“ОММАВИЙ МАДАНИЯТ” – МАЪНАВИЯТ КУШАНДАСИ
Мамлакатимиз кучли демократик жамият қуриш йўлидан борар экан, бу йўлда ҳар бир инсоннинг маънавий баркамол бўлмоғи талаб этилади. Маънавий жиҳатдан етук, юксак маданиятли инсонгина жамиятда кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар, амалга тадбиқ этилаётган кенг кўламдаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини онгли равишда тўғри англайди, бу жараёнларда иштирок этишни фуқаролик бурчи санайди, тақдим этилаётган ахборотларга холисона баҳо беради ва бузғунчиликларга тарғиб қилувчи турли ёт ғояларга қарши тура олади.
Инсон ақл ва эътиқод воситасида яхшилик ва ёмонликни фарқлаши мумкин. Бундай фарқлаш охир-оқибатда унинг онгида маънавий таҳдидга қарши иммунитетнинг ҳосил бўлишига олиб келади. Айни шу танлаш орқали жаннат ёки дўзахга киради, осий бўлади ёки савоб олади.
Тан касаллиги оғиздан кирса, руҳий, маънавий касаллик кўз, қулоқдан кириб, эгасини йўлдан оздиради. Четдан биз учун мутлақо ёт, маънавий ва ахлоқий тубанлик иллатлари уларни кўрган, эшитган, тақлид қилган ёшларни маънавий бемор қилади. Маънавий касалликнинг иситмаси одамнинг ниятларида, айтган гапларида, қилиқ-қилмишларида ошкор бўла бошлайди. Ўз қадрдонлари орасида ўзини ўзгача, бегонача тута бошлайди. Ота-боболарининг миллий урф-одат, маънавий қадриятларига беписанд қараш даражасигача тубанлашади.
Ота-боболаримиз эътиқод қилиб келган ислом дини ҳар бир мўминни ўз миллий қадриятларини қадрлашга, бировлар сирти ялтироқ, ичи қалтироқ қадриятларни кўз-кўз қилса, ўз миллатидан кечиб, уларга қўшилиб кетмасликка чақирган: “Ва сизлар бир миллат бошқа миллатдан (сон ё бойлик жиҳатдан) ортиқроқ бўлгани учун қасамларингизни (бузиб) алдов воситасида қилишингиз билан (яъни бошқа бойроқ ва кучлироқ қавмни топсангиз, аввалги қасамларингиздан кечиб кетаверишингиз билан) худди ўзи тўқиган нарсасини пишиқ-пухта бўлганидан сўнг парча-парча бузиб-чуватиб ташлаган хотинга ўхшаб қолмангиз! Албатта, Аллоҳ бу (аҳдга вафо қилишга буюриш) билан сизларни имтиҳон қилур ва албатта қиёмат кунида сизларга ихтилоф қилиб ўтган нарсаларингизни баён қилиб берур”[1].
Мана шу даъват ҳозир – XXI асрда қайта янгради: “Табиийки, «оммавий маданият» деган ниқоб остида ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм ғояларини тарқатиш, керак бўлса, шунинг ҳисобидан бойлик орттириш, бошқа халқларнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизларига беписандлик, уларни қўпоришга қаратилган хатарли таҳдидлар одамни ташвишга солмай қўймайди”, деб огоҳлантирди бизни “Юксак маънавият – енгилмас куч” китоби.
Ақл нафсга бўйсундирилса, жиноятлар, бузуқликлар урчийди. “Оммавий маданият” шунинг тарафдори. Нафс ақлга бўйсундирилса, фазилатлар, яхшиликлар, одамнинг инсонлиги камолга етади. Ота-боболаримиз, миллий маънавиятимиз ана шунинг тарафдори. “Оммавий маданият”ни истеъмол қилганлар бузуқлик, зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм, маънавий негизларга беписандлик каби бизга хос бўлмаган маънавий касалликларга чалинади.
Инсонлар орасида “оммавий маданият”нинг авж олиши шахсни қимматли умрини зое кетказишга, вақтини беҳуда нарсаларга сарфлашга одатлантирмоқда; унга чалинган инсонларни жамиятдаги муҳим сиёсий воқеа-ҳодисалардан чалғитиб, компьютер, телевизор кабилар орқали тарқатилаётган турли кўриниш ва савиядаги кўнгилочар томошаларига боғланиб қолишига сабаб бўлмоқда.
