Таҳоратнинг фазилати
Бандаларига покиза ҳолда ибодат қилишни ва қалбларини Ўзининг нури ва лутфи нозил бўлиши учун поклашга буюрган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин.
Ҳидоят нури ила бурканган, покликка энг ҳарис бўлган зотга ва у кишининг покиза аҳлларига саловат ва саломларимиз бўлсин.
Муқаддас Динимизда покликка алоҳида эътибор қаратилади. Фиқҳ китобларимизнинг барчаси поклик китоби билан бошланиши бунга яққол далил бўла олади.
Бу мақоламизда сиз азизлар билан таҳотар фазилатига далолат қилувчи, сиз билган ва билмаган ҳадислар билан танишиб чиқамиз.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар:
,,Ким чиройли таҳорат қилса, икки ракат намоз ўқиса ва у иккисининг орасида дунё ишларини гапирмаса, аввал ўтган барча гуноҳлари кечирилади.«
Икки Имом ривояти
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар:
,,Аллоҳ у иш сабабли сизларнинг гуноҳларингизни кечириб юборадиган амалга сизларни далолат қилайми?! Мукаммал таҳорат қилиш, масжидларга қадамларни кўпайтириш ва бир намоздан сўнг иккинчи намозни вақтини кутиш. Бу сизлар учун рибот (жанг майдони) кабидир.»
Имом Муслим ривояти
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир мартадан аъзоларини ювиб таҳорат қилдилар ва айтдилар:
,,Бу таҳоратдир, Аллоҳ таоло мана шу таҳорат билангина намозларни қабул қилади.«
Сўнгра икки мартадан аъзоларини ювиб таҳорат қилдилар ва айтдилар:
,,Ким икки марта ювиб таҳорат қилса, Аллоҳ таоло унга савобини икки марта кўп беради.»
Сўнгра уч мартадан аъзоларини ювиб таҳорат қилдилар ва марҳамат қилдилар:
,,Бу менинг ва мендан аввалги пайғамбарларнинг таҳоратидир. Иброҳим Халилуллоҳнинг таҳорати ҳам мана шу бўлган.«
Ибн Можа ривояти
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар:
,,Ким таҳорат вақтида Аллоҳни эсласа, Аллоҳ таоло уни жасадини барчасини поклайди. Ким Аллоҳ таолони эсламаса, фақат сув теккан жойинигина поклайди.»
Имом Доруқутний ривояти
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар:
,,Ким таҳорат устига таҳорат қилса, Аллоҳ унга ўнта ҳасанот ёзади.«
Абу Довуд ривояти
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар:
,,Таҳорат устига таҳорат нур устига нурдир.»
Ҳофиз Саҳовий ривояти
Бу ҳадислар таҳоратни янгилашнинг фазлига далолат қилади.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар:
,,Агар мусулмон банда таҳорат қилса ва ғарғара қилса, оғзидан хатолари чиқиб кетади. Агар бурнини чайса, ундан хатолари чиқиб кетади. Агар юзини ювса, юзидан хатолари тўкилади ҳатто кўзининг остидаги гуноҳлари ҳам. Агар икки қўлини ювса, қўлларидаги хатолари тўкилади ҳатто тирноқлари остидагилари ҳам. Агар бошига масъҳ тортса, бошидаги барча хатолари тўкилади ҳаттоки қулоқларидаги гуноҳлари ҳам. Агар оёқларини ювса, оёқларидаги хатолари тўкилади ҳаттоки тирноқлари остидаги хатолари ҳам. Сўнгра унинг масжидга юриши ва намози унинг учун нафл бўлади.«
Имом Молик ривояти
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар:
,,Ким чиройли таҳорат қилса сўнгра, осмонга қараб:
,,Ашҳаду алла Илаҳа иллаллоҳу ваҳҳдаҳу ла шарика лаҳ, ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва росулуҳ.», деса, унга жамнатнинг саккиз эшиги очилади ва улардан хоҳлаганидан киради."
Имом Абу Довуд ривояти
Ҳурматли ўқувчи, мана қаранг, Росули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам биз умматларига таҳоратни фазлини нақадар кенг ва тушунарли қилиб баён қилганлар. Энди биз уммат ўлароқ ушбу кўрсатмаларга амал қилишимиз даркордир.
Аллоҳ таоло покликни севувчи покиза бандалари қаторида қилсин.
Вассалому алайкум ва роҳматуллоҳ.
САИДМУҲАММАД Маидинхонов
Имом Фахриддин ар-Розий ислом билим юрти 4-курс талабаси.
Izohlar