16.11.2022

МИЛЛАТЛАРАРО ТОТУВЛИК ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК ТАМОЙИЛЛАРИ

Минг шукрки, юртимиз тинч ва хотиржам. Халқимиз осойишта умргузаронлик қилмоқда. Буларнинг барчаси эл орасидаги аҳиллик ва тотувликнинг омилларидан бири бағрикенглик тамойилидир. Маълумки, бизнинг қадимий ва саховатли заминимизда, кўп асрлар давомида турли миллат ва элат, маданият ва дин вакиллари тинч-тотув яшаб келган. Меҳмондўстлик, эзгулик, қалб саховати ва том маънодаги бағрикенглик, бизнинг халқимизга доимо хос бўлган ва унинг менталитети асосини ташкил этади. Дунёда ҳар бир махлуқот биз инсонлар каби жуфт қилиб яратилган. Инсоният жуфтлигидан эса, жамиятнинг таянчи бўлган оилалар ташкил топган. Оилалар тинч-тотув бўлса жамият ҳам осойишта бўлади. Агарда оилада ҳузур-халоват йўқолса жамият ҳам нотинч бўлади. Авваламбор, оиладаги тинчлик унинг аъзолари ўртасидаги ўзаро хамжихатликда хуқуқ ва вазифаларга амал қилиш билан бўлади. Оила – инсоният жамиятининг асосий бўғини бўлиб келаётган муқаддас даргоҳ ҳисобланади. Аллоҳ таоло ўзининг пайғамбарлари орқали оила масаласига алоҳида аҳамият бериб, унинг мустаҳкам бўлиши учун низом ва қонунлар жорий этган. Қуръони каримда уйланиб, оила қуриш пайғамбарларнинг суннати эканлигини таъкидлаб бундай дейди: «Дарҳақиқат, Сиздан илгари ҳам (кўп) пайғамбарлар юборганмиз ва уларга хотинлар ва зурриётлар берганмиз» (Раъд сураси, 38-оят). Динимизда оила фаровонлиги, саодати учун оила аъзолари ўзларини қандай тутишлари лозимлиги, эр-хотиннинг бурч ва вазифалари, оила бузилишини олдини олиш борасида кўплаб тавсиялар берилган. Жумладан, Аллоҳ таоло: «Сизлар эслатма олишларингиз учун Биз ҳар бир нарсани жуфт-жуфт қилиб яратдик”, деб марҳамат қилган («Зориёт» сураси, 49-оят).
Мусулмон киши ёшлигидан оилавий муносабатларга тайёргарлик кўришни бошлаб, келажакда елкасига тушадиган масъулиятни кўтаришга маънан ҳозирланиб боради. Балоғат ёшига етгач эса, ислом дини кўрсатмаларига мувофиқ оила қуради. Маънан ва жисмонан соғлом бола тарбиясининг асоси ҳам айнан муносиб никоҳ қуришда қўйилади.
Айни пайтда, ислом манбаларида оилани мустаҳкамлашга қанчалик чақирилган бўлса, уни бузилишидан шунчалик қайтарилган. Иқтисодий етишмовчилик, ғийбат, туҳмат, турли гап-сўзлар сабаб юзага келувчи оилавий келишмовчилик, сабрсизлик, енгил ҳаёт иштиёқида никоҳни бузиш ёки бировнинг оиласи тинчлигига раҳна солиш исломда қаттиқ қораланган. Бу борада ҳадиси шарифларда: «Ким бировнинг ёки ўз ходимининг оиласида можаро ва низо чиқишига сабабчи бўлса, у ислом аҳлидан эмас», дейилган.
Аёл оиланинг бир бўғини ҳисобланади. Жоҳилият даврларида аёлларга паст назар билан қараганлар. Ислом дини эса, аёлларга катта хуқуқлар бериши билан бирга шарафли ва масъулиятли вазифаларни ҳам юклайди. Албатта, бу аёлнинг оилада ўзига хос ўрни борлигининг ишорасидир. Расулуллоҳ (с.а.в) дан саҳобалар:  “Ҳар биримизнинг зиммамиздаги хотинларимизнинг ҳақлари нималардан иборат?”- деб сўрашганида, У Зот: “Ўзингиз еганингиздан едирмоғингиз, кийганинггиздан кийдирмоғингиз, юзига урмаслигингиз, ёмон сўзлар билан хақорат қилмаслигинггиз, уришиб қолган тақдирингизда ҳам фақат уйнинг ташқарисига чиқмасдан ётоқ ичида тўшагингизни бўлак қилиб юришинггиз мумкин”деб жавоб берганлар.     Яратганга шукрлар бўлсинким, истиқлолдан кейин ҳам аёл қадри ва шаъни тикланди. Аёлларимиз жамиятда ўз ўрнига, мавқеига эга бўлди. Уларнинг оилада ҳам муносиб ўрни борки, оила қўрғонини аёлларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Юқоридагилардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, исломда оила ва никоҳ масалаларига алоҳида эътибор берилиб, эр-хотин муносабатлари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилган. Шунингдек, никоҳга бўлган тарғиб, у пайғамбарларнинг суннатларидан экани, унга эргашиш кераклиги таъкидланган.
Шу билан бир қаторда, муқаддас манбаларимизда оиланинг бузилиши қаттиқ қораланиб, жумладан: «Уйланинглар, талоқ берманглар. Чунки талоқ деганда Арш ларзага келади», дейилган. Шундай экан, жамиятнинг муҳим бўғини бўлган оилаларни асраш, бузилишига йўл қўймаслик, фарзанд тарбияси учун муносиб муҳит ва шарт-шароит яратиш юрт истиқболини белгиловчи муҳим омиллар эканини ёдда тутиш зарур бўлади. Юртимизни турли миллатлар ўзида жам бўлган катта бир оилага қиёс қилсак, мустақилликка эришган мамлакатимизнинг миллатлараро тотувлик борасида амалга ошираётган чора-тадбирлари ва қўлга киритаётган ютуқларини ҳисобга олсак, бу ҳар биримиз учун ҳам қувонарли жараёндир. Ота-боболаримизнинг аҳиллик, тинч-тотув ва фаровон ҳаёт учун қилаётган саъй-ҳаракатларидан тўғри хулоса чиқариб, уларнинг бу эзгу ишларини давом эттирсак – Она юртимиз учун муносиб ҳиссамизни қўшган бўламиз.


У.Рахимов
Имом Фахриддин ар-Розий 
ислом билим юрти мудир муовини

Izoh qoldirish

Izohlar