ГУНОҲ КАБИРАЛАР
Бисмиллаҳир роҳмани роҳим
عن أبي هريرة رضي الله عنه: عن النبي صلى الله عليه وسلم قال: اجتنبوا السبع الموبقات، قالوا: يا رسول الله وما هن؟ قال: الشرك بالله، والسحر، وقتل النفس التي حرَّم الله إلا بالحق، وأكل الربا، وأكل مال اليتيم، والتولي يوم الزحف، وقذف المحصنات المؤمنات الغافلات متفق عليه
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳалокатга учратувчи етти нарсадан сақланинглар», дедилар. Саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули, улар қайсилар?» деб сўрадилар. У зот айтдиларки: «Аллоҳ таолога ширк келтириш, сеҳр қилиш, Аллоҳ таоло ҳаром қилган нафсни ўлдириш, фақат ҳақ билан бўлгани бундан мустасно, рибо ейиш, этимнинг молини ейиш, уруш куни ортга қочиш, покдомон, мумина ва ғофила аёлларга туҳмат қилиш», дедилар (Муттафақун алайх).
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда ҳалокатга олиб борувчи етти нарсадан қайтарилмоқда. Бу етти нарсани касб килиш билан инсон ҳалокатга ва азобга учрайди. Бу ҳалокатга олиб борувчи нарсалар:
1) Аллоҳ таолога ширк келтириш. Аллоҳнинг бирлигини инкор қилиш ёки унга бошқа бирор нарсани шерик қилиш. Бу энг катта гуноҳ ҳисобланиб, Аллоҳга ширк келтирган кимса – мушрикнинг гуноҳи ҳеч қачон кечирилмайди ва у дўзахда мангу қолади.
2) Сеҳр қилиш. Хоҳ яхшилик, хоҳ ёмонлик учун сеҳр қилишлик жоиз эмас, унга ишониб бажаришлик эса куфрдир.
3) Аллоҳ таоло ҳаром қилган нафсни ўлдириш. Мусулмон кишини ноҳақдан ўлдиришлик. Аллоҳ таоло ўз китобида айтади: “ким бир жонни ноҳақ ўлдирса, бутун инсониятни ўлдирган кабидир.” (Моида сураси, 32-оят)
4) Рибо ейиш яъни судхўрлик бечораларнинг ночорлигидан фойдаланиб, уларнинг меҳнати эвазига бойлик орттиришлик. Аллоҳ таоло айтади: “эй иймон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва агар чиндан мўмин бўлсангиз, судхўрлик сарқитларини (одамларга берган қарзларингиздан чиққан фойдани) тарк қилингиз. (бақара сураси, 272-оят)
5) Етимнинг молини ейиш. Етимнинг молини бутунлай ўзиники қилиб, тасаррув қилиш. Аллоҳ таоло бу гуноҳни жуда оғир қилиб тасвирлаб айтади: “етимларнинг мол-мулкини ноҳақ еганлар, ўз қоринларига олов еган бўладилар ва улар дўзахга тушадилар.” (нисо сураси, 10-оят)
6) Уруш куни ортга қочиш. Унинг ўз шартлари бор. Агар душманнинг адади икки баробар кўп бўлмаса, шу ҳолда қочса гуноҳкор бўлади. Агар душманнинг адади икки баробар ва ундан кўп бўлса, асли азимат ортга қочмасликдир. Лекин у вақтда қочса, гуноҳкор бўлмайди.
7) Покдомон, мўмина ва ғофила аёлларга туҳмат қилиш. Муслима ва мўмина аёлларни шаънини булғаш , туҳмат қилиш ҳам кабира гуноҳлардан саналади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу эса: «Гуноҳи кабиралар еттитадан кўра, етмиштага яқинроқ», деганлар. Юқоридаги ҳадисда эса, гуноҳи кабиралар сони еттита эмас, балки мазкур еттита амал гуноҳи кабиралардан экани баён қилинган, холос.
Шайх Абду Толиб Маккий “Қутул қулуб” китобининг мусаннифи бўлиб, бу китоб Имом Ғаззолийнинг “Иҳё улуму дин” китобини ёзилишига сабабчи бўлган. Шайх роҳимаҳуллоҳ бу гуноҳ кабира бобидаги ворид бўлган ҳадисларни жамлаб ўн еттита гуноҳ кабирани келтирганлар: тўрттасида қалбда бўлиб, улар ширк келтириш, бир гуноҳни давомий қилиш, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлиш ва Аллоҳнинг макридан омондаман деб ўйлаш; тўрттаси тилда бўлиб, улар ёлғон гувоҳлик бериш, айбсиз мусулмонга туҳмат қилиш, йўлғон қасам ичиш ва сеҳр қилиш; учтаси қоринда: шароб ичиш, етим молинин ейиш ва рибо ейиш; иккитаси фаржда: зино қилиш ва баччавозлик қилиш; иккитаси қўлда: ноҳақ одам ўлдириш ва ўғирлик қилиш; биттаси оёқда: урушдан қочиш; бутун баданни қамраб олувчи гуноҳ ота онага оқ бўлишдир.
