24.10.2022

ЯХШИЛИК-ЖАННАТДАГИ ҚАСИРЛАР КАЛИТИДИР!

Муқаддас динимизда ҳам ҳар бир мўмин-мусулмон киши дунё ҳаётида фаровон яшаши ва Аллоҳ берган ризқини ҳалол йўллар билан топиши учун   меҳнат ва ҳаракат қилиши кераклиги баён этилган. Чунки, инсон доимо ҳаёти учун зарур бўлган уй-жой, улов, озиқ-овқат, рўзғор анжомлари ва кийим-кечакка эҳтиёж сезади. Буларнинг барчаси касб-ҳунар ва меҳнат қилиш орқали ҳосил бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

هُوَ الَّذِي جَعَلَ لَكُمُ الْأَرْضَ ذَلُولًا فَامْشُوا فِي مَنَاكِبِهَا وَكُلُوا مِنْ رِزْقِهِ وَإِلَيْهِ النُّشُورُ 

яъни: “У (Аллоҳ) сизларга Ерни хоксор (бўйсунувчи) қилиб қўйган зотдир. Бас, у (Ер)нинг ҳар томонида (саёҳат, тижорат ёки деҳқончилик қилиб) юраверингиз ва (Аллоҳнинг берган) ризқидан тановул қилингиз! (Қиёмат куни) тирилиб чиқиш Унинг ҳузуригадир” (Мулк сураси, 15-оят).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам меҳнаткаш ва касб- ҳунарли кимсаларни мақтаб шундай деганлар:

"اِنَّ اللهَ يُحِبُّ الْعَبْدَ المْحْتَرِفَ" (رواه الإمام الترمذى).

яъни: “Аллоҳ таоло касб-ҳунарли кишини яхши кўради” (Имом Термизий ривояти).

Киши ўзга юртдан ўз юртидаги мўмин-мусулмонларнинг эҳтиёжи учун зарур бўлган маҳсулотларни жалб қилиши савобли ишлардан экани ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

الْجَالِبُ مَرْزُوقٌ وَالْمُحْتَكِرُ مَلْعُونٌ (رواه الإمام ابن ماجة والإمام الدارمي).

яъни: “Жалб қилувчи – ризқи мўл, “эҳтикор қилувчи” – Аллоҳнинг раҳматидан узоқдир” (Имом Ибн Можа ва Имом Доримий ривояти).

Ҳадисдаги “Жалб қилувчи” киши – бошқа юртдан ўз юртига керакли нарсаларни олиб келувчи тадбиркор инсондир. Демак, бундай кишининг ризқи улуғ бўлади. “Эҳтикор қилувчи” киши эса– ўз юрти бозоридан энг керакли нарсаларни сотиб олиб, бироз муддат ушлаб туриб, сунъий равишда нархини орттирувчи монополиячи кишидир. Ундай киши эса ризқ берувчи Зотнинг раҳматидан узоқдадир. Чунки у аҳолини ноилож ҳолга қўйиб, ўзи ишлаб чиқармай ёки бошқа ҳудуддан маҳсулотлар олиб келмай фойда топишга уринган, оддий халқ ҳисобига бойлик орттиришга ўтган кимсадир.

Карантин даврида давлатимизнинг ижтимоий ҳимоя борасида олиб бораётган сиёсати ҳазрати Умар разияллоҳу анҳунинг бу борадаги олиб борган ишларига мувофиқ келади.

Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу кунларнинг бирида йўлда тиланчилик қилиб ўтирган бир қария яҳудийдан “Нима учун тиланчилик қиляпсиз?” дея сўрадилар. Ҳалиги яҳудий: “Жизя тўлаш учун мол йиғяпман”, деб жавоб қилди. Ҳазрат Умар разияллоҳу анҳу: “Биз сиздан ёшлигингизда жизя олиб, энди қариб-кексайиб қолганингизда тиланчилик қилишга ташлаб қўйибмиз-ку! Йўқ, Аллоҳ ҳаққи, сизга албатта нафақа берамиз”, дедилар ва қарияга бундан олдин тиланчиликдан тушган нарсаларини эгаларига қайтаришини буюрдилар ва ўша ондан бошлаб барча Ислом ўлкаларига у ерда яшайдиган барча яҳудий ва насороларнинг қария ва ногиронлари, болалари ва аёлларига моддий ёрдам берилсин, деб амр қилдилар (Имом Ибн Занжавийянинг “ал-Амвол” китобидан).

