Топилмалар омонатдир
Мусулмонга фақат ҳалол ва розилик билан топилган молгина ҳалол бўлади. Агар топилмалар мусулмонлар молидан бўлса, шариат уни ўз муҳофазасига олган. Ва эгасига етиб бориш йўлида муболаға тарзда йўл тутган. Одатда хабар етиб бориши осон бўлган ўринларда эълон қилишни буюрган. Убай ибн Каъб (р.а.)дан ривоят қилинади: “Юз динор солинган ҳамён топиб олиб, Набий (с.а.в.) олдиларига бордим. У зот топиб олган нарсангни бир йил эълон қил, дедилар. Мен бир йил эълон қилиб уни танийдиган кишини топа олмадим. Кейин яна борган эдим, у зот: “Яна бир йил эълон қил”, дедилар. Сўнгра учинчи марта борганимда у зот: “Ўша ҳамён идишини, ичидаги маблағини ва боғичини таништир, агар эгаси келса келди бўлмаса ўзинг ишлатавер”, дедилар.
Ушбу ҳадисда биз учун ўта муҳим бўлган шаръий кўрсатма ва таълимот мавжуд. Саҳобалардан Убай ибн Каъб (р.а.) юз динор (олтин танга) солинган ҳамён топиб олиб, Расулуллоҳ (с.а.в.) олдиларига бордиларда, Исломдаги топилмалар ҳақида сўрадилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) ўша топилмани ҳаммасини эмас-у, балки баъзи сифатларни айтиб, бир йил эълон қилишга буюрдилар. Ушбу эълонни йилнинг ҳар хил вақтларида айтасан, дедилар. Убай ибн Каъб бир йил эълон қилдилар, аммо эгаси келмади. Убай ибн Каъб иккинчи марта Расулуллоҳ (с.а.в.) олдиларига қайтиб, эгаси келмаганини хабарини бердилар. У Зот (с.а.в.) бировларни моли хусусида Худодан қўрқиб, тақво қилиб, янада ишончли қилиб олиш учун яна бир йил эълон қилишга буюрдилар. Эгаси яна келмади. Убай ибн Каъб учинчи бора Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларига бориб эгаси келмаганини хабарини бердилар. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) ўша ҳамёндаги маблағдан фойдаланишни, бордию эгаси келиб қолса қайтаришни буюрдилар. Мабодо эгаси топилмаса ўзини молидек ишлатиб юриши мумкинлигини,нарсаси йўқолганини даъво қилиб келган киши эса унинг сифатларини ва бошқа аломатларини айтиб ўзиники эканини исбот қилиши шартлигини,айтдилар.
Гоҳида йўқолган нарса жонли ҳайвон бўлиши ҳам мумкин. Бу ҳолатда унинг ҳукми ўша ҳайвоннинг қандоқ ҳайвон эканига қараб турлича бўлади.
Мисол учун, йўқолган ҳайвон қўй бўлса, у ўзини ўзи эплай олмайдиган, бўри ва итларга ем бўлиб кетиш эҳтимоли кучли бўлгани учун уни топган одам дарҳол омонат шаклида сақлаб қўйиши, танитиши керак. Агар эгаси чиқса беради, чиқмаса ўзига қолади.
Энди ўзини ўзи эплайдиган, еми, сувини топадиган, хавф-хатардан қочиб ёки учиб қутулиб кетадиган туя, қуён ёки кабутар каби жониворларгато эгаси топиб, ўзи олмагунича тегилмайди.
Абу Ҳурайра (р.а)дан ривоят қилинади:
“Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, топиб олинган қўй ҳақида сўради. Бас, у Зот: “У сенга ёки биродарингга ёки бўрига”, дедилар. “Йўқолган туя-чи?” деди у. “У билан сенинг нима ишинг бор. Унинг ичгани суви бор. (Юргани) оёғи бор. Сувга бориб, дарахтлардан еб, эгасига учрагунча юраверади”, дедилар”.
Икки Шайх ва Термизий ривояти.
Баъзи уламолар топиб олинган нарсанинг ҳажмига ва қийматига қараб, унинг эгасини кутиш қисқа ёки узоқ бўлади, энг оз кутиш уч кун, энг узоғи бир йил бўлади, деганлар.
Топиб олган нарсани имонли, виждони пок инсон, албатта, эгасини топиб топширишга ҳаракат қилиши лозим. Чунки, у нарса унинг қўлида худди омонатга ўхшаб қолади. Омонатга қасддан хиёнат қилиш эса охиратда оғир азобларга дучор қилади.Зайд ибн Холид ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ким йўқолган нарсани танитмай ўзиники қилиб олса, залолатга кетувчидир”, дедилар”.
(Муслим ва Аҳмад ривояти).
Йўқолган нарсани танитиш, топиб олган жойида ва унга яқин одамлар кўп бўладиган жойларда, ким фалон нарсани йўқотган бўлса, фалон жойга, пистончига учрасин, деб эълон қилиш билан бўлади. Бугун кўча-куйларда ёки йиғинларда ҳамёнми, қўл телефонларими шунга ўхшаш буюмларни топиб олган мусулмон фарзанди қандай чора қиляпти? Шу буюмларни эгасига қайтаришга ҳаракат қиляптими? Бир йил эълон қилиш тугул, ақалли бир марта бўлса ҳам билдиряптими? Телефон масаласига келсак, ахир унинг эгасини топиш қийин эмас, ўзида ёзилганку. Бу ҳолатда у киши ўғри ҳукмида бўлиб қолади. Мусулмон киши қалб гавҳари бўлган бебаҳо иймонини, виждонини арзимаган матоҳ эвазига сотмаслиги лозимдир.
М.Собиров
Урганч тумани “Ғойиб ота” масжиди имом-хатиби
Izohlar