10.11.2022

БУЮК САҲОБИЙ АНАС ИБН МОЛИК РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУ

Буюк саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудирлар. Аввал у зот билан танишиб олайлик:

Анас ибн Молик ибн Назр Ансорий Хазражий Нажжорийнинг кунялари Абу Ҳамза бўлиб, оналари Умму Сулайм бинти Милҳондир. Ёшлари ўнга етганда оналари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларига бердилар. Ўша кундан бошлаб, у зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Анас ибн Моликка муомалалари хўжайиннинг хизматчисига қилган муомаласидек бўлмай, отанинг боласига муомаласидек мулойим эди.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ўзлари айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор қилган ишимни нимага бундай қилдинг ёки буюрган ишимни нега қилмадинг, деб сўрамас эдилар. Балки «Аллоҳ хоҳлагани бўлади, хоҳламагани бўлмайди», дер эдилар».

Сайёр ибн Робийъадан ривоят қилинади:

«Анас ибн Молик айтди: «Бир куни онам билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бордик. Онам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Ходимингизнинг ҳаққига дуо қилинг», деганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳим, бунинг молу дунёсини кўп қилиб, умрини узоқ қилгин ва гуноҳларни мағфират айлагин», дедилар».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: «Анас ибн Моликдан бошқа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозларига ўхшаш намоз ўқийдиган бирор бир кишини кўрмадим», дейдилар. 

Сумома ибн Абдуллоҳ: «Анас ибн Молик намозда қиёмни узоқ қилар эди, ҳатто оёқларидан қон чиқиб кетарди», дейдилар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Анасни Баҳрайнга юбориш ҳақида ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан маслаҳат сўраганларида ҳазрати Умар Анаснинг тақвосини ва узоқ вақт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга яшаганини эътиборга олиб, «У оқил йигитлардан эди», деб мақтаганлар.

Бу зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Бадр жангидан ташқари барча жанг­ларда иштирок этдилар. Бадр жангида ёшлари кичкина бўлгани сабабли қатнаша олмаганлар. 

Анас ибн Молик ҳаммаси бўлиб, 2286 та ҳадис ривоят қилиб, Абу Ҳурайра ва Ибн Умарлардан кейинги ўринларни эгалладилар. Бу зотдан Ибн Сийрин, Собит ал-Буноний, Қатода, Ҳасан Басрий, Зуҳрий ва бошқалар ривоят қилишган. 

Анас розияллоҳу анҳу ҳаётларининг охирида Басрага кўчиб ўтдилар ва ўша ерда ҳижратнинг 93-йилида вафот этдилар. У зотни Муҳаммад ибн Сийрин ювиб, Қатода ибн Мудрик жанозаларини ўқидилар. Анас ибн Моликда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган ҳассача бўлиб, васиятларига биноан, вафотларидан кейин у киши билан бирга кўмилди. 

📚 «Ҳадис ва ҳаёт», Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг асарлари асосида Имом Фахриддин ар-Розий ислом билим юрти мударриси М,Юнусхўжаев тайёрлади.

Izoh qoldirish

Izohlar