
ДОНОЛАРНИНГ ЁШЛАРГА НАСИҲАТЛАРИ
Ислом дини мукаммал, баркамол, эзгулик ва тараққиёт динидир. Барча илмларни мукаммал эгаллаган, комил мусулмон бўлиб умр кечирган аждодларимизнинг буюк хизматларига бутун дунё ҳозирда ҳам тан бериб келмоқда. Янги авлод уларнинг номини фахр билан тилга олади. Аждодларга эргашади. Тарихдан маьлумки, ўз ўтмишини маданиятини унутган халқ руҳан қашшоқлашиб, маьнавий таназзулга юз тутади. Шундай экан, ёшлар бебаҳо диний ва дунёвий бойликларимизни, яьни аждодларимиз ёзиб қолдирган асарларни, панд-насиҳатларни ўрганиб, унинг зиёсидан баҳра олиб, ўзларини ушбу сифатлар билан зийнатлаши керак. Тубанда машҳур зотлардан баъзиларининг ёшларга қилган насиҳатлари ва васиятлари билан танишамиз:
Луқмони Ҳаким:
“Эй, Ўғлим! Тиззангни олимлар тиззасига яқин тут. Уларнинг мажлисларида бўл! Улар билан мужодала қилма (тортишма), нафратига йўлиқасан. Дунёдан насибангни ол, касб этиб топган нарсангни охиратинг учун сарфла. Дунёдан бутунлай юз ўгириб, кимларгадир ва кимларнингдир бўйнида юк бўлиб қолишдан сақлан. Аҳмоқлар билан ҳамсуҳбат бўлма, икки юзламачиларга аралашма”.
Яна деди: “Эй, ўғлим! Сабабсиз кулма, мақсадсиз юрма, ўзинг учун аҳамияти бўлмаган нарса ҳақида савол берма, ўз молингни зое этма, ўзганинг молини ислоҳ эт. Охират учун ҳозирлаган амалинг ўз молинг, эътиборсиз тарк этган амалинг ўзганинг молидир. Эй, ўғлим! Ким раҳмли бўлса раҳматга сазовор. Ким хомуш бўлса омонлик унга ёр. Ким хайрни гапирса, давлатига давлат қўшилади. Ким ёмонликни деса, маъсият узра маъсиятга ботади”.
Абу Али ибн Сино:
Оталик ҳикмати нимадир, билсанг,
Бор-йўғин фарзандга бермак беминнат.
Лек отадан ўпка қилмасин фарзанд,
Замона келтирса бошига кулфат.[1]
Маълумки, ота-она фарзандига бор йўғини сарфлаб, ёшлигини кексаликка алмаштириб униб-ўстиради. Шариатга мувофиқ фарзанд маълум ёшга етганда, мустақил шахс сифатида фаолият юритиш ҳуқуқига эга бўлади. Унинг ўз ишончи – ихтиёри бўлади. Ҳаётда ҳақ йўлни топса, саодатманд, ботил йўлга, эргашса, бадбахт бўлади. Яхши, солиҳ, баркамол фарзанд замонани обод қилади. Яхши ном ортиради. Носоғлом бола замонанинг лаънатлашига сабаб бўлади, салбий оқибатларга олиб келадиган ишларни амалга ошириши мумкин.
Мулла Абдураҳмон:
Ёдингдами, айтчи, сен туғилган он,
Барча ҳандон эди, сен эса гирён.
Шундай яшагинки, кетар чоғинда,
Барча гирён қолсин, сен боргил ҳандон.[2]
Янги фарзанд дунёга келса, хонадонда хурсандчилик бошланади. Қариндош – уруғ, ёр–биродарлар ақиқага ошиқишади. Мурғак гўдак ҳайрон, чинқириб йиғлагани – йиғлаган. Ойлар, йиллар ўтиб, шу бир парча эт ўсиб – улғаяди. Жамият учун, инсонлар учун манфаат келти-радиган одам бўлиб етишади. Бунинг учун фақатгина яхши тарбия бериш лозим, холос. Шундай тарбия топган кишиларгина яратганнинг истиқболига ёруғ юз билан бора оладилар. Атрофдагиларнинг олқишига сазавор бўла оладилар.
