НАБИЙ АЛАЙҲИССАЛОМНИ МЎМИНГИНА ЯХШИ КЎРАДИ
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Донни ёрган ва жонни халқ қилган Зот билан қасамки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга, мени фақат мўмингина яхши кўришини ва фақат мунофиқгина ёмон кўришини аҳд қилганлар».
Муслим, Термизий ва Насаийлар ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадис, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўчирма гап шаклида эмас, балки, у зотнинг гапларини ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг иборалари билан ифода этиш орқали ривоят қилинмоқда.
Албатта, саҳобаи киромларнинг ҳар бирлари улуғ инсонлардир. Уларнинг саҳобалик шарафларининг ўзи қанчалик катта мартаба, қолаверса, уларнинг ҳар бирлари Ислом учун қанчадан-қанча хизмат қилган зот ҳисобланадилар. Шу билан бирга, уларнинг ичида алоҳида мақомга эга бўлганлари ҳам бор. Шулардан ўн кишига Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам жаннатнинг башоратини берганлар. Ўша саодатманд зотлардан бири ҳазрати Алидирлар. Мазкур ўнликдан тўрт халифа яна алоҳида ажралиб турадилар. Тўрт халифанинг бири ҳам ҳазрати Алидирлар. Ҳазрати Алининг Ислом учун қилган хизматлари жуда катта. Бунинг устига у киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтларидан: амакиларининг ўғиллари, куёв ўғиллари, яъни аҳли жаннатнинг саййидаси Фотимаи Заҳронинг эрлари, Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайннинг оталаридир. Шунинг учун ҳам у кишини фақат мўмингина севиши ва фақат мунофиқгина ёмон кўриши ажабланарли эмас.
Ушбу ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, муайян бир шахсга муҳаббат қилишнинг ҳам иймон ва мунофиқликка дахли бор экан. Ҳа, ҳамма нарса иймон ўлчови билан ўлчанганда шундоқ бўлади. Кишини мансаби, пули, моли ёки бошқа нарсалари учун эмас, иймони учун, динга қилган хизматлари учунгина севилади.
📚 «Ҳадис ва ҳаёт», Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг асарлари асосида Имом Фахриддин ар-Розий ислом билим юрти мударриси М,Юнусхўжаев тайёрлади.
Izohlar