НАҲВ МУЖАДДИДИ ИБН ҲИШОМ АЛ-АНСОРИЙ
Наҳв илмида ўзига хос услубга эга, илм денгизи бўлган, ўз замонасининг барча олимлари томонидан тан олинган, бир сўз билан айтганда наҳв мужаддиди (янгиловчиси) ва унга янгича ифор бахш этувчи Абу Муҳаммад Абдуллоҳ Жамолиддин ибн Юсуф ибн Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Ҳишом ал-Ансорий ал-Мисрий раҳимаҳуллоҳ ҳижрий 708-йили (милодий 1309-й.) Мисрнинг Қоҳира шаҳрида таваллуд топган.
У зот илм йўлида устози Абдуллатиф ибн Ал-Мураҳҳалдан ажралмаслик билан бирга шайҳ ибн Саррож, Абу Ҳайён (бу зотдан фақат “Девони Зуҳайр ибн Абу Сулма Ал-Музаний” асарини талим олганлар), имом Табризий, имом Факиҳий (бу зотдан фақат “Шарҳул ишора” китобини охирги вароғидан ташқари қолган жойларини таълим олганлар) каби олимлардан сабоқ олганлар. У зот фиқҳда шофеъий мазҳабида бўлганлар кейин эса ҳанбалий мазҳабига ўтганлар ва вафотларидан озгина олдин ҳанбалий мазҳабининг мўътабар китоби бўлган “Мухтасарул Хироқий” китобини тўлиқ ёд олганлар.
У зотнинг қўлларидан Миср ва бошқа ўлкалардан кўплаб аҳли илмлар етишиб чиққан бўлиб, олдиларига дарс олиш мақсадида кўплаб толиби илмлар оқиб келар эди. Ибн Ҳишом раҳимаҳуллоҳ наҳв илмини нозик жиҳатларини тушунишда ва ихтилофли масалаларини таҳқиқ қилишда тенгсиз эди. Аллоҳ таоло ибн Ҳишомга гўзал бир қобилият берган бўлиб, бу орқали у ўз фикрларини буюк маҳорат ва мўъжаз (лўнда) услуб билан ифодалаб берар эди. У зот шу билан бирга хулқи гўзал, қалби юмшоқ, жуда ҳам тавозеъли инсон эди.
Ибн Холдун айтадилар: “Биз Мағрибдалик пайтимизда “Мисрда араб тили бўйича ката олим чиқибди, унинг исми ибн Ҳишом бўлиб, у Сибавайҳдан ҳам кўра моҳирроқ экан”, деган гапларни эшитиб юрар эдик”.
Ибн Ҳишом ал-Насорий раҳимаҳуллоҳнинг кўпгина асарлари бор бўлиб, қуйида улардан баъзиларини келтириб ўтамиз:
1. “الإعراب عن قواعد الإعراب” - “Эъроб қоидаларини изоҳлаш”,
2. “الألغاز” – “Жумбоқлар”,
3. “أوضح المسالك إلى ألفية ابن مالك” – “Ибн Моликнинг “Алфия” асарини тушунишга олиб борувчи энг равшан йўл”,
4. “التذكرة” – “Эслатмалар”
5. “الجامع الصغير” – “Кичик тўпламлар”
6. “الجامع الكبير” – “Катта тўпламлар”
7. “الروضة الأدبية في شواهد علوم العربية” – “Араб тили илмларига далил келтиришда одоб боғлари”
8. “شذور الذهب في معرفة كلام العرب” – “Арабларнинг каломини англашда олтин парчалар”
9. “شرح قطر الندى و بل الصدى” – “Шудринг томчиси ва ташна инсонни намлаш асарига шарҳ”, яъни “Ушбу асар шудринг томчиси чанқоқ инсонни қай даражада қондира олса ушбу асар ҳам наҳвга ташна инсонни эҳтиёжини шундай қондира олади халос” деган маънони англатади.
10. “مغني اللبيب عن كتب الأعاريب” – “Арабларни китобларидан ақлларни беҳожат қилувчи китоб”, ушбу китоб араб тили грамматикасини мукаммал ўрганишни хоҳловчилар учун энг юқори даражада турувчи китоб ҳисобланади.
Ибн Ҳишом ал-Ансорий раҳимаҳуллоҳ ҳижрий 761 йили (милодий 1360-й.) жума куни вафот этдилар. У зотнинг “شرح قطر الندى و بل الصدى”, “شذور الذهب في معرفة كلام العرب” , “أوضح المسالك إلى ألفية ابن مالك” ва “مغني اللبيب عن كتب الأعاريب” каби китоблари наҳв иштиёқмандлари томонидан севиб ўқилади.
MAʼMURJON domla Abdusharipov
Imom Faxriddin ar-Roziy islom bilim yurti mudarrisi.
Izohlar