Мусулмонларга ёрдам қилиб, уларнинг ҳожатини чиқариш иймон келтириш каби савобли ишлардан эканлиги ҳақида Ибн Ҳажар Асқалоний ўзининг “Мунаббиҳот” китобида қуйидаги ривоятни келтиради: 

 "خَصْلَتَانِ لاَ شَيْءَ أَفْضَلَ مِنْهُمَا: اَلْإِيْمَانُ بِاللَّهِ، وَالنَّفْعُ لِلْمُسْلِمِيْن 

وَخَصْلَتَانِ لاَ شَيْءَ أَخْبَثَ مِنْهُمَا: اَلشِّرْكُ بِاللَّهِ، وَالضُّرُّ لِلْمُسْلِمِيْن"

яъни: “Икки хислат борки, улардан афзал нарса йўқ: Аллоҳга иймон келтириш ва мусулмонларга фойда келтиришдир. Ва икки хислат борки, улардан ёмонроқ нарса йўқ: Аллоҳга ширк келтириш ва мусулмонларга зарар етказишдир”.

Дарҳақиқат, динимиз инсонпарвар, яхшилик дини бўлиб, доим инсонларга манфаат етказиш ва яхшилик қилишга чорлайди. Шундай экан, мўмин киши доим халқ хизматида бўлишга ҳаракат қилади ҳамда халққа наф етказиш, дардига малҳам бўлишни ўзига шараф деб билади.

Саҳобаи киромлар бунга яққол мисол бўладилар:

“Мадина шаҳрининг ташқарисида ёши улуғ, кўзи ожиз бир кампир бор эди. Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу ҳар куни эрталаб ўша кампирнинг юмушларини қилиб келардилар. Бир неча кундан кейин, ўзларидан аввал кимдир келиб уй юмушларини қилиб кетаётганини пайқаб қоладилар. Буни аниқлаш учун таҳажжуд намозини ўқибоқ, бомдоддан олдин келиб кўрсалар ҳазрати Абу Бакр разияллоҳу анҳу кўзи ожиз кекса онанинг уй юмушларини қилиб, уйни саромжонлаб, оҳисталик билан чиқиб кетаётган эканлар”. 

Мана шундай тарзда саҳобалар яхшилик қилиш борасида мусобақалашар эдилар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда فَاسْتَبِقُوا الْخَيْرَاتِ  деган, яъни: “Бас, хайрли (савобли) ишларда бир-бирингиздан ўзишга ошиқингиз”! (Бақара сураси, 147-оят). Шундай экан, охиратимиз учун захира бўладиган савобли ишларда мусобақалашайлик!

Динимизда киши ўзганинг ҳожатини чиқарса, Аллоҳ таоло қиёмат кунида унинг ҳожатини раво қилади. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

"مَنْ كَانَ فِي حَاجَةِ أَخِيهِ كَانَ اللهُ فِي حَاجَتِهِ وَمَنْ فَرَّجَ عَنْ مُسْلِمٍ كُرْبَةً فَرَّجَ اللهُ عَنْهُ كُرْبَةً

 مِنْ كُرُبَاتِ يَوْمِ الْقِيَامَةِ" (رواه الإمام البخاري) .

яъни: “Ким ўзганинг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишини аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади” (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳга шукрлар бўлсинки, бугун бутун дунёга катта офат бўлиб турган “КОРОНА” вируси шароитида саҳоват пеша инсонлар ишсиз кам таъминланган одамларга қилаётган моддий ёрдамлари инсонни беҳад хурсанд қилади. Шундай экан, ҳар биримиз бундай қийин вазиятда бирлашиб, халқимизга қўлдан келган ёрдамимизни қилишимиз керак. Зеро Аллоҳ таоло:

وَابْتَغِ فِيمَا آَتَاكَ اللَّهُ الدَّارَ الْآَخِرَةَ وَلَا تَنْسَ نَصِيبَكَ مِنَ الدُّنْيَا وَأَحْسِنْ كَمَا أَحْسَنَ اللَّهُ إِلَيْكَ وَلَا تَبْغِ الْفَسَادَ فِي الْأَرْضِ إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ الْمُفْسِدِينَ (سورة القصاص: 77 آية).

яъни: “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (одамларга) эҳсон қил! Ерда бузғунчилик қилишни истама! Чунки Аллоҳ бузғунчиларни суймас” (Қасос сураси, 77-оят).

Аллоҳ таоло дунёдаги барча нарсаларни инсоннинг фойдаси учун яратди. Шундай экан, инсон ҳам шунча имкониятлардан фойдаланиб Аллоҳнинг буйруқларини бажармаслиги инсофсизлик бўлади.

Аллоҳим сендан ёлвориб сўраймиз бу балоларни тезда устимиздан кўтаргин ва бизларга нусрат бергин.  

 

Имом Фахриддин ар-Розий 

ўрта махсус ислом билим юрти 

мударриси Мустафо Юнусхўжаев.

Izoh qoldirish

Izohlar