Фаридиддин Аттор:
Ёшмисан, кексани сен ҳурмат айла,
Ўзинг ҳам қарийсан, ҳозирдан ўйла.[3]
Сўфи Оллоёр:
“Эй ўғлим! Агар сен отанг пандини олсанг, осмон эшигининг ҳалқасини қўлингга оласан. Худо мақсадингни ҳосил қилиб, ўз иноятига етказади. Сен ўз умрингни зоеь қилма. Отанг умрини жоҳилликда ўтказди. Сен эса енгил - елпи яшаш ва ишлашга ўрганма. Мен пасткаш дунёга мағрур бўлдим. Сен эса (унга қўл силташ учун) пухталикка ўргану хом бўлма. Эй азизим, зинҳор базинҳор шариат аҳлининг хизматини қилгин. Агар ўз Худойингдан қўрқсанг, унинг ҳар иккала дарсидан илм ўқи. Илм эгалла, унга амал қил, ҳамиша Ҳудодан қўрқувчи комил бўл, Сен қўрқмасанг Худо қўрқитади, банда унинг қўрқитишини яхши билсин. Сидқ аҳли билан суҳбат қуриш Ҳудонинг амридир, амридан бош тортган бошидан жудо бўлади. Ягона Холиқнинг амри билан фосиқлар суҳбатидан йироқ бўлиш вожибдир.
Ўз ёшлигинг билан мағрурланма, ўзингни гуноҳга яақинлаштириб, ширин жонингни дўзахга дучор қилма.[4]”
Абу Ҳомид Ғаззолий:
Эй фарзанд! Олимлар суҳбатларида қатнашишга ҳаракат қил, одобдан ташқари сўз ва ҳаракатлар қилма. Жамоат ҳузурига салом бериб кир. Сўнгра ўзингга муносиб ўрин танла. Изнсиз тўрга ва эьтиборли жойга бориб ўтирма.
Суҳбатни диққат билан тингла. Биладиган нарсангни сўрама. Билмаганингни сўраб ўрган. Сен алоқаси бўлмаган нарсани ўринсиз суриштираверма. Рухсатсиз сўзга аралашма. Сўзи, ўзи, тили, дили билан иши бир бўлмаган кишининг насиҳатида яхшилик йўқ. Ундай кишининг мажлисида ўтириб, вақт йўқотиш керак эмас.
Вақт бандага Аллоҳнинг жуда қимматли икромидир, бўлар-бўл-масга исроф этмаслик лозим. Сўзи билан яшаши уйғун бўлмаган кишидан узоқ бўлиш керак. Чунки бу мунофиқлик аломатидир. Кишига эҳтиёжи қадар дунёлик, эҳтиёжи қадар, охиратлик лозим. Буларни аксини айтганга қулоқ солма. Қанча сўзлар борки, заҳардан зиёд ўлдиргувчидир. Заҳар кишининг ҳаётини сўндирса, заҳарли сўз ҳам дунё ҳаётини, ҳам охират ҳаётини сўндиради.
Олимлардан яхшиликни аямаслик керак. Суҳбатлашганда, бирга юрганда ҳурмат сақлаш лозим. Олимга салом бериш учун тайёр туриш, ўтирган бўлса тик туриб кутиб олиш зарур бўлади”.
Ҳакимлар фарзанд тарбия қилишни тўрт қисмга бўлганлар:
1.Иймоний тарбия: Яратганни таниш ҳалол ва ҳаромни фарқлаш ҳамда унга риоя килишга ўргатиш.
2.Хулқий тарбия. Гўзал ахлоқ ва одобли қилиб тарбиялаш.
3.Жисмоний ва баданий тарбия. Бунда болаларга хос турли ўйинлар, югуриш, сузиш, кураш каби спорт машғулотлари муҳим ўрин тутади.
4. Ақлий тарбия. Ота-она ва тарбия иши билан машғул кишилар болаларга фойдали илмларни, жамият учун керакли бўлган касб – ҳунарларни ўргатишлари лозим. Бу ҳақда Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда кўплаб тавсия ва кўрсатмалар баён этилган.
Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу: “Фарзандларингизга ўз замо-насининг илмини ўргатинглар, чунки улар ўша замон учун яратилганлар”, деганлар.
Муҳтарам юртбошимиз ушбу фикрларга монанд равишда шундай дейдилар: “Худо берган болани боқиш, тарбиялиш, юртнинг асл фарзанди этиб вояга етказиш, аввало, шу замонда яшаётган ота-онанинг қолаверса, шу эл тақдири қўлига ишониб топширилган раҳбарнинг зиммасига юксак масъулият юклайди. Йигитларимиз бўлажак оиланинг устуни бўлса, қизларимиз эса унинг файзи ҳисобланади”.
Албатта, фарзандларни тўғри йўлга йўллаш жамиятдаги ҳар бир ота-онанинг вазифасидир!
М.Юнусхўжаев
Имом Фахриддин ар-Розий
ислом билим юрти мударриси
[1] Бўстони орифин китобидан.
[2] Бўстони орифин китобидан.
[3] Тафаккур гулшани китоби 429-бет.
[4] Маслакул муттақин китоби 16 - бет.