18.06.2021

ДЕҲҚОНЧИЛИК ҲАМ ИЛИМДИР

Қуръони каримда шундай баён қилинади: «У осмондан сизлар учун ундан ичимлик бўладиган сувни (ёмғирни) ёғдирган зотдир. (Ҳайвонларингизни) боқадиган гиёҳлар ҳар ўша сувдан (суғорилур). У сизлар учун ўша(сув) билан (турли) экинларни, зайтун, хурмо, узум ва барча меваларни ундирур. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломат бордир» (“Наҳл” сураси, 10–11-оятлар).
Муборак динимиз экин-текин ишларига тарғиб қилади. Бу ҳақда ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан жуда кўплаб ҳадислар келган. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бирор ўлик ерни тирилтирса, яъни обод этса, унга шунда ажр бордир. Шунингдек, ундан бирор жонзот еган нарсада унга садақа (савоби) бордир”, дедилар
(Имом Доримий ривояти).
Мусулмонлар ўз динларини маҳкам тутган, Қуръон ва Суннатга амал қилган пайтларида мусулмон ўлкаларида қишлоқ хўжалиги, зироатчилик мисли кўрилмаган даражада ривожланган.
Бу соҳа маҳсулотларининг энг яхшиси ва энг кўп қисми мусулмон юртларида етиштирилган ва ортиқчаси бошқа юртларга сотилган. Бошқа халқлар бу соҳада мусулмонлардан дарс олганлар, тажриба ўрганганлар.
Ўша вақтларда бу соҳа бўйича илмий изланишлар ҳам кенг кўламда олиб борилган. Ана шу даврда битилган китобларни варақлаганимизда ушбу фикрга кучли далил ва ҳужжатлар топамиз.
Ҳозирги кунда ривожланган Ғарб давлатлари тилида баъзи бир машҳур қишлоқ хўжалиги экинлари ва маҳсулотлари мусулмон халқлар тилидан олинган кўчирма сўзлар билан аталиши ҳам бунга ёрқин далилдир.
Ижозатингиз билан шу ерда мусулмонларнинг зироатчилик, хусусан, набототшуносликка қўшган ҳиссалари ҳақида қисқача маълумот келтирсак.
Бошқа илмлар қатори, наботот илми ҳам мусулмонлар томонидан қилинган ҳаракатлар туфайли илм сифатида шаклланди ва тараққий этди. Албатта, инсонлар қадимдан наботот билан қизиқиб, уни ўрганиб келганлар, аммо илм дини бўлган Исломгина набототларни ўрганишни ҳақиқий илмий баҳсга айлантирди ва бу соҳада алоҳида илм пайдо бўлишига сабаб бўлди.
Мусулмонларни бу соҳадаги илмий баҳсларга ундаган асосий омил, албатта, Қуръони Карим ва Суннати мутоҳҳарадаги илмга тарғиб қилувчи таълимотлар бўлган.
Шу билан бирга, Қуръони Каримда ҳам, Суннати мутоҳҳарада ҳам набототлар ҳақида кўплаб маълумотлар зикр этилган. Қуръони Каримда Аллоҳ таоло анжир, зайтун каби набототлар ила қасам ичган. Аллоҳ таоло нима билан қасам ичган бўлса, бежиз бўлмайди. Шунинг учун мусулмонлар ўша нарсага алоҳида эътибор берадилар. Худди мана шу руҳ ҳам мусулмонларнинг наботот илмига асос солишларига сабаб бўлган. Мусулмонлар наботот илмига тажриба ва тадқиқот руҳини берганларига мисол тариқасида ҳижрий 639 санада вафот этган машҳур олим Рашидуддин Сурий раҳматуллоҳи алайҳнинг илмий баҳсларини келтириш мумкин. У киши турли набототларни ўрганиш учун илмий сафарга чиққанларида ўзлари билан бирга уста рассомлардан ҳам олиб чиқар эканлар. Рашидуддин Сурий қайси набототни ўргансалар, рассом ҳам ўшанинг расмини худди ўзининг ҳажми ва рангидек қилиб солар экан. Рассом ҳар бир набототни уч марта: ўсаётган, пишиб етилган ва қуриб битган пайтидаги расмини чизар экан.
Олим наботот илми бўйича «Ал-адвиятул-муфрада» («Доривор ўсимликлар») ва «Ат-тож» номли китобларни таълиф қилган. У кишининг китобларида тўрт юз олтмиш олтита ўсимликнинг тўлиқ васфи келтирилган.
Мусулмон олимлар ўзларининг набототлар бўйича ўтказган тажрибалари ва илмий баҳсларига асосланиб, набототлардаги ҳеч кимга маълум бўлмаган моддаларни яхшилаб ўргандилар. Бу ҳол эса ўша моддаларни турли дорилар тайёрлашда ишлатишга имкон берди. Мусулмон уламолар тарихда биринчи бўлиб набототларга таъсир ўтказиб, ўзларига керак бўлган ранг ва моддаларни уларга киритиш йўлларини ишлаб чиқдилар.
