04.11.2022

МИССИОНЕРЛАР ТАЪСИРИДАН САҚЛАНИНГ

Ота-боболаримиз неча асрлардан буён Ислом дини аҳкомларига амал этиб яшашган. Биз бундан оғишмаймиз, чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Албатта, Аллоҳ наздида (мақбул) дин Ислом динидир» (Оли Имрон, 19), деб марҳамат қилган. Афсуфки, ҳозирги кунда диний қадриятларимизга, маънавиятимизга раҳна солишга, диний можароларни келтириб чиқаришга интилаётган айрим нопок кимсалар миссионерлик йўли билан фарзандларимизни йўлдан оздиришга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳол, ғанимларимиз режалаштирганидек, сиёсий, ижтимоий ва оилавий низолар келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Фикримизча, бунинг бир сабаби динимиз асосларини, унинг инсоният саодатини таъминловчи йўриқларини билмаслик оқибатидир. Зеро, айнан Ислом динимиз моҳиятини билмаганлар миссионерларнинг сафсаталарига кўр кўрона эргашадилар.

Қонунчилигимизда барча динларга эътиқод қилувчилар тенг ҳуқуқлидирлар. Лекин миссионерлик ва прозелитизм расман таъқиқланган. Шунга қарамай, миссионерлар ҳар хил олижаноб номлар остида давлат рўйхатидан ўтишга улгуришади. Пул бериб туриш, чет элга текин саёҳатлар уюштириш, турли “хайрия ёрдамлари” кўрсатиш каби қинғир йўллар билан юртдошларимизни ҳақ диндан чиқариб ботил динларига киритмоқдалар. Уларнинг бузуқ ақидаларини ёйишдан мақсади миллатимизни пароканда қилишдир. Бу дунёда авж олган исломофобиянинг бир кўринишидир. Миссионерларнинг қилмишларини ҳеч нима билан оқлаб бўлмайди. Ўзининг юртида черковлар масжидга айлантирилаётган, Исломни қабул қилаётганларнинг сафи кундан-кунга кўпаяётган бир паллада бу разил кимсалар Аллоҳ комил қилиб берган охирги дин Ислом номига туҳматлар қилишяпти. Тажрибасиз, онги тўла шаклланмаган ва диний эътиқоди ҳам суст бўлган ёшларни ўзларининг пуч ғоялари ва пул билан алдаб, имондан жудо қилишмоқда. Имом Аҳмад ва Байҳақий Жобирдан (р.а) ривоят қилишади: «Умар (р.а) Пайғамбаримизнинг (с.а.в) ҳузурларига келиб: «Бизлар яҳудийлардан ажойиб гапларни эшитамиз, ўша гапларнинг баъзиларини ёзиб олсак, нима дейсиз?» деб сўради. Расулуллоҳ (с.а.в): «Яҳудий ва насронийлар роҳибларнинг сўзларидан ажабланиб китобларини тарк қилганларидек, сизлар ҳам уларнинг гапларига учиб китобларингизни тарк қилмоқчимисиз? Мен сизларга уни гард юқмаган, мусаффо ҳолатда келтирганман. Агар Мусо (алайҳиссалом) тирик бўлганида эди, менга эргашишдан ўзга чораси бўлмас эди», дедилар». Динимиз асоси бўлган Қуръони карим олдинги китобларга амал этишни бекор қилди. Бу охирги самовий китоб ҳукми ҳамма замон ва маконга дахлдордир. Унинг ҳукмини ҳеч қандай китоб, ҳеч бир кимса бекор қилолмайди. 

Дарҳақиқат, асрлар мобайнида халқимизнинг онгу шуурига кириб, унинг жон томири сингари жой олган, Аллоҳ комил қилиб берган муқаддас динимиз бор. Миллат келажаги унинг эртанги соғлом турмуши учун бу каби разил тоифаларга қарши биргаликда ҳаракат қилмоғимиз лозим. Асрлар мобайнида бизгача етиб келган аждодларимиз мероси, миллий қадриятлари, улар ҳаётининг асосий омили бўлиб хизмат қилган муқаддас динимиз келажак авлод учун ҳам шундай бўлиб қолажак. Аллоҳ таоло берган улуғ неъмат тинчлик-осойишталикнинг қадрига етиб, диёримизни ёвуз кучлардан сақлаш ҳар бир мусулмон зиммасидаги бурчдир. Яратган зот адашганларга диёнат, тавфиқ ато айласин.

М.Авезов

Имом Фахриддин ар-Розий ислом билим юрти мударриси

Izoh qoldirish

Izohlar