Қуръони каримни тиловат қилишлик ва таълим беришлик аҳамияти
Қуръони каримни тиловат қилишлик ва таълим беришлик аҳамияти
Аллоҳ таоло ўзининг башариятга аталган сўнгги китоби бўлмиш Қуръони Каримни ер юзига нозил қилар экан, унинг инсониятга наfaқат ҳидоят маяғи, дастурул амал бўлишини, балки тилларни безаб, хотирларни сайқаллаб турадиган энг улуғ зикр бўлишини ҳам ирода қилди. Қуръони Каримнинг маънолари, кўрсатмалари инсоният учун икки дунё бахт-саодат гарови бўлгани каби, унинг лафзлари, калима ва ҳарфлари ҳам одам зоти учун энг буюк неъмат бўлди.
Қуръони Каримнинг маъно-мазмуни инсонни тўғри йўлга йўллагани каби, унинг тиловати ҳам ҳидоят қувватига эгадир. Унинг маънолари кишининг тафаккурини ислоҳ этса, калималарини ўқишнинг ўзи қалбни мусаффо этади, ундаги зангни кетказади, мунаввар қилади. Банда Қуръоннинг кўрсатмаларини ўрганиб чексиз фойда олгани каби, унинг тиловатидан ҳам бемисл баҳра топади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бандаларини Қуръон ўқишга буюрган, тарғиб қилган ва буни энг улуғ ибодат қилиб қўйган. Аллоҳ Қуръони Каримда бир неча ўринда ўз Расулини ва у зот орқали барча умматларини Қуръонни тиловат қилишга амр этган.
Анкабут сурасида марҳамат қилинади:
«Сенга Китобдан ваҳий қилинган нарсани тиловат қил ва намозни тўкис адо эт» (45-оят).
Ушбу илоҳий амрга амал қилган ҳолда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларининг кўп қисмини Қуръон тиловатига бағишлаган эдилар.
Қуръонни таълим бериш мусулмон умматига фарзи кифоя бўлиб, уни ёд олиш эса вожиби кифоядир. То ки унинг мутавотирлигига футур етмасин, унга тағйир ва табдил йўл топмасин. Бу вазифани бир қисм мўминлар бажарсалар, қолганлардан соқит бўлади, акс ҳолда барчаси гуноҳкор бўлади.
Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оят ва сураларни нозил бўлган вақтдаёқ етказиб таълим беришдан сустлик қилмас эдилар. Аллоҳ таоло шундай дейди:
«Эй Пайғамбар! Сизга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган нарсани етказинг! Агар бу фармонга амал қилмасангиз, унинг элчилигини етказмаган бўласиз».[1]
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонни ўрганиш ва ўргатиш билан машғул бўлган кимсалар одамларнинг энг афзали эканини Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисларида баён қилиб:
«Сизларнинг энг яхшингиз — Қуръонни ўрганган ва уни ўргатганингиздир», — деганлар.[2]
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларнинг Қуръонни ёд олганларини танлаб олар эдилар ва уларни бирор жойга юборишар экан:
«У ерда сизларингиздан кўпроқ Қуръон ёдлаганингиз имомликка ўтсин!», — деб тайинлар эдилар.[3]
Саҳобалардан шаҳидлар бир жойга йиғилса, қабрга қўйишда ҳам Қуръондан кўпроқ ёдлаганларини олдинга қўяр эдилар ва кўмишда ўзлари ҳам қатнашар эдилар. Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:
«Уҳуд куни Расулуллоҳга икки майит баробар келтирилди. У зот: “Қай бири кўпроқ Қуръон ёдлаган?” деб сўрадилар. Кўрсатилган киши лаҳадда олдинга қўйилди. Расулуллоҳ: “Мен қиёмат куни уларга гувоҳ бўламан”,— дедилар. Улар ювилмасдан, қонлари билан кўмишга буюрилдилар».[4]
Ушбу ҳолатлардан маълум бўладики, Қуръон ҳофизлари азиз ва мукаррам кишилар бўлиб, улар қалбларида Аллоҳнинг Китоби бўлмиш Қуръони Каримни сақлаб юрувчи зотлардир.
Албатта, илмнинг боши — Қуръон. Қуръон бу уммат учун неъмат ва раҳматдир. У Аллоҳ таоло васф қилганидек, мўминларнинг қалбларига ҳаёт бахш этувчи руҳдир. Қуръон бир руҳ бўлиб, Аллоҳ таоло у орқали хоҳлаган бандасини тирилтиради. У мусулмонларнинг қалбини порлатиб турувчи нурдир. Мўминлар учун мавъиза, шифо, ҳидоят ва раҳматдир. Қуръони Карим ҳақида қанча сўзласак ҳам, шунча оз.
Шуни кўриб турибмизки, болаларимизга ва бошқаларга энг аввал Қуръон илмларини ўргатишга шошилишимиз лозим. Уламоларимиз ҳам илмнинг аввали Қуръон экани ҳақида кўплаб мулоҳазалар айтганлар. Қуръони Каримда ҳам далиллар бор. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
«Қуръон — илм ато этилганларнинг кўкракларидаги аниқ оятлардир», — дейди.[5]
Бундан маълум бўладики, Қуръон ҳофизлари — аҳли илм. Чунки илмнинг аввали — Аллоҳ таолонинг Китобини ёд олиш ва уни тушунишдир.
Имом Фахриддин ар-Розий ислом таълим муассасаси мударриси Хабибуллаев Абдуллоҳ
УЗ
РУ
EN
العربية