03.02.2023

Жаҳон илм-фанида бурилиш ясаган беш мусулмон олими

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Замонавий дунёда дин билан бир-бирига қарши, динга эътиқод қилувчилар илм-фан соҳасида катта ютуққа эриша олмайди деган тушунча кенг тарқалган. Бу тарихга евроцентрик қарашнинг мантиқсиз натижасидир. Чунки замонавий таълим тизими мусулмон оламининг бой табиий-илмий меросини ҳисобга олмайди. Аммо тарихий фактлар буни аксини кўрсатади, дея ёзади Islam Today нашри. 

 



Ўрта асрларда Европа ўз диний ақидаларини қатъий ва изчил ҳимоя қилган пайтда, мусулмон мамлакатлар илмий тадқиқотлар билан шуғулланишган. Илмий ва технологик тараққиётнинг асосий мотиваторлари ҳам айнан мусулмонлар бўлган.

Қуйида 5 нафар мусулмон кашфиётчилари берилган:

1.    Ибн ал-Ҳайсам
Ғарбда «Алҳазен» номи билан машҳур. Ҳасан ибн ал-Ҳайсам замонавий илмий методнинг отаси ҳисобланади. Бу метод ўтган минг йилликнинг барча технологик ютуқларининг асосида ётади.

 



2015 йилда БМТ UNESCO’нинг Жаҳон йили доирасида у эсга олинган. У биринчи бўлиб,  ёруғлик тўлқинларининг хатти-ҳаракатини тушунтириб берган. Шунинг учун у замонавий оптиканинг асосчиси сифатида танилган. Унинг тадқиқотидан олдин, инсон кўзлари кўриш мумкин бўлган «нурли тўлқинлар»ни ажратиб олади, дея ҳисобланган. Ибн Ҳайсам эса тажриба йўли билан аслида кўзларимиздаги ёруғлик атрофимиздаги дунёни кўришга имкон беришини исботлаб берган. Унинг математик билимлари кучли эди. Ибн ал-Ҳайсам ўз давридан анча илгарилаб кетган. У инсониятнинг даҳоси сифатида қадрга лойиқ олимдир.


2.    Ал-Жазорий
Табиатшунос ва ихтирочи Исмоил ал-Жазорий деярли 900 йил олдин Жанубий Туркияда туғилган. Санъат ва соатсозликни уйғунлаштиргани сабаб ҳайратланарли даражада тўғри сув соатларини яратган. Уларнинг энг машҳурлари «Фил соатлар». Бироқ унинг энг муҳим ютуқлари бош муҳандис сифатида ишлаганлиги туфайли эришилган. 

 



«Механика санъати назарияси ва фойдали амалиёти» асарида у 100 дан ортиқ ихтиролари ва уларни яратиш йўллари ҳақида ёзган. У чизиқли ва айланиш ҳаракати ўртасидан ўтадиган тарқатувчи вал, сегментли ўтказгич ва сув двигателларини яратиш ҳақида яна бир боб ёзган. Кейинчалик яратилган буғли двигателлар, ундан кейинги замонавий бензинли двигателлар худди шу тамойилга асосланган.


3.    Аз-Заҳварий
Ғарбда Абулкассис номи билан машҳур. Абу ал-Қосим аз-Заҳварий замонавий жарроҳликнинг отаси ҳисобланади. 200 дан ортиқ жарроҳлик асбобларини ихтиро қилган. Халифа Қурдоба саройида табиб бўлиб ишлаган. Унинг тиббиётга оид 30 томлик «Китоб ал-Тасриф» асари бутун Европа, Осиё ва Африка бўйлаб тарқалган. Ҳатто бугунги кунда ҳам жарроҳликда у минг йил аввал яратган усуллар ва кашфиётлардан фойдаланилади. Аз-Заҳварий ҳомиладорлик ва фарзанд кўриш жараёни бўйича ҳам фанга янгиликлар киритган.  Жарроҳлик йўли билан фарзанд кўришда эриб кетадиган кетгутдан (жарроҳликда ишлатиладиган қўй, эчки ичагидан эшилган ип) фойдаланиш усулини ҳам у кашф қилган. Бу жуда кўп аёлларнинг ҳаётини сақлаб қолган. Аммо бу унинг 50 йиллик тиббий фаолиятидаги кашфиётлардан бири.


4.    Ал-Жоҳиз
Ал-Жоҳиз биринчи навбатда «Китоб ал-ҳайван» (Ҳайвонлар ҳақида китоб) асари билан машҳур. Ушбу кўп томлик асарда ҳайвонларнинг 350 турини батафсил тасвирлаган. Бундан ташқари, исломдан олдинги шеърият намуналари, шахсий кузатувлар, ҳажвиялар, ҳикоялар ва Аристотелнинг ҳайвонот олами ҳақидаги фикрларини ҳам китобдан жой олган.

 



«Ҳайвонлар ҳақида китоб»даги кўп илмий маълумотлар тарихий ва илмий аҳамиятга эга. Ал-Жоҳиз бу китобда биологик эволюция тушунчасини тақдим этган. Ҳайвонлар ва ҳашаротларни кузатгандан кейин, ал-Жоҳиз ҳайвонларнинг эволюциясига таъсир қилувчи қандайдир механизмлар бўлиши керак, деган хулосага келган. Бу ерда таъкидланиш керакки, бу кашфиётларни мусулмон мутафаккир ал-Жоҳиз Дарвиндан 1000 йил олдин ёзиб кетган. Ал-Жоҳиз эволюциянинг уч асосий механизми ҳақида ёзади: яшаш учун кураш, турларнинг бир-бирига айланиши ва атроф-муҳит омиллари.


5.    Аббос ибн Фирнас
Баъзи олимларнинг фикрига кўра, ибн Фирнас учиш аппаратининг биринчи ихтирочиси бўлган. Унинг планёрида (моторсиз учадиган аппарат) бошқарув тизими чекланган ва дизайни қўпол эди. Шунинг учун бир неча бор қулаган. Аммо ўз даври учун бу катта ютуқ эди. Ойда унинг номи қўйилган кратер бор.

 


Манба: daryo.uz

Izoh qoldirish

Izohlar