Уламоларни ҳор қилиш миллат таназзулидир
Маълумки уламолар динимиз аҳкомларини бизга ўргатадиган,ҳақни ботилдан ажратишимизда бизга кўмакчи бўладиган ва дин илми улардангина олинадиган шахслардир.
Аллоҳ таъоло уларни ўз кломида мақтагандир:
“…Бандалари орасида Аллоҳдан уламоларгина қўрқурлар. Ҳақиқатан Аллоҳ қудратли ва мағфиратлидир”. (Фотир, 28-оят)
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят бўлган ҳадисда шундай марҳамат қилинади: «Албатта, олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади».
“Илмнинг ва илм аҳлининг ҳурмати шариатнинг буйруғидир. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Кимки олимни икром қилса, мени икром қилган бўлади. Кимки мени икром қилса, дарҳақиқат, Аллоҳ таолони икром қилган бўлади”, деган гаплари бор” (“Туҳфа”).
Мўмин мусулмонлар асрлар давомида ўз уламоларини ҳурматлаб ва қадирлаб келган.Айниқса бизнинг юртларда олимларни доим эъзозлаб ҳурматини жойига қўйиб муомила қилиб келинган.
Сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситалари, асосан, ижтимоий тармоқларда имом-хатибларни танқид қилиш, хато-камчиликларини қидириш ва ҳатто масхаралаш “урф”га айланди. Бир ўринда уларнинг айтган гаплари, бошқа ўринда юриш-туришлари таҳлил қилинмоқда. Бу фитналарни бугун ўзларини “Ҳизбий” ва “Салафий” деб номлаб олган сохта даъватчилар амалга оширмоқда десак адашмаган бўламиз.Уларга кўр кўрона эргашган баъзи ёшлар ҳам бу фитнага аралашиб,фитначиларнинг тегирмонига сув қуймоқдалар. Биз такидламоқчи бўлган нарса шуки илм аҳлини тахқирлаш ва обрўсизлантириш ортида катта хатар бор. Фатаво китобларимизда келишича:“Кимки бирор олимга ёки фақиҳга зоҳир бир сабабсиз душманлик қилса, унинг кофир бўлиб қолишининг хавф бор” (“Хизонат ар-ривоёт”). Бундай хатарлардан яна бири ўзлари билиб ёки билмаган ҳолда динимиз душманларига ёрдам беришдир.Ғаразли кучларнинг бирламчи мақсади маҳаллий имомларни обрўсизлантириш, аҳолини улардан чалғитиб, ташқаридаги “чин олимликни” даъво қилаётганларга эргаштиришдир. Баъзи кишилар телевидение ва интернет орқали “сўз эркинлиги” ўйинини ўйнаб, имом-хатибларга танқидий муносабат билдириш билан бу ишни бузғунчиларга ўз қўлллари билан қилиб бераётирлар десак адашмаган бўламиз. Исломга душман бўлган гуруҳлар ва уларнинг Ислом уммати орасига кириб олган “дум”лари фойдаланишади. Улар мусулмон уламоларни масхара қилиш сиёсатини қадимдан амалга ошириб келишади. Бу услуб билан мусулмон умматнинг қалбида илм улуғворлигини кетказишни хоҳлашади. Бунга эса уламоларни камситиш орқали эришишни исташади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ўлжа тақсим қилаётганларида бир нобакор келиб : “Эй Муҳаммад, адолат қил!” деганини эслашликнинг ўзи кифоя.
Агар эътибор бериб қарайдиган бўлсак ушбу жиноятларнинг барчаси, ҳақни айтаяпмиз, деган даъво ила амалга оширилган. “Сен: «Аллоҳни, Унинг оятларини ва Расулини истеҳзо қилаётган эдингизми?» деб айт. Узр айтманглар. Батаҳқиқ, иймонингиздан кейин куфр келтирдингиз…” (Тавба 65, 66 оятлар) Ушбу ояти карималарнинг нозил бўлиши сабабини муфассирларимиз шундай келтиришади: “Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Табук ғазоти сафарида дам олиб ўтиришганда бир киши: “Анави қориларимизга ўхшаган қорни каттасини, тили ёлғончисини ва душманга йўлиққанда қўрқоғини кўрмадик!” деди. Ўша мажлисда ўтирганлардан бири унга қараб: “Ёлғон айтдинг, лекин сен мунофиқсан! Албатта бу гапингни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга етказаман!” деди ва уни Набий саллаллоҳу алайҳи васалламга етказганиди, у зотга ушбу оятлар нозил бўлган эди”.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтади:
“Мен ўша одамни кўрдим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг туялари жабдуғига осилиб олиб, суриниб, тошларга қоқилиб: “Эй Аллоҳнинг Расули! Биз фақат гапга киришиб кетиб, ўйнашиб бу гапни айтиб юбордик!” дея зорланарди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам эса ушбу оятни такрорлардилар: “Сен: «Аллоҳни, Унинг оятларини ва Расулини истеҳзо қилаётган эдингизми?» деб айт. Узр айтманглар. Батаҳқиқ, иймонингиздан кейин куфр келтирдингиз…” (Тавба 65, 66 оятлар)
Салаф ва халаф уламоларимиз шу ўринда қуйидагиларни айтишади: “Ушбу оятнинг нозил бўлиш сабабига кўра инсон бир сўз билан ёки бир амал билан ҳам кофир бўлиб қолиши мумкин экан. Илмни ва унинг аҳлини истеҳзо қилиш, уламоларни беҳурмат этиш айнан куфрга тушириб қўювчи хатарли ишлар жумласидандир”. Уламоларни истеҳзо қилиш, солиҳ инсонларни камситиш, уларнинг илми ва салоҳиятини таҳқирлаш ҳақиқатда Аллоҳнинг оятларини таҳқирлаш, шариатнинг устидан кулишдир. Шунинг учун ҳам салафларимиз бу маънога ишора қилиб: “Олимларни ёмон кўриш нифоқдир, уларни сўкиш ва масхаралаш куфрдир”, дейишган.
Машарипов Қўзибой
Имом Фахриддин ар-Розий ислом билим юрти мударриси
Izohlar