Неъматлар шукри ҳақида Қуръони Каримда
Аллоҳ таоло дунё ҳаётида инсониятни беҳисоб неъматлар билан ризқлантирган. У зотнинг неъматларини санаш ёки уларнинг барчасига етиб бўлиши мумкин эмас. Бу ҳақида Қуръони Каримда шундай марҳамат қилинган:
"Сизларга барча сўраган нарсаларингиздан ато этди. Агар Аллоҳнинг неъматини санасангизлар, саноғига етолмайсиз. Ҳақиқатан, инсон ўта золим ва жуда ношукрдир." (Иброҳим, 34)
Инсон неъмат деганда кўпинча моддий бойлик, мансаб, фарзанд ёки орзусидаги мақсадларга эришишни тушунади. Аммо сув, ҳаво, соғлик, тинчлик, имон, ватан ва оила каби нарсалар ҳам Аллоҳнинг буюк неъматларидандир. Кўп ҳолларда одамлар бу неъматларни ўз-ўзидан бўладиган табиий ҳол деб ўйлайдилар. Ҳолбуки, дунё ва охиратда фойда келтирадиган ҳар бир нарса — неъматдир. Динимиз бизларни бу неъматларнинг қадрига етишга ва улар учун шукр қилишга буюради.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳадисларидан бирида шундай деганлар:
"Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан."
(Имом Термизий ривояти)
Бу ҳадисдан англашиладики, инсон учун ҳақиқий неъмат — тинчлик, соғлик ва ризқ билан таъминланганликдир.
Неъматлар шукри ҳақида Қуръони Каримда
Аллоҳ таоло ўз каломида шукрнинг аҳамиятини бир неча бор таъкидлаган:
1. Иброҳим сураси, 7-оят
"Эсланг, Роббингиз шундай деган эди: «Агар шукр қилсангиз, Мен сизларга (берган неъматларни) зиёда қиламан. Агар куфр қилсангиз, албатта, азобим қаттиқдир»."
(Иброҳим, 14:7)
Бу оятда Аллоҳ шукр қилган бандаларининг неъматларини зиёда қилишини, ношукрлик қилганларни эса қаттиқ азоб билан огоҳлантиради.
2. Бақара сураси, 172-оят
"Эй иймон келтирганлар! Сизларга ризқ қилиб берган пок нарсалардан енглар ва Аллоҳга шукр қилинглар, агар фақат Унга ибодат қилувчилар бўлсангиз." (Бақара, 2:172)
Шукр қилиш иймон ва ибодат билан боғлиқ амал экани таъкидланмоқда.
3. Луқмон сураси, 12-оят
"Албатта, Биз Луқмонга ҳикмат бердик (ва дедик): «Аллоҳга шукр қил!». Ким шукр қилса, ўз нафси учун шукр қилади. Ким эса куфр қилса, албатта, Аллоҳ беҳожат ва ҳамду санога лойиқ Зотдир."
(Луқмон, 31:12)
Шукр қилган одам ўз нафси учун фойда олади, чунки шукр инсон қалбини поклайди ва уни яхшиликка етаклайди.
4. Саба’ сураси, 13-оят
"Улар учун (Сулаймоннинг жинлари) у хоҳлаган саройлар, ҳайкаллар, ҳавзалар ва қозонларни ясардилар. (Эй Довуд хонадони!) Шукр қилинглар! Бандаларимдан жуда озлари шукр қилувчидир."(Саба’, 34:13)
Бу оят шукр қилувчиларнинг озлигига ишора қилиб, неъмат берувчи Аллоҳнинг қадарини билишга чақирмоқда.
Неъматнинг қадри ва амалий шукр
Неъматнинг бардавом бўлиши унинг шукрини адо этишга боғлиқ.
Баъзи неъматларнинг шукри тил билан "Алҳамдулиллаҳ" дейиш билан бажарилади, аммