ҲУКМ ОЛИШГА КИМЛАР ҲАҚЛИ
ҲУКМ ОЛИШГА КИМЛАР ҲАҚЛИ
Ислом шариати асослари ва ҳукмлари аҳли сунна вал жамоага мансуб тўрттала мазҳабда Қуръони карим ҳамда ҳадиси набавийдан олинади. Агар ушбу иккита манбаъдан топилмаган тақдирда ижмоъ ва қиёсга мурожаат қилинади. Бунга тааллуқли алоҳида илм шаклланган. Шариатнинг асосий манбаъларидан шаръий хукмларини ишлаб чиқиш қоидаларини ўрганадиган фанга “Усулул фиқҳ” дейилади.
Энди Қуръони каримдан хукмларни кимлар олишга хақли деган савол туғилади. Аҳли сунна уламолари иттифоқига кўра хукмни фақатгина мужтаҳидлар олишга хақли. Бу борада ислом тарихида илк даврларда шаклланган мазҳаблар ва уларнинг сохиблари мужтаҳид эканлигига шу замон уламолари муттафақ бўлганлар ва уларнинг мазҳабларига эргашганлар. Замона уламоларидан шайх Зулфиқор Ахмад Нақшбандий 4 та фиқхий мазҳабларга эргашиш хақида шундай дейдилар: “Мужтаҳидлар ислом ахкомларини аниқловчи бўлганлар, пайдо қилувчи эмас. Шунингдек, ислом умматига нубувват сўзларини муҳаддислар, нубувват маъноларини эса фуқаҳолар етказганлар. Дунёдаги барча бузғунчиликлар ўзбошимча ақлнинг маҳсулидир”.
Ибн Нужайм рахимаҳуллоҳ “Ал-ашбоҳ ван-назоир” номли китобларида Ибнул Хумомнинг тахрир китобидан келтириб, “тўрт мазҳаб асосли ва уларнинг машхурлиги ва унга эргашувчилар кўплиги учун тўрт мазҳабга хилоф бўлган бошқа мазҳабга амал қилиш дурустмас деб ижмоъ қилингандир”, дейдилар.
Ханафий фиқҳи тарихи, манбаълари ва истилохлари номли китобда ижтиҳод ва мужтаҳид тушунчаларига мукаммал тариф берилиб шундай дейилган. Шаръий истилоҳда “фақиҳ мужтаҳиднинг диний хукмларни билишга, асл манбаълардан диний хукмларни чиқаришга бор куч салохиятини ишга солишидир”. Мужтаҳиддан қуйидаги илмларни мукаммал билиши талаб этилади. Қуръони карим ва унга тааллуқли бўлган илмларни барчасини мукаммал эгаллаган бўлиши, Хадиси шариф умуман олганда хадис илмига оид барча илмларни мукаммал билиши, Салаф уламоларнинг сўзлари, ижмоъларини билиши, Усулул фиқҳ илмидан хабардор бўлиши, араб тилини мукаммал эгаллаган бўлиши, қиёс илмидан хабардор бўлиши зарурлиги келтирилган[1]. Раддул Мухтор номли китобда мужтаҳид фуқаҳоларнинг табақалари тартиб билан келтирилган. Унда қайсилари мужтаҳид, яни хукм олиш хақли, қайсилари фақат фақих мужтаҳид эмаслиги келтирилган. Ушбу манбалардан фойдаланган ҳолда мужтаҳидлар табақаларини қисқача келтириб ўтамиз:
Биринчи табақа, мутлақ ижтиҳод сохиблари табақаси.
Улар Қуръон, Суннат ва бошқа шаръий далиллардан бевосита хукм чиқарадилар ижтиҳодларида бошқа бировнинг фикрига эргашмайдилар. Булар тўртта мазҳаб сохиблари кабилар бўлиб, ҳар қайсилари ўз мазҳабидаги асосий қоидалар муассислари хукмларни Қуръон, суннат, саҳобалар сўзлари ҳамда ижмоъ ёрдамида бошқа бировга тақлид қилмасдан, эргашмасдан ўзлари истинбот (хукм чиқара оладиган) қила оладиган фақиҳлардир.
