20.11.2024

НАҲВ ИМОМИ СИБАВАЙҲ

Имом Сибавайҳ ҳижрий 140-йили (м. 756-й.) Форснинг энг катта шаҳарларидан бири ҳисобланган Байдо деган жойда туғилганлар. Баъзи ривоятларда у зот Аҳвоз деган жойда туғилган деб айтилган. Сўнгра оилалари билан бирга Басрага кўчиб кетишган ва ўша жойда вояга етганлар. (Ўша замонларда исломнинг маркази бўлган шаҳарларга кўчиб кетиш одат тусига кирган эди. Форс аҳолиси кўчиб борадиган энг яқин шаҳарлар Куфа, Басра ва Бағдод ҳисобланар эди. Шу сабабли ҳам оиласи Басрага кўчишни ихтиёр қилганди). Ёш Сибавайҳ раҳматуллоҳи алайҳ у жойда илм ўргана бошлади ва дастлаб ҳадис ва фиқҳ уламоларидан дарс олди. Уни бу фанлар жуда ҳам ажаблантирар ва шу  сабабли муҳаддис ва фақиҳлардан узоқлашмас эди. У биринчи бўлиб ҳадисни Ҳаммод ибн Саламадан ўрганди. Имом ал-Қифтий шундай деб айтади: “ Сибавайҳ қабул қилиши жуда ҳам кучли инсон эди”.

Имом Зажжожийнинг “Мажолис ул-уламо” китобида шундай келган: “Сибавайҳ Яқуб ал-Ҳадромий , имом Халил ва бошқа наҳв олимлари билан биргаликда имом Ахфашнинг илм мажлисини ўзига лозим тутган эди”.

Ҳаммод ибн Салама бошқа бир ривоят келтирадилар:

“Имом Ҳаммоднинг олдиларига Сибавайҳ кириб келади, у зотнинг олдиларида бир жамоат ҳадис ёзиб ўтирар эди. Ҳаммод айтадилар: “Имло қилиб берганларим ичида “Сафо - صَفَا” деган сўз бор эди. Мен: “Сафога Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам чиққанлар” дедим. Сибавайҳ ҳам ёзиб турган эди ва у “Сафоа”- (صَفَاء) га Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқдилар” деди. Мен унга: “Эй форсий, “Сафоа” дема, “Сафо” мақсур исм” деб айтдим. Мажлиси тугагач (Сибавайҳ) қаламини синдирди ва “Арабчани ўрганмагунимча ҳеч нарса ёзмайман” деди. Эҳтимол мана шу воқеа бўлмаганида Сибавайҳ наҳв илмига бунчлик эътибор қаратмаган бўлар эди! 

Устозлари: Сибавайҳ имом Халилнинг илм ҳалқаларидан ажрамаслик билан биргаликда илмини мукаммал қилиш учун бошқа катта шайхлардан ҳам мунтазам дарс олиб турган. Унинг энг кўзга кўринган шайхлари қуйидагилар ҳисобланади:

•        Ҳаммод ибн Салама ибн Динор ал-Басрий. Бу зот Сибавайҳнинг биринчи устози ҳисобланади. Тобеийнлар ва улардан кейинги кўпчилик кишилардан ривоят қилинишича Ҳаммод Басранинг муфтийси, дуоси мустажоб шахс эди. Ўша даврда Басрада фазилат, диёнат ва обидлик борасида тенги йўқ эди. У киши бола кўрмаганликлари сабабли етмиш марта уйланган эканлар. Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилиб айтадиларки: “ Ҳаммод наҳв илми борасида тенгсиз олим эди”. Айнан манашу Ҳаммод раҳматуллоҳи алайҳ Сибавайҳни наҳв ва луғатга оид бир нечта масалаларда қилган хатоси боис бу фанларни чуқур ўрганишига ундаган шахс ҳисобланади. Ҳаммод раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 167-йили вафот этган. 

•        Ахфаш ал –Акбар. Асл исми Абдулҳамид ибн Абдулмажид  бўлиб куняси Абул Хаттоб. У киши буюк наҳв уламоларидан бири бўлиб жуда ҳам диёнатли, парҳезкор ва ишончли инсон эди.  Сибавайҳ раҳматуллоҳи алайҳ ундан наҳв ва луғатдан дарс олган ва ўзининг китобида ундан 47 та ривоят келтирган. Имом Ахфашнинг вафот этган йили аниқ эмас. Лекин шунуси аниқки, у араб тили бўйича қадимги олимлардан ҳисобланади.

•        Яқуб ибн Исъҳоқ ибн Зайд ибн Абдуллоҳ ибн Абу Исъҳоқ ал-Ҳадромий ал-Басрий ал-Қорий. Қироат ва араб тили бўйича замонасининг энг олим кишиси бўлган. Унинг машҳур қироати бўлиб ўн битта қироатдан бири ҳисобланди. У зот ҳижрий 205-йили 88 ёшларида вафот этганлар.

