08.09.2023

БЕМОРЛАРНИ ЗИЁРАТ ҚИЛИШДАГИ ОДОБЛАР!

Беморни кўргани бориш ва унга ширин муомала қилиш ҳақида жуда кўплаб Ҳадиси шарифлар ривоят қилинган. Бу Ҳадислардан Бу ишни қилиш ҳар бир мусумоннинг диний бурчи еканлиги ва биз ўз динимиз кўрсатмасига амал қилиб, беморларимизни ўз вақтида кўргани бориб юрсак ҳар томонлама фойда бўлаишини кўрамиз. Ана шундай Ҳадислардан бирида:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ азза ва жалла қиёмат куни: «Эй, Одам боласи, бемор бўлдим, кўргани келмадинг?!» дейди.

«Эй, Роббим, қандоқ қилиб Сени кўргани бораман? Сен Роббул Оламийн бўлсанг?» дер.

«Билмадингми? Бандам фалончи бемор бўлди. Сен уни кўргани бормадинг. Билмадингми? Агар сен уни кўргани борганингда, Мени унинг ҳузурида топган бўлар эдинг. Эй Одам боласи, сендан таом сўрадим, Менга таом бермадинг?!» дейди.

«Эй, Роббим, қандоқ қилиб Сенга таом берайин? Сен Роббул Оламийн бўлсанг?» дер.

«Билмадингми? Бандам фалончи сендан таом сўради. Сен унга таом бермадинг. Билмадингми? Агар сен унга таом берганингда, ўшани Менинг ҳузуримда топган бўлар эдинг. Эй, Одам боласи, сендан сероб қилишни сўрадим, Мени сероб қилмадинг?!» дейди.

«Эй, Роббим, Қандоқ қилиб Сени сероб қилай? Сен Роббул Оламийн бўлсанг?» дер.

«Бандам фалончи сендан сероб қилишни сўради. Сен уни сероб қилмадинг. Агар сен уни сероб қилганингда, ўшани Менинг ҳузуримда топган бўлар эдинг», дейди». Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси қудусийда муҳтож кишиларга таом ва шароб тутиш худди Аллоҳ таолога таом ва шароб тутишга тенглаштирилмоқда. Бундай улуғ ишни қилишга имкони бўлган ҳар бир мусулмон, албатта, уни амалга ошириши лозим бўлади. Аллоҳ таолонинг, «ўшани Менинг ҳузуримда топган бўлар эдинг», дейиши, ўша ишнинг савобини, деганидир.

Биз бу ривоятдан ҳозир далил бўладиган жойи қуйидаги қисмидир:

«Эй, Одам боласи, бемор бўлдим, кўргани келмадинг?!» дейди.

«Эй, Роббим, қандоқ қилиб Сени кўргани бораман? Сен Роббул Оламийн бўлсанг?» дер.

«Билмадингми? Бандам фалончи бемор бўлди. Сен уни кўргани бормадинг. Билмадингми? Агар сен уни кўргани борганингда, Мени унинг ҳузурида топган бўлар эдинг».

Демак, бир бемор бандани кўргани борган одам жуда улуғ иш қилган бўлар экан. Бир бандани бемор бўлганини билиб туриб уни кўргани бормаган одам эса, катта нуқсонга йўл қўйган бўлар экан.

Шунинг учун таниш-билишларимиздан бемор бўлган кишиларни дарҳол кўргани боришга ҳаракат қилмоғимиз лозим.

Динимизда ҳар бир хайрли ишнинг одоби бўлгани каби, уламоларимиз беморнинг зиёрати бобидаги одобларни қуйидагича санаб берганлар:

  • Авваломбор биз кўрмоқчи бўлган беморга Шифокор бошқа инсонлар билан кўришишни ман қилган ёки қилмаганини билиш лозим ” чунки COVID-19, Қизамиқ ва бошқа юқумли касалликга учраган беморлар билан кўришиш мумкин эмас бу Ҳадисларда ва тиббиётда баён қилинган” шундай беморларни кўраман деб шифокорларга пул, ёки қандайдир таниш-билиш, ва пўпса қилиш мусулмон кишига тўғри келмайдиган ишлардандир.
  • Хасталанган кишининг ҳузурига кирганда, очиқ юз, хуш кўнгил, шафқат билан муомала қилинади, унинг юзига синчиклаб қаралмайди, кўп ва қаттиқ овозда гапирилмайди.
  • Касал кўриш чоғида беморга дард – Аллоҳнинг бир неъмати экани, банда унга сабр қилса, Аллоҳ таоло билиб-билмасдан қилинган гуноҳларни кечиришини айтиб, беморни кўнгли кўтарилади.
  • Беморнинг бош-кўзи, манглайи, оёқ-қўлини силаб, яхши сўзлар билан кўнгли кўтарилади, дард вақтинчалик эканини айтиб, тасалли берилади.
  • Касал кишининг зиёратига озроқ ҳадя олиб, салом билан кирилади ва унга яқин, иложи бўлса, бош томонида ўтириб, аҳволи сўралади.
  • Беморни зиёрат қилиш – Аллоҳ таолони зиёрат қилишга тенглаштирилган, хаста киши гарчи ғайридин киши бўлса ҳам, ҳол сўраш яхшидир.
  • Касал бўлган одамни бориб кўришнинг савоби ва фазилати жуда кўп. Беморни зиёрат қилиш, ундан ҳол-аҳвол сўраш, бирор етишмовчилиги бўлса, кўмаклашиб юбориш – мусулмон киши зиммасидаги зарур вазифалардандир.
  • Унинг ҳузурида паст овозда, табассум билан гапирилади, “Кўнглингиз нима тилайди?” – деб сўралади. Агар у хоҳлаган нарсасини айтса ва бу унга зарар қилмаса, хоҳ ўзи, хоҳ яқинлари орқали топиб беришга ҳаракат қилинади.
  • Бемор ётган уйда кулиш, йиғлаш яхши эмас, ҳар хил кинояли, оғир ботадиган, кўнгилга келадиган сўзларни айтилмайди.
  • Агар зарурат бўлмаса, касал кўргани кечаси бормаган маъқул, чунки дард одатда кечга бориб кучайиб, беморнинг аҳволи танглашади ёки у чарчаб, оромга шайланган бўлади.
  • Касални толиқтириб қўймаслик учун унинг олдида узоқ ўтирилмайди. Ўзининг розилиги бўлса, бир оз ўтириб, кўнглини кўтарувчи ибратли ҳикоялар сўзлаб турилади. Гапи совуқ, бефаросат кишиларни беморнинг ёнига йўлатмаган маъқул.
  • Хасталикка чалинган киши ҳам, ўз навбатида, келганларга дарди ҳақида гапириб, ҳикоя қилавермаслиги, фақат сўралгандагина жавоб қайтариши керак. У дарди кучайганида, ўзига ўлим тиламай, Аллоҳдан шифо сўрайди ва шукрона айтади.
  • Беморнинг ҳузуридан тураётганда, унинг ҳаққига дуо қилиб, Аллоҳдан шифо сўралади. Имкон бўлса беморни дуоси олинади. Чунки унинг дуоси ижобатдир. Хайрлашишда “Худо хоҳласа, тезда тузалиб кетасиз”, “Дард ҳам бир меҳмон, ҳали соғайиб кетасиз” каби сўзлар билан тасалли берилади.

Бу ишни қилиш ҳар бир мусумоннинг диний бурчидир. Биз ўз динимиз кўрсатмасига амал қилиб, беморларимизни ўз вақтида кўргани бориб юрсак ҳар томонлама фойда бўлади.

Бошқа миллатларда шу нарсага муҳтожлар. Беморларини кўргани бориш унчалик кўнгилдагидек бўлмаган жойлар ҳам бор экан. Ҳатто баъзи жойларда фалон шифохонадаги бир беморнинг ҳолидан хабар олиб бунча вақт гаплашиб ўтирган одамга манавунча ҳақ берамиз, деган эълонлар ҳам чиқар экан.

Шундан ҳам бизнинг динимиз қанчалик раҳмат, шафқат дини эканини билиб олсак бўлаверади.

М.Юнусхўжаев

Имом Фахриддин ар-Розий ЎМИБЮ мударриси

Izoh qoldirish

Izohlar