Иккинчи табақа. Мазҳаб ичидаги мужтаҳидлар табақаси. Улар Имом Абу Ханифа ишлаб чиққан қоидалар асосида далиллардан хукмлар чиқара олишга қодир фақиҳлар. Улар баъзи фаръий хукмларда Абу Ханифага мухолиф бўлсалар хам аслида асосий қоидаларда у зотга эргашадилар. Абу Юсуф, Мухаммад ибн Хасан Аш-Шайбоний, имом Зуфар, Хасан ибн Зиёд, Абдуллоҳ бин Муборак каби Абу Ханифанинг бевосита шогирдлари ва Абдуррахмон ибн Абу Лайло бу табақага мансубдирлар.
Учинчи табақа. Мазҳаб сохиби ва унинг шогирдларидан ривоят қилинмаган масалалар борасида мужтаҳидлар табақаси. Улар Абу Ханифа ва у зотнинг асхобларидан далили келмаган масалаларда Ханафий мазҳабининг усулий қоидаларига асосланиб хукмлар истинбот қиладилар. Лекин улар бирон бир масалада усулда хам фуруъда хам мазҳаб сохиби ва унинг шогирдиларига қарши бора олмайдилар. Ушбу табақага мансуб фақиҳлар Ханафий мазҳабининг ривожланишига беқиёс хисса қўшдилар. Тахриж ва таржих қоидаларини белгилаб бердилар. Фиқҳий қарашларни бир бирига қандай қиёслаш кераклигини кўрсатиб бердилар. Сахих ва заиф фикрларни ажратиш йўлларини белгилаб қўйдилар. Ушбу тоифага мансуб фақиҳлардан баъзилари қуйидагилар:
- Абу бакр Хассоф Ахмад ибн Амр Шайбоний
- Абу Жаъфар Ахмад ибн Мухаммад ибн Салома Таховий
- Абул Хасан Убайдуллоҳ ибн Хусан Карҳий
- Фахрул Ислом Али ибн Мухаммад Паздавий
- Шамсул Аимма Халавоний
- Шамсул Аимма Абу Бакр Мухаммад ибн Ахмад Сарахсий
- Фахриддин Қозихон
Тўртинчи табақа. Тахриж сохиблари табақаси.
Улар ижтиҳодга қодир эмаслар. Лекин илмларининг чуқурлиги, дунёқарашларининг кенглиги сабабли мазҳаб сохиби ва унинг шогирдларидан нақл қилинган кўп эхтимолли хукмларни бир неча тармоқли мужмал раъйларни ажратишга қодир бўладилар. Булар мазҳаб сохиби ва унинг шогирдлари ишлаб чиққан усулий қоидалар ва фуруъий фикрларга қараб бир тўхтамга келадилар ва ўзларининг қатъий фикрларини айта оладилар. Ал- Хидоя асаридаги тахриж Карҳий, тахриж Розий, тахрижул Журжоний каби истилохлар шу маънога қаратилган.
Бешинчи табақа. Тақлид қилувчилардан иборат таржих соҳиблари табақаси. Улар баъзи ривоятларни бошқаларидан афзал эканини бу авло, бу энг сахих ривоят, буниси равшанроқ, бу қиёсга мувофиқроқ, бу одамлар учун фойдалироқ деб айта оладиган фақиҳлар бўлиб, Абул Хусайн Қудурий, Бурҳониддин Марғиноний кабилардир.
Олтинчи табақа. Ривоятлардан зоҳири, нодири, заиф ёки сахихи, кучли ёҳуд кучсизини ажратишга қодир муқаллидлар табақаси. Фиқҳий матн сохиблари шулар жумласидан бўлиб улар ўз китобларида рад қилинган гапларни, заиф ривоятларни нақл қилмайдилар.
Еттинчи табақа. Юқоридагиларнинг биронтасига қодир бўлмаган муқаллидлар (тақлид қилувчилар) табақаси. Улар ориқдан семизни ажрата олмайдилар, балки кечаси ўтин тергандек топганини йиғаверадилар. Ушбу табақа фақиҳларига эргашганларнинг холига вой, дейилган.
Абу Ҳанифа рахимаҳуллоҳ хукмга олишда нималарга мурожат қилишлари хақида “биринчидан Қуръонга мурожат қиламан. Керакли хукмни ундан топа оламсам, Пайғамбар суннатларига ва ул Зотдан ишонарли ровийлар орқали ривоят қилинган саҳиҳ асарларга(ҳадисларга) мурожат этаман. Улардан хам тополмасам, сахобалар сўзларини назардан ўтказиб истаганимни оламан, истамаганимни тарк этаман. Сўнгра сахобалар сўзларидан бошқаларнинг сўзларига ўтаман. Иброҳим Наҳаъий, Шаъбий, Хасан Басрий ва ибн Сирин каби мужтаҳидларга келганда, мен ҳам улар каби ижтиҳод қиламан”, деганлар.