Аллоҳ таоло қуйидаги оятида ҳам гуноҳ кабиралар очиқ ойдин келтирилган:
وَٱلَّذِينَ لَا يَدْعُونَ مَعَ ٱللَّهِ إِلَٰهًا ءَاخَرَ وَلَا يَقْتُلُونَ ٱلنَّفْسَ ٱلَّتِى حَرَّمَ ٱللَّهُ إِلَّا بِٱلْحَقِّ وَلَا يَزْنُونَ وَمَن يَفْعَلْ ذَٰلِكَ يَلْقَ أَثَامًا (фурқон сураси 68-оят)
Улар Аллоҳ билан бирга бирор илоҳга илтижо қилмаслар. Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни ноҳақдан ўлдирмаслар. Зино қилмаслар. Ким ана шуни қилса, уқубатга дучор бўлур.
«Аллоҳ билан бирга бирор илоҳга илтижо қилмаслар».
Яъни Аллоҳга ширк келтирмаслар. Зотан, Аллоҳга ширк келтириш улкан зулмдир. Бу ишни қилган одамнинг Роҳманга бандалиги қолмайди. Ягона Аллоҳнинг Ўзига илтижо қилганларгина Роҳманнинг суюкли бандалари бўла оладилар.
«Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган Жонни ноҳақдан ўлдирмаслар».
Инсон ҳаёти, ким бўлишидан қатъи назар, катта қийматга эга. Ислом ноҳақдан бир одамни ўлдиришни бутун инсониятни ўлдиришга тенглайди. Исломда ҳар бир инсон ўз жони омондалигига чуқур ишонган ҳолда яшамоғи керак. Бировни ноҳақдан ўлдирадиган одам Роҳманнинг суюкли бандаси бўла олмайди. Аллоҳ ҳаром қилган нарсани қилиб туриб, яна қандай қилиб унга суюкли банда бўлиши мумкин?!
«Зино қилмаслар».
Зинода ҳам моддий, ҳам маънавий равишда одам ўлдириш руҳи бор. Зинокорлар бола кўришдан қочадилар. Улар, айниқса, зинодан бола бўлиб қолмаслигига уринадилар. Бу эса ўзига хос одам ўлдиришдир. Яъни Аллоҳ фарзанд бериш учун ато этган имкониятни йўққа чиқарадилар.
Маънавий жиҳатдан одам ўлдиришга келсак, зино кишиларда руҳни ўлдирувчи пасткашликдир. Ундан келиб чиқадиган оқибатлар зинокорларни ҳам, уларнинг қариндошлари, яқин кишиларини ҳам маънавий жиҳатдан қатл қилади. Албатта, бу ҳол ҳалол-ҳаромнинг фарқига борган, инсонлик қадрини тушуниб этган жамиятларда бўлади. Бу ишни қилган одамнинг эса Аллоҳнинг суюкли бандаси бўлишини ўйлаб кўриш ҳам мумкин эмас. Фақат Аллоҳнинг суюкли бандаси бўлишликдан умидворларгина зино қилмайдилар. Ҳамда орзуларига етадилар.
«Ким ана шуни қилса, уқубатга дучор бўлур».
Яъни Аллоҳга ширк келтирса, ноҳақдан одам ўлдирса ва зино қилса, гуноҳнинг уқубатига дучор бўлади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, Аллоҳ раҳм-шафқат эгаси бўлиб, чин дилдан тавба қилган бандасини кечиради. Агар бирор киши катта гуноҳ қилган бўлса, дарҳол тавба қилиши, Аллоҳдан кечирим сўраши ва гуноҳни такрорламасликка қарор қилиши лозим. Аллоҳ таоло ўз китобида шундай дейди: Эй, ўз жонларига исроф (жабр) қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, Унинг Ўзи ўта мағфиратли ва ўта раҳимли зотдир» (Зумар сураси, 53-оят).
MUHAMMAD YUSUF domla SHЕRMATOV
Imom Faxriddin ar-Roziy islom bilim yurti mudarrisi.
Izohlar