Фойдасиз сўздан тийилиш
Аллоҳ таоло инсонни яратиб, унга жуда кўплаб неъматларни ато қилдики, токи одам боласи ер юзида ҳаёт кечириши мобайнида ўзига манфаат берадиган нарсалардан фойдалансин. Шу билан бирга ўзи ва бошқаларга зарар бўлишига сабаб бўладиган ишлардан сақланиши керак бўлган амалларни ҳам инсонга билдирди. Шундай гўзал фазилатлардан бири фақатгина инсонга берилган нарса бу тил неъматидир. Инсон бу тил орқали ўзини номаи аъмолига бу дунёда ва охиратда ҳам фойда берадиган улкан савобларни қўлга киритиши ёки аксинча ўзи ҳамда бошқа инсонларга ҳам фойдасиз сўзларни сўзлаши билан охиратда надомат ва хасратда қолиши мумкин. Бугунги кўнимизда кўплаб инсонларда учраб турадиган иллатлардан бири гапираётган вақтида беҳуда гап-сўзлар билан ўзининг бебаҳо умрини фойдасиз ишлар билан ўтказаётганини гувоҳи бўламиз. Нафақат ўзларини, балки суҳбатдошларини ҳам вақтини олиб унга кераги бўлмаган сўзларни гапираётганларини кўришимиз мумкин. Аслида нима учун Ислом дини ва бизнинг миллий қадриятларимизда инсон бекорчи сўзлардан ўзини сақлашга чорланади. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам айтадилар;
“Беҳуда ишларни тарк қилиш киши исломининг гўзаллигидандир”.
Бу набавий таълимотда инсон учун жуда кўплаб манфаатлар бордир. Аслида буни туб негизида инсонларга ва жамият аъзоларига зарари борлиги учун ҳам бундай кераксиз ишга рухсат берилмаган. Одатда бекорчи сўзларга эътибор қилинса, қайси бир инсон тўғрисида ёлғон, ғийбат, чақимчилик, иғвогарлик, масҳара қилиш, камситишга доир суҳбат кетаётганини кўришимиз мумкин. Аслида инсонга ато қилинган тил неъмати ўзгалар билан муомалада гўзал муносабатда бўлиш ва барча кишиларга фойдали бўлган сўзларни сўзлаш учун берилган. Қадимда ўтган олимларимиз ўзлари сўзлаётган гап қанчалик ўзларига манфаатли бўлиши борасида доимо айтган гапларини текшириб турганлар. Имом Муновий ўзларининг “Файзул-Қодир” номли китобларида шундай маълумотни келтирадилар: Ибнил Арабий айтади: “Машойихларимиз ҳар куни ўзлари кун давомида нима гапирганлари ва қандай ишларни қилганларини ҳисоб-китоб қилиш учун уни дафтарга қайд қилиб қўярдилар. Хуфтон намозини адо қилганларидан сўнг дафтарга қараб ўзларини ҳисоб китоб қилар, агар истиғфорга ҳақли бўладиган ишни кўрсалар истиғфор айтар, тавба қилишга лойиқ бўлса, тавба қилишар, шукр қилиш керак бўлган амалларда шукр қилиб, сўнг ухлар эдилар.” Чунки инсон гапираётган биргина беҳуда сўзи орқали Аллоҳнинг азобига ва ақлли инсонларларнинг дашномларига қолиши аниқ. Келинг, қуйидаги сатрларда биздан олдин яшаб ўтган олимлар бефойда сўзларни гапирадиганлар борасида қандай ўгитлар айтиб ўтишганлигини кўриб чиқамиз.
Имом Кархий: “Инсон ўзига фойдасиз бўлган нарсани сўзлашлиги Аллоҳ томонидан хорланишидир”, деганлар.
Ҳасан Басрий: “Аллоҳ таоло бир бандасидан юз ўгиришининг аломати ўша бандани фойдасиз ишда машғул қилиб қуйишидир”, деганлар .
Молик ибн Динор айтади: “Агар қалбинг қотганлиги, баданинг заифлашгани, ризқингда маҳрумликни кўрсанг, билгинки, сен ўзингга фойда бермайдиган нарса тўғрисида гапиргансан. ”
Юнус ибн Убайд айтади: “Киши ўзига фойда бермайдиган бир сўзни тарк қилиши бир кун рўза тутишдан кўра афзалроқдир.”
Имом Шофиий айтади: “Кимки Аллоҳ уни қалбини нурлантириб қуйишини хоҳласа, беҳуда сўзларни тарк қилсин”.
Имом Шофиий айтади:“Уч нарса ақлни зиёда қилади.
1. Уламолар билан ўтириш.
2. Солиҳ кишилар билан ҳамсуҳбат бўлиш.
3. Беҳуда гап-сўзлардан тийилиш.”
Ҳа, азизлар, биз ҳам юқорида зикр қилиб ўтилган уламоларимизнинг сўзларига амал қилиб, ҳар бир ўтаётган кунимизни ғанимат билишимиз ҳамда бизга берилган тил неъматидан унумли фойдаланишимиз керак бўлади. Зеро, беҳуда гап-сўзлардан кўра вақтимизни илм-фан, касб-ҳунар, таълим-тарбия, жамиятимизни янада юксалишига сарфлаганимизда ўзимиз ва жонажон ватанимиз келажаги учун ҳам катта фойдали иш қилган бўламиз. Аллоҳ таоло барчаларимизга ўзимиз ва атрофимиздаги инсонлар учун ҳам фойдали бўлган сўзларни айтишимизни муяссар айласин!
М,Юнусхўжаев
Имом Фахриддин ар-Розий ислом билим юрти мударриси
Izohlar