Аммо бундан 250 йил олдин юзага келган мазҳабсизликни иддао қилиб мусулмонларни кофирга чиқариб уларни қони, молини халол билган турли номдаги тоифалар. Мазҳабларни инкор қилишиб ўзларини Қуръони ва Хадисга амал қилувчилармиз деб кўрсатиб, Қуръон ва ҳадис турганда мазҳабга эргашилмайди деган баҳона билан ўзларига оғдириб олишга, мазҳабсизларнинг экстремистик ғояларига эргаштиришга интилишди. Уларнинг иддаоларича хар бир мусулмон Қуръон ва ҳадисдан тўғридан тўғри хукм олишга хақли дейдилар. Улар мазҳабларга ва уларнинг сохибларига турли нолойиқ гапларни айтиб уларга таъна тошларини ёғдиришган. Хатто уларнинг манфур бошлиқларидан бири мазҳабларни ботил ва имомларини адашган деб таъна қилган. Мазҳаблар ислом умматини тафриқага солган. Биз фақат Қуръон ва ҳадисга амал қилиб, ҳамма умматни бир қиламиз, деган иддаони қилишган. Аммо ушбу мазҳабсизлар ўтган 250 йил мобайнида ўзларини орларида бир қанча фирқаларга бўлиниб кетдилар. Уларда муайян маслакни йўқлиги боис ўзаро, келиша олмасдан турли ихтилофларга бордилар. Жазоирлик олим Шамсуддин Бурубий мазҳабсизлар битта Жазоир мамлакатини ўзида 280 фирқага айланганини таъкидлаган.
Суриялик бутун ислом олами эътироф этган буюк уламолардан доктор Мухаммад Саъид Ромазон Бутий “Мазҳабсизлик бу авом ёки мужтаҳидлик мартабасига етмаган инсоннинг қандай шаклда бўлмасин ҳеч бир мужтаҳид имомга тақлид қилмаслигидир” дейдилар. Шунингдек у киши мазҳабсизликни ниҳоятда ёмон оқибатларга олиб боришини такидлаган холда “Зеро, мен аниқ билдимки, мазҳабсизлик шариати исломга таҳдид соладиган энг хатарли бидъатдир” деганлар.
Мазҳабсизликнинг салбий оқибатлари сабаб ибодатларда ҳам тутуруқсизликлар юзага келди. Мисол учун Шиалардаги каби мазҳабсизлар пешин ва аср намозини қўшиб бир вақтда ўқишни киритдилар. Наскига масх тортиб кетавериш, ухлаб туриб таҳорат қилмасдан намоз ўқиб кетавериш каби бир қанча ихтилофларга сабаб бўлувчи нарсалар юзага келди. Шунингдек ислом шариатида харом қилинган баъзи нарсаларга хам фатво беришган, жумладан ўзгаларни ўлдириб юбориш мақсадида ўзини портлатиб юборишни шаҳидлик деб фатво беришган. Улар етиб борган жойда хали хануз фиқҳий масалаларда фитналар ва ихтилофлар келиб чиқмоқда. Мазҳабларга қарши ўлароқ мазҳабсизлар атайин кундалик ибодатларни бажаришда ханафийлар ушлаган хадисларни ушламасдан шозз ва ғариб ёки мансух (амали тўхтатилган) хадисларни ушлаб ибодатлардаги хайъатини бошқа бир услубда амалга оширишади. Бу қайсарликдан бошқа нарса эмас. Улар ақидавий масалаларда хам фиқҳий масалаларда хам аҳли суннанинг шаръий манбаълардан хукм олиш манҳажидан (йўлидан) ташқарига чиқиб кетганлари боис бугунги кун уламоларининг кўпчилиги уларни аҳли сунна вал жамоадан эмас, дейдилар.
