
Исломда муаллим мақоми
Исломда муаллим мақоми
Инсон ҳаётида билим олиш, маънавиятли ва комил шахс бўлиб камол топишда устознинг ўрни беқиёсдир. Зеро, устоз – қалбга нур берувчи, ҳаёт йўлини кўрсатувчи машъалдир. Шарқда қадимдан устоз-шогирд анъаналари улкан ҳурмат ва эҳтиром билан қаралган, устозни ота-онадан кейинги энг улуғ инсон сифатида қадрлаш одат тусига кирган.
Аллома Алишер Навоий “Устозсиз шогирд – йўқсиз боғ” дея таъриф берган. Ҳақиқатдан ҳам, шогирд устоз таълими ва тарбиясиз ҳаётда ўз ўрнини топиши қийин. Устоз эса нафақат билим берувчи, балки тарбия қилувчи, одоб-ахлоқни ўргатувчи мураббий ҳамдир.
Устозлик мақоми – бу юксак сабр-тоқат, меҳр-шафқат ва масъулиятни талаб қиладиган шарафли касбдир. Чунки ёш авлодни баркамол инсон қилиб вояга етказиш, уларга миллий ва умуминсоний қадриятларни сингдириш осон иш эмас. Шогирднинг ютуғи устознинг ютуғи, унинг комиллиги устознинг меҳнати маҳсулидир.
Бугунги кунда мамлакатимизда устозлик шаъни ва обрўсини юксалтириш, уларнинг меҳнатини қадрлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. “Устозни улуғлаган эл – эл бўлур” деган нақл бежиз емас. Зеро, устозни ҳурмат қилиш, билим ва тарбия берувчи инсонларга эҳтиром кўрсатиш жамият тараққиётининг муҳим шартларидан биридир.
Қуръони каримда Аллоҳ таоло бандаларига илмнинг аҳамияти ҳақида шундай марҳамат қилади: «Аллоҳ сизлардан иймон келтирганлар ва илм берилганларни мартабада кўтарур» (Мужодала сураси, 11-оят).Бу оятдан кўринадики, илм эгаси ва уни бошқаларга ўргатувчи муаллимлар Аллоҳ ҳузурида алоҳида мақомга эга.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:«Одамларга яхшиликни ўргатганнинг савоби уни амалга оширганникидек бўлади».
«Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир». Бу ҳадислардан англашиладики, муаллимнинг вазифаси фақат дунёвий билим эмас, балки илоҳий меросни — маърифат ва ахлоқни ҳам авлодларга етказишдир.
Миллатнинг қуввати илмли авлод билан белгиланади. Агар муаллимлар юксак маънавият, соф эътиқод ва илмий салоҳиятга эга бўлсалар, бундай миллат тараққиёт йўлидан юради. Шунинг учун ҳам Ислом таълимотида муаллимларни ҳурмат қилиш, уларнинг ҳақларини адо этиш, уларнинг дуоларидан баҳраманд бўлиш буюрилган.
Муаллим – миллатнинг маънавий қалқони. У ёшларни нафақат билимли, балки имон-эътиқодли, юртга садоқатли қилиб тарбиялайди. Ҳар бир миллатнинг тараққиёти, маънавий юксалиши ва маданий қудрати айнан муаллимларга боғлиқ.
Ислом таълимотида муаллимлар олий мақомга эга бўлиб, улар миллат келажагининг асосий таянчидир. Муаллимларнинг хизматини қадрлаш – бу миллат тақдири ва келажагини асраб-авайлашдир. Чунки муаллим барча касбларни ўргатувчи, жамиятнинг маънавий равнақини таъминловчи улуғ зотдир.
Хулоса қилиб айтганда, устозлик улуғ мақомдир. Ҳар бир шогирд устозидан миннатдор бўлиши, унинг берган билимларини ҳаётда қўллаб, юксак марраларга интилиши лозим. Устозни қадрлаш – илмни, маърифатни, тараққиётни қадрлаш демакдир. Ислом динида илм олиш ва уни бошқаларга ўргатиш энг улуғ ибодатлардан ҳисобланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам илм аҳлини, муаллим ва уламоларнинг мақомини кўплаб ҳадислар орқали таъкидлаб ўтганлар. Чунки муаллим миллат келажагини тарбияловчи, ёш авлод қалбига маърифат нурини ёқувчи шахсдир. Шу маънода, муаллимлар- миллат таянчи, жамият равнақи ва тараққиётининг асосий устунидир.
Урганч шахар “Мискин бобо”масжиди имоми Қ Машарипов