақбул бўлади.
Ҳаётда кўряпмизки, тарозидан уриб қолувчи шахс ҳеч замонда бири – икки бўлиб, бадавлат бўлиб кетмаган. Бундайларнинг косаси оқармаган. Аввал қандай яшаган бўлсалар, ҳозир ҳам шундай учма – уч қилиб яшаяпти. Жазо жиноятнинг жинсидан берилади деганларидек, бойиб кетиш орзусида бундай қабоҳатни ўзига касб қилган кимсаларнинг рўзғорларидан Аллоҳ баракани ҳам олиб қўяди. Агар ҳалоллик билан яшасалар эди, шу вақтгача Аллоҳ таоло бошқа томондан ўзининг баракот эшикларини очиб қўйган ва ишлари юришиб, ризқлари кенгайиб кетган бўларди. Аммо начора, қачонки банда ўзи учун, ризқи учун ҳалол эшиклар турганида, харом эшикни очар экан, ҳам баракадан мосуво бўлади, ҳам гуноҳ орттиради. Бундай ҳолатлардан барчамизни Аллоҳнинг ўзи асрасин! Барчамизни ҳалоллик сари бошласин!
Шу ўринда улуғ саҳобий ҳазрати Али (р.а) билан бўлиб ўтган ва сўзимизга бевосита дахлдор бўлган бир воқеани эсга олиш фойдадан ҳоли бўлмайди. Ҳазрати Али (р.а) бир куни масжидга кириб кетаётсалар масжид эшиги олдида бир бола турар эди. Ҳазрати Али болага отларининг юганини бериб, намоз ўқиб чиққунларигача ушлаб туришини сўрадилар. Бола ҳўп бўлади, дедию, саҳобий масжидга кириб кетишлари билан, бозорга йўл олди ва ўша ерда бир дирҳамга ҳам етмайдиган арзимаган баҳога юганни сотиб юборди. Али (р.а) намоз ўқиб чиқсалар бола йўқ. Тушундиларки, бола омонатга хиёнат қилган. У киши дарҳол бозорга бордилар. Айланиб юрсалар, ҳудди ўзларига тегишли ўша юган бир дирҳамга сотилаётган эди. Индамасдан уни сотиб олдилар. Кейин шу воқеани дўстларига айтиб бериб: “Мен намоздан чиққандан кейин ҳалиги болага омонатимни ушлаб тургани учун бир дирҳам бермоқчи эдим. Аммо у бу пулни ҳалолдан эмас, ҳаромдан топишни ихтиёр қилди”, дедилар. Бу сўзларда чуқур маъно ва ҳикматлар яширинган. Инсон ҳалол бўлса, ўйламаган тамонидан барака киради. Аммо ҳаром йўл билан пул топишга уринса, ҳам ризқига ҳаром аралашади, ҳам гуноҳ орттиради.
Бу ҳаётда ҳар кимнинг ижтимоий ўрни, мавқеи, илмий иқтидори ва ҳаказоларга кўра, ўз ўрни ва майдони бўлади. Ҳар бир шахс ўзининг майдони доирасида масъул ҳисобланади. Оила бошлиғи оиласидан масъул, она фарзандлар тарбияси –парваришидан масъул, табиб назоратидаги бемор ҳолатидан масъул, ўқитувчи талабанинг сабоғидан масьул ва ҳоказо. Лекин ҳамманинг мақсади ўша кичкина масъулият майдони доирасида ўз элига, юртига хизмат, ватанининг сиёсий ва иқтисодий барқарорлиги йўлида саъй-ҳаракат қилишдан иборат бўлиши керак. Шундай экан, биз, жумладан илм аҳли ҳам Ватанимиз олдидаги ўз мажбуриятларимизни адо қилиш йўлида халқимизнинг маърифатини ошириш, тинчлик ва осойишталик ҳимояси учун куч–ғайратимизни турли муаммолар ечимига йўналтиришимиз, юртимиз озод ва обод ҳолда равнақ топиши учун муносиб ҳиссамизни қўшмоғимиз керак.
М.Собиров
Имом Фахриддин ар-розий
ислом билим юрти мударриси