Бугунги кунда юзага келган асосий муаммоларга мазҳабсизлик сабаб экани юқоридаги мисоллар кифоя қилади. Унданам энг ёмони ўзларига қўшилмаган мусулмонлани куфрда айблаш, уларга суиқасд уюштириб қатл қилиш, борган жойларида мавжуд хукуматга қарши фитна қузғаб боғийлик қилиш, талончилик қилиш, одам ўлдириш, экинзорларни куйдириш, шаҳарларни, турар жойларни, саноат корхоналарни вайрон қилиш, ишлаб чиқаришни издан чиқариш каби ислом шариати қайтарган ишлар мазҳабсизларнинг асосий кўринишига айланди. Хўш ушбу ишларни қайси бири Қуръон ва хадисга мувофиқ. Бу иддаолар мусулмонларни чалғитишдан бошқа нарса эмас.
Эътиборли одамга мазҳаб нимадан хукм олишини тушунтириш оддий. Исломнинг беш устуни бўлган барча амалларни ҳанафий мазҳабида асосида амалга оширилса, мисол учун кундалик ибодатларда таҳорат қилиш, намоз ўқиш, рўза тутиш, закот бериш, хаж зиёратини амалга оширишда амалга ошириладиган амалларнинг барчаси мазҳаб уламолари томонидан Қуръон ва ҳадисдан тўғри амал қилиб кетаверадиган қилиб хукм олинган. Ҳеч қайси бири Қуръон ва хадисдан ташқаридан олинган эмас. Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ал-Ҳидоя” асарида ҳар бир ханафий мазҳаби асосида бажариладиган амалларга Қуръони карим хамда ҳадиси набавиялардан далиллар келтирилган. Демак ханафий мазҳабида ибодатларини амалга ошириб келаётганлар барча амалларида Қуръони карим хамда ҳадиси шарифга мувофиқ амал қилаётганларини ишончи комил бўлишсин. Шуни яхши англаш керакки ибодатларни мазҳаб асосида амалга оширганда барча амаллар Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан хукм олинган ва шунга уламолар томонидан иттифоқ қилинган. Шу сабаб қанча асрлар ўтсада ўзаро келишмовчиликлар келиб чиқмаган. Тўрттала мазҳабда кичик масалалларда фарқ бўлсада аслий масалаларда улар муттафақдирлар. Энг эътиборли нарса уларнинг бир бирларига бўлган хурматлари, бир бирларини инкор қилмасликлари эхтиромга лойиқ. Фиқҳий китобларни қайси бирини қарасангиз ҳам бир мазҳаб олими бошқа бир мазҳаб олимини фатвосини келтиришдан олдин албатта ўша олимни ҳурматлаб, ўтиб кетган бўлса Аллоҳ рахмат қилсин деб унинг фикрини келтирганлар.
Юқорида келтирилган фуқаҳоларнинг табақаларида олдинги учта табақа мужтаҳид хисобланиб, уларгина Қуръон ва ҳадисдан ҳукм олишга ҳақли эканлиги келтирилган. Бешинчи табақага мансуб саналган Қудурий ва Бурҳониддин Марғинонийларнинг асарларини бутун ислом олами ўқийди. Айниқса, “Ал Ҳидоя” ни бугунги кунда хам дунёдаги кўзга кўринган ал- Азҳар каби жомеаларда дарслик сифатида ўқитилмоқда. Ушбу мўътабар китоб инглиз, рус тилларига ва бошқа тилларга хам таржима қилинган. Энг эътиборлиси, Бурҳониддин Марғиноний хазратлари бирон масалада ўзларича Қуръон ва ҳадисдан хукм олмаганлар. Фақатгина мазҳаб сохиблари, мужтаҳидларнинг олган хукмларини келтирганлар. Улар баъзи ривоятларни бошқаларидан афзал эканини бу авло, бу энг сахих ривоят, буниси равшанроқ, бу қиёсга мувофиқроқ, бу одамлар учун фойдалироқ деб айта олганлар холос. Шундай улуғ зотлар хам тўғридан тўғри хукм олишга журъат этмадилар. Улар динимизни соф холатда бизгача етиб келишига холис хизмат қилган зотлардан эдилар. Уларнинг барчаларидан Аллоҳ рози бўлсин. Бизни хақ йўлга эргашувчилардан қилиб, турли тафриқаларга бўлиниб кетишдан, турли низо ихтилофлардан яратганни ўзи асрасин!
Д.Абдуқадиров
“Имом Фахриддин ар-Розий” ислом билим юрти мудири
[1](мукаммал хабардор бўлиш учун юқорида номи келтирилган китобга мурожат қилинг)
УЗ
РУ
EN
العربية