Мусулмонлар ичидан етишиб чиққан дунёга донғи кетган олимлардан бири Абу Жаъфар Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Ғофиқийдир. Бу олим наботот оламига бағишланган китобида набототларнинг исмини араб, лотин ва барбар тилларида келтирган. У киши милодий 1160 санада вафот этган. Ғарб олимларидан Макс Мейерхоф (Max Meyerhof, 1874 – 1945) бу олимга баҳо бериб, у кишини «Энг машҳур наботот илми олимларидан бири» деб атайди. Бу соҳада яна машҳур мусулмон олимларнинг энг кўзга кўринганларидан бири Ибн Байтор раҳматуллоҳи алайҳдир. Олим «Ал-Жомеъ фил адвиятил муфрада» (доривор ўсимликлар) номли китобида ўсимликлардан тайёрланадиган дориларнинг бир минг тўрт юзта турини васф қилган. Шулардан тўрт юзтасини Ибн Байтордан олдин ҳеч ким тилга олмаган экан. Ибн Байтор экинзорларда ўсиб, ҳосилга зарар етказадиган ўсимликларни биринчи бўлиб ўрганган набототшуносдир. у Мисрда набототшуносларнинг раиси ҳам бўлган. Ибн Байтор ўсимликларни ўрганиб, Юнонистонгача борган. Унинг ушбу соҳада ёзган «Ал-Муғний фил адвиятил муфрада» номли китоби ҳам бор. Европаликлар уни «Haбoтoт илмининг отаси» деб атайдилар.
Милодий XI асрда яшаб ўтган Ибн Бассол Тулайтилий раҳматуллоҳи алайҳ эса Андалус мусулмон давлатининг Тулайтила (ҳозирги Испаниянинг Толедо) вилоятида ҳокимларнинг улкан боғларини бошқарган.
Олим кўчатларнинг янги турларини ҳосил қилиш ва зироатга етадиган офатларга қарши курашиш билан шуҳрат топган. Унинг қаламига мансуб бўлган «Ал-Филоҳа» номли китоб ушбу фикрнинг тасдиғидир.
Олим бу машҳур китобида турли сувлар, ерлар ва набототларнинг хусусиятларини ва уларга етадиган офатларни муолажа қилиш Гуслубларини ажойиб илмий йўл билан баён этган.
Улуғ олим Абу Закариё Яҳё ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Авом ал-Ишбилий раҳматуллоҳи алайҳи Андалус Ислом давлатининг Ишбилия (Севиля) вилоятида милодий ўн иккинчи асрда яшаб ўтган. У «Ал-Филоҳа» номли китобида наботот илмига оид кўплаб илмий баҳсларни баён этган. Бу китоб милодий 1802 санада шарқшунос роҳиб Хосе Антонио Банкири (Banqueri, José Antonio, 1745 – 1818) томонидан испан тилидаги таржимаси билан нашр этилган.
Ҳозирги кунда Испания, Франция, Италия, Португалия, Юнонистон каби жанубий Европа давлатларида ўсаётган хурмо, зайтун ва бошқа дарахту ўсимликларнинг ўша юртларда қандай пайдо бўлганини бир ўйлаб кўрганмисиз? Бу нарсалар бошқа илм ва тараққиёт воситалари қатори, Европага унинг жанубида саккиз аср ҳукм сурган Андалус Ислом давлатидаги мусулмонлар ҳаракати ила кириб келган.
Мусулмонлар машриқ томондан ва Шимолий Африкадан Жанубий Европага юқорида зикр этилган хурмо ва зайтундан бошқа пахта, шоли, шакарқамиш, заъфарон каби кўплаб набототларни олиб келиб, ўша ер табиатига мослаштириб, ўстирганлар.
Мусулмонлар ўсимликларни суғориш учун сув олиб келиш, бу соҳада сувни илмий равишда ишлатиш борасида ҳам пешқадам ҳисобланадилар. Мусулмон Гўлкаларни қўйиб турайлиг-у, ҳозирги Испаниядаги сув чиқариш каналлари ва бошқа шунга оид осори-атиқалар ҳам мусулмонларнинг қанчалик тараққиётга эришганларининг далилидир. Ҳаттоки баъзи минтақаларда ҳозир ҳам мусулмонлар қурган иншоотлардан суғориш ишларида фойдаланилмоқда.
Нaбoтoтшунослик бўйича мусулмонлар эришган ютуқлардан франциялик ва швейцариялик инсонлар ҳам баҳраманд бўлганлар. Жанубий Франциянинг ҳозирги кундаги энг муҳим маҳсулотларидан бўлмиш қора буғдой мусулмонларнинг уларга қилган ҳадясидир. Айнан мусулмонлар қора буғдойнинг уруғини биринчи бўлиб жанубий Францияга келтириб, экканлар.
Шу ўринда юқорида айтиб ўтилганларнинг тасдиғи сифатида шу соҳани синчиклаб ўрганган ғарблик олимлардан жаноб Сийнубеснинг гапларидан иқтибос келтиришга ижозатингизни сўраймиз: «Мусулмонлар зироатнинг ҳамма навларини истеъмол қилиш билан бирга, набототлардан кўпчилигини Сақаллия (Сицилия) ва Испанияга олиб келиб, ўстирганлар. Улар бу ишни шу даражада яхшилаб адо этганларидан ўша нарсалар худди шу ерлик набототларга ўхшаб қолди. Шоли, заъфарон, узум, хушбўй ўсимликлар, ҳаворанг ва сариқ атиргуллар, ясмин, пахта ва шакарқамишлар шулар жумласидандир».

М.Юунусхўжаев

Имом Фахриддин ар-Розий ислом билим мударриси

Izoh qoldirish

Izohlar