•         Исо ибн Умар ас-Сақофий ал-Басрий, куняси Абу Сулаймон. Сақиф деган жойда яшаганликлари учун ҳам шу номни олганлар. У Абдуллоҳ ибн Абу Исъҳоқдан наҳв, қиёс ва шарҳул илал китобларидан дарс олган. У кишини наҳв борасида ёзган иккита китоби бўлиб, улар: “ал- Жоме'” ва “ал- Икмал” китобларидир. Бу иккала китоб ҳақида имом Халил шундай дейди: “Наҳвнинг барчаси ботил бўлди лекин Исо ибн Умар ёзган иккита китоб бундан мустасно, улар: “Жоме'”ва “Икмал” дир. Бу иккаласи инсонларга ой ва қуёш кабидир”. У киши Басра қориларидан бири ҳисобланади. Имом Сибавайҳ ундан 22 марта ривоят қилган. Исо ибн Умар ҳижрий 149- йили 55 ёки 56 ёшларида вафот этади.

•        Абу Абдуллоҳ Юнус ибн Ҳабиб. У Нўмонийя ва Босит орасидаги Жаббул шаҳридан бўлган. У ҳам Ҳаммод ибн Саламадан дарс олган. У зотдан замонасининг машҳур уламоларидан Кисоий, Фарро ва Абу Убайдалар дарс олганлар.  Имом Сибавайҳ ҳам у зотдан ўзларининг китобларида кўп нақл қилганлар. Нақлллари таҳминан 200тага етади. У зот имом Сибавайҳ ўзларининг китобларида энг кўп ривоят қилган иккинчи инсон ҳисобланади. Юнус ибн Ҳабибнинг қуйидаги китоблари мавжуд: “Маони ул-қуръон”,  “Китоб ул-луғат”, “Китобун наводир ал-кабир”, “Китобун наводир ас-сағир”, “Китобул амсол”.

•         Халил ибн Аҳмад ал-Фароҳидий ал-Басрий. Айтилишича унинг отаси набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин Аҳмад деб ном қўйилган биринчи инсон ҳисобланади. Бу зот Имом Сибавайҳнинг энг катта устозларидан ҳисобланади. Сибавайҳ китобида келтирган  кўп маълумотлар имом Халилники ҳисобланади. Агар Имом Сибавайҳ سالته  ёки  قال  иборасини келтириб кимдан эканлигини айтмаса имом Халил тушунилади. 

Имом Халил ҳам ўз навбатида юқорида номи зикр қилинган Абу Амр ибн Алўнинг шогирди ҳисобланади. У зот жуда ҳам иффатли эдилар. Назр ибн Шамил шундай дейди: “Халил Басра кулбаларидан битта кулбада яшар эди. Пул топишга ҳам қодир эмас эди. Лекин унинг дўстлари унинг илмидан фойдаланиб мол-дунё касб қилар эди”.  Имом Сибавайҳ ундан ажрамади ва ундан наҳв ва луғат илмларини пухта ўрганди. У билан яна бошқа учта одам дарс олар эди. Улар: Назр ибн Шамил, Али ибн Наср ал-Жаҳдомий ва Муаррих Садусийдир. 

Сибавайҳ раҳматуллоҳи алайҳ наҳв борасида уларнинг энг кучлиси эди. Луғат борасида Назр, шеър борасида Муаррих ва ҳадис борасида Али ибн Наср кучли эди. Имом Халил Имом Сибавайҳни жуда яхши кўрарди ва уни “Эй чарчоқ билмас! ҳуш келибсан” деб кутиб оларди. Имом Халил ҳижрий 100-йилда туғилди ва 175-йили 75 ёшларида вафот этди. 

•        Абу Зайд Саид ибн Авс ал-Ансорий. У зот ҳадис ривоятида ишончли ва омонатдор инсон бўлиб оталари Авс ибн Собит муҳаддис эди. Боболари Собит эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида қуръонни жамлаган уч кишининг биттаси бўлган. Сибавайҳ раҳматуллоҳи алайҳ у зотдан луғат илмидан дарс олган. Китобларида исмларини очиқ келтирмаган бўлсада, Али Наждий “Сибавайҳ Саид ибн Авсдан тўққиз марта ривоят қилган” деган. Абу Зайд ҳижрий 215-йили 100 ёшга яқинлашиб Басрада вафот этади.

•         Ҳорун ибн Мусо ан-Наҳвий. У зот асли Басралик бўлган ва Товус, Собит ал-Баноний ва бошқалардан дарс олган. У яҳудий бўлган сўнгра қироатни ўрганиб, унда пешқадам бўлган. У зот таҳминан 170-ҳижрий санада вафот этади.

