21.02.2023

Рамазонга_тайёргарлик_Эътикоф

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.
Бандаларига дин қилиб дини Исломни танлаган ва уни Ўзининг ҳабиби бўлган Муҳаммад алайҳис солату вассалам орқали биз гуноҳкор бандаларига юборган зот Аллоҳ таолога битмас туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Ислом динини энг кичик арконларигача аниқ қилиб кўрсатиб, ўргатиб кетган зот, Муҳаммад алайҳис солату вассаламга дуруду саловатлар бўлсин.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллмнинг суннат амалларидан бири, савоби энг улуғ ибодатлардан бири, рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтиришдир.

Оиша онамиздан ривоят қилинган ҳадисда : Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вофотларигача рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтирганликлари, ҳамда, у зотдан кейин аёллари ҳам этикоф ўтирганликлари айтилган...

وَعَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ «أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ - صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ - قَالَ فِي الْمُعْتَكَفِ: « هُوَ يَعْتَكِفُ الذُّنُوبَ وَيُجْرَى لَهُ مِنَ الْحَسَنَاتِ كَعَامِلِ الْحَسَنَاتِ كُلِّهَا»

Ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эътикоф ўтирган одам ҳақида : »Эътикофда ўтирган киши гуноҳлардан тийилиб ўтиради, ваҳоланки, унга кўп яхшликлар ёзилади, ҳудди, ўша яхшиликларни бажараётган кишига ёзилганидек « деб марҳамат қилдилар.

Эътикоф ўтириш мустаҳаб амал. Рамазон ойининг охирги 10 кунлигида эътикоф ўтириш суннати муаккада ( таъкидланган суннат) амалларидан бўлади.

Эътикоф луғатда : »Уйида ўтирмоқ, уйидан чиқмаслик« деган маʼноларда келади.
Истилоҳда : »Эътикоф ниятида, рўза ҳолида бир кун масжидда ибодат қилиш". 
Эътикофда аёлини ушлаш, уни ўпиш ёки у билан яқинлик қилиш каби амаллар ман қилинган.
Бу ҳолатларда эътикоф бузилади ва қазоси вожиб бўлади.
Аллоҳ таоло ўзининг каломида {... Масжидларда эътикофда бўлган чоғингизда (кечалар ҳам)  улар (ҳотинларингиз) билан қўшилманг...} бақара сураси 187 - оят.

Эркак киши масжидда рўза тутган ҳолида 1 кун ўтиради , инсоний ҳожатлардан бошқа ҳеч нарсага  ташқарига чиқмайди .
Мазҳаб бошимиз Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) агар озгина вақтга  узурсиз ташқарига чиқса эътикоф  бузилади деганлар.
Шогирдлари  Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад (раҳимаҳуллоҳлар) узурсиз ташқарига чиққанда кун ярмидан ўтиб кетмаса бузилмайди деганлар.
Имом Муҳаммад (раҳимаҳуллоҳ) озгина вақтни ният қилиб рўза тутмасдан ҳам этикоф ўтирса бўлади деганлар. 
Аёллар эрларидан руҳсат олиб уйларида этикоф ўтирадилар. Уларга ҳам юқоридаги ҳукимлар жорий бўлади. 
Эътикофда хоҳлаганча ибодат қилинади. Сукут қилиб ўтириш макруҳ.
Эътикоф бомдод намози вақтидадан бошланади ва шом намози вақтигача давом этади . Агар кетмакет бир неча кунларни ният қилган бўлса, оқшомлар ҳам эътикоф вақтидан бўлади.

Гувоҳи бўлганингиздек, бу амал ҳечқандай қийинчиликсиз адо этиладиган ибодатлардан. Дам олиш кунлари масжидга бориб эътикофда бўлсак ҳам руҳан ҳам жисмонан дам оламиз. Ҳамда, ҳадисда келганидек, гуноҳлардан тийилиб, кўплаб савобларга эга бўламиз. Ҳеч бўлмаса ҳар жамоат намозига борганимизда эътикофни ният қилиб кирсак, масжиддан чиқгунимизча эътикоф савоби ёзилиб туради.
Барчамиз интиқлик билан кутаётган муборак Рамазон ойида шу каби ибодатларни кўпроқ адо этишга ҳаракат қилайлик.

Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом билим юрти

 3 - босқич талабаси Абдуллахонов Муртазо тайёрлади

Izoh qoldirish

Izohlar