НАМОЗНИНГ ФАЗИЛАТИ
Аллоҳ таоло Ўзининг муборак каломида марҳамат қилади:
,,Албатта, намоз мўминларга ўз вақтида фазр қилингандир.« (Нисо 103-оят)
Аллоҳ таоло бизларга неъмат қилиб берган ибодатлардан бири, Динимизнинг беш устунидан бири бўлган намоз эканлиги ҳеч биримизга сир эмас.
Ҳар бир мусулмонликни даъво қилувчи инсон намоз ўқиши зарур ҳисобланади. Чунки Аллоҳ таоло жуда кўп маротаба бандаларини намоз ўқишга буюрган. Аслида Аллоҳ таоло бир марта бирор ишга буюрса, у бандалари учун фарз бўлишига кифоя қилади. Лекин, эътибор беринг, Аллоҳ таоло намознинг аҳамияти буюклигидан бир марта буюриш билан кифояланмади, балки, Қуръоннинг кўплаб жойларида намозни қоим қилишга буюрди.
Бу мақоламизда сиз билан ҳар куни адо қилаётган намозларимизнинг фазли қанчалар улуғлиги борасида суҳбатлашамиз.
Бу борада, албатта, ҳадиси шарифларга мурожаат қиламиз.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар:
,,Беш вақт намозни Аллоҳ таоло бандаларига фарз қилди. Бас, ким уларни ўқийдиган бўлса ва уларни ҳаққини зоя қилмаса, намозлари у билан Аллоҳ ўртасида жаннатга киришга кафолат бўлади.
Ким намозларни зоя қиладиган бўлса, Аллоҳ ва у орасида кафолат бўлмайди. Аллоҳ таоло хоҳласа уни азоблайди, хоҳласа жаннатга киргазади.»
Абу Довуд ривояти
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар:
,,Беш вақт намознинг мисоли- сизларнинг бирингизни эшигининг олдида зилол сувли дарё ўқиб, ундан беш маҳал ювунгани кабидир. Унда бирор кирлик қоладими?!«
Саҳобалар:
,,Ҳеч нарса қолмайди», дедилар.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
,,Албатта, беш вақт намоз гуноҳларни ҳудди сув кирликларни кетказгани цингани кетказади.«
Имом Муслим ривояти
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар:
,,Албатта, беш вақт намоз орасидаги гуноҳларга каффоратдир, кабира гуноҳлар бундан мустасно.»
Имом Муслим ривояти
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар:
,,Биз ва мунофиқларнинг орасида ҳуфтон ва бамдод намозлари бор. Мунофиқлар бу намозларга қодир бўлмайдилар.«
Имом Молик ривояти
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар:
,,Ким Аллоҳ таолога намозларни зоя қилган ҳолида йўлиқса, Аллоҳ у кимсанинг бошқа яхшиликларига қарамайди.»
Табароний ривояти
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар:
,,Намоз Диннинг устунидир, ким уни тарк қилса, батаҳқиқ, Динни бузибди.«
Байҳақий ривояти
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрашди:
,,Энг афзал амал қайси?»
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар:
,,Ўз вақтида ўқилган намоз.«
Имом Бухорий ривояти
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар:
,,Ким беш вақт намозни таҳорати ва вақтларини зоя қилмасдан адо қилса, Қиёмат кунида унга нур ва ҳужжат бўлади.
Кимки уни зоя қилса, Қиёматда Фираъвн ва Ҳомон билан бирга жамланади.»
Имом Аҳмад ривояти
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар:
,,Жаннатнинг калити намоздир.«
Термизий ривояти
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар:
,,Ким намозни қасддан тарк қилса, Муҳаммад алайҳиссаломнинг зиммасидан чиқибди.»
Имом Аҳмад ривояти
Имом Молик ,,Муватто«да келтирадилар:
,,Ривоят қилинишича, Қиёмат кунида бандаларнинг энг аввал қараладиган амали намозидир. Агар, у комил бўлса, ундан қолган амаллари ҳам қабул қилинади. Агар у ноқис бўлса, унга бошқа амаллари ҳам қайтарилади.»
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар:
,,Эй Абу Ҳурайра!
Аҳлингни намозга буюр, Аллоҳ таоло ризқингни ўзинг кутмаган жойдан бериб қўяди."
Ҳофиз Ироқий ривояти
Мана сизлар билан намознинг фазилатини ҳам баҳоли қудрат танишиб чиқдик. Энди яна ҳам намозга эътиборли бўлишимиз зарур. Чунки инсоннинг ўрганган илми унинг фойдасига ёки зиёнига бўлади. Агар ўрганиб унга амал қилсак, фойдамизга, агарда амал қилмасак, бизнинг зиёнимизга ҳужжат бўлади.
Аллоҳ таоло намозни тўла тўкис адо қилувчи, ибодатда бардавом бандаларидан айласин.
Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ
САИДМУҲАММАД Маидинхонов
Имом Фахриддин ар-Розий ислом билим юрти 4-курс талабаси.
Izohlar