•        Абу Амр ибн Алў. У зот Басра аҳлининг қориси бўлиб Абул Асвад ад-Дуалийнинг шогирди Наср ибн Осимдан наҳвни ўрганган. Абу Амр Халил ибн Аҳмад ва Юнус ибн Ҳабибнинг устози ҳисобланади. Абу Амр 154-ҳижрийда Куфада вафот этади.

•        Абдуллоҳ ибн Зайд Аби Исъҳоқ ибн Ҳорис. Бу зот биринчи бўлиб наҳв иллатларини баён қилиб берган шахс ҳисобланади. Юнусдан у ҳақида сўралганида “У ва наҳв тенгдир”, яъни у наҳв илмининг энг чўққисига чиққан эди деган. У зот 127-ҳижрий санада вафот этган.

•        Муҳаммад ибн Ҳасан ибн Аби Сара. У зот боши катта бўлганлиги сабабли “руасий” деб номланган. У Куфаликлар орасида биринчи бўлиб наҳв борасида китоб ёзган Исо ибн Умардан дарс олган. Муҳаммад ибн Ҳасан Кисоий ва Фарроларнинг устози ҳисобланади. Уни “ал-Файсал” деган китоби бор бўлиб, кўпчилик ундан ривоят қилган. 

Имом сибавайҳнинг шогирдларига келадиган бўлсак, уларданн фақатгина учтасининг номи тарихда қолган. Улар қуйидагилардир:

1.      Абул Ҳасан ал-Ахфаш. Абул Ҳасан Саид ибн Масъада Мужошиъий. Сибвайҳдан наҳвни ўрганган бўлиб, ёшлари Имом Сибавайҳдан ката эди. Имом Сибавайҳдан олдин у зот Халил Аҳмад Фароҳидийдан дарс олган эди. Жадал ва калом илмида етук бўлган. Сибавайҳ р.ҳнинг китобларини кимга ўқиб берганликлари маълум бўлмасада, лекин бу киси китобни бош санадида туради. Сибавайҳ вафот қилиб кетганларидан  кейин одамлар Имом Ахфашдан Сибавайҳ китобини эшитар эди. У киши уларга ўқитганлар.

2.      Қутруб. Абу Муҳаммад ибн  Мустанир Басрий Имом Сибавайҳни доим ёнида бўлганлар. Унинг ортидан тушиб  олар эди. Агар эшикдан чиқса рўбаро бўлар эди. Шунда Сибавайҳ “Сен фақат тун “Қутрубисан” дер эди. (Қутруб кундузи билан тинмайдиган қандайдир ҳайвон номи! Баъзи манбаларда келишича Қутруб шуъла каби нур таратиб турадиган ҳаркатчан ҳашоратни ҳам англатади). Маълумотларда келишича Ийсо ибн Умардан ҳам наҳв ўрганган. Наззом мўтазилийдан ҳам мўтазила мазҳабини таълим олган.

3.      Ноши. “Маротибун  наҳвиййин” китобида келишича Абу Тоййиб у киши ҳақида қуйдагиларни айтган экан: “У киши Сибавайҳ ва Ахфашлардан дарс олган эди. Ноши номи билан танилган бўлиб, Муҳаммад ибн  Яҳё айтишича “Агар Ношининг илми одамларга етса ундан ўтадигани бўлмайди” деганлар. Лекин бу зот Ибн Халликон айтганларидек Абдуллоҳ ибн Муҳаммад эмаслар. Бу киши тарихда кўп ҳам машҳур бўлмаган. Бундай дейишимизга сабаб Ибн Халликон келтирган Ноши 293-йили вафот қилган, у кишини Сибавайҳ ёки Ахфашдан дас олганини фараз қилиш қийиндир!

Тарихчи уламолар Сиавайҳнинг нега бу даражада кам шогир тутганини ажамлиги, яъни араб эмаслиги билан изоҳлайдилар. Шунга қарамасдан Имом Сибавайҳ кўплаб баҳс-мунозараларда ютиб чиқар эди!

Вафотлари: Имом Сибавайҳ Бағдодни ташлаб Аҳвозга кетдилар. Баъзилар фикрига кўра шогирдлари Ахфашни қидириб Басрага борадилар ва унга Кисоий ва ўзлари ўртасида бўлиб ўтган воқеани айтиб берадилар. Сўнгра туғилган – она юртларига кетадилар ва ўша ерда вафот қиладилар. У зот бир юз саксончи (180) йили вафот этадилар. 

МАЪМУРЖОН домла Абдушарипов
Имом Фахриддин ар-Розий ислом билим юрти мударриси.

Izoh qoldirish

Izohlar