“Оммавий маданият” тарғиботчиларининг қарашларига кўра, инсон эмас, аксинча, нарсалар эъзозда, қадрли; маънавий дунё эмас, балки маиший-истеъмолчилик туйғулари азиз. Бу ҳар қандай шахсда истеъмолчилик кайфиятининг қарор топишига замин яратади. Инсон ҳаётида моддий бойлик бирламчи аҳамият касб этади. Дунёдаги ҳеч бир миллий қадрият ёки бирор дин беҳаёликни тарғиб қилмайди. Аммо “оммавий маданият” инсон ўз истаклари, ҳавойи нафсига эрк бериши лозимлиги, кўнгли тусаган ишни истаган пайтда бажариши кераклигини тарғиб қилади. “Оммавий маданият” мактабидан ўтган авлод учун ҳаётнинг маъноси – автомобил, телевизор, музлаткичга эга бўлиш. Шунингдек, “оммавий маданият” шахс қизиқишлари, эҳтиёж ва манфаатларининг характерига ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда. Унинг натижаси ўлароқ, энг олий мақсад, улуғвор ниятлар ўрнини енгил-елпи туйғулар, кўнгилочар машғулотлар эгалламоқда.
“Оммавий маданият” маркетинг қоидалари асосида ишлайди. Аҳолининг маданий эҳтиёжларини сегментлаштиради. Болалар, ёшлар, ўрта ёшлилар, катталарнинг эҳтиёжларини ўрганиб, бузиб, ўзига мослайди.
Аввал ҳам учраган “оммавий маданият”: “Шум бола” фильмида бир европалик Тошкент бозорларидан бирида ўзбекларнинг бир тангасини олиб, эвазига “ойнаи жаҳони”дан яланғоч аёл суратини кўрсатади. Ҳозир ўша жанобнинг неваралари боболари касбини давом эттиришаётир. Бу ишни индустрияга айлантиришди. Уни одамларнинг инстинктларини уйғотиб, уларга хизмат қилувчи оммабоп, яъни, ҳамманинг пулларини чиқариб, келтириб берувчи “оммавий маданият”, деб аташди. Шунинг учун уни “Оммавий маданият бўлса, бу ҳаммабоп, яхши нарса экан-да”, деб тушунганлар ҳам йўқ эмас. Аслида, бу ном ҳам атайлаб, асл ният ва мазмунни ниқоблаш мақсадида шундай қўйилган.
“Оммавий маданият” замонавий, лекин миллий эмас. Шунинг учун муҳаббатни – кўнгилхушлик, меҳнатни – бизнес, бировга яхшилик қилишни – зарарли инвестиция, “ресурсларни мақсадсиз сарфлаш”, ҳаё, андишани – имкониятни бой бериш, ота-боболар ўгитларини – эскилик сарқити, деб билади.
Ижтимоий ҳаётимизнинг асосий пойдевори бўлмиш оиладек муқаддас қўрғоннинг бузилиши - маънавий бузилиш, маънавий айнишдан бошланиши маълум. Чунки олимлар оилаларни: шошиб, ўйламасдан ёки “ҳисоб-китоб” билан турмуш қуриш; хиёнат; характер, қарашларнинг тўғри келмаслиги; оила қуришга психологик, амалий тайёр эмаслик, инфантилизм, турмуш масалаларида нўноқлик, бир-биридан ҳафсаласи пир бўлиш; ичкиликбозлик парчалаётганини аниқлашган.
Мустақил Ўзбекистон дунёда бошланаётган оила институти инқирози таъсиридан миллий маънавият қўрғони бўлмиш оилаларни ҳимоялаш, мустаҳкамлаш, оиланинг нуфузини ошириш масаласига давлат сиёсатининг устувор йўналиши деб билади. Бу ҳар бир ориятли ўзбекистонликда ифтихор уйғотади.
“Оммавий маданият” фақат ўзбекнинг эмас, барча миллатларнинг маданиятларига хуруж қилмоқда. Бундай вазиятда ўзлигига содиқ ва замонавий миллат ютади. “Оммавий маданият” гирдобига тушган миллат ундан чиқа олмайди. Ўзбекнинг ўзлигига садоқати Ўзбекистонни ХХ1 асрнинг маънавий пойтахтига айлантиради!
Музаффар Авезов
Имом Фахридин ар-Розий ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси
[1] Қуръони карим маънолари таржима ва тафсири. Абдулазиз Мансур. – Т.: Шарқ, 2013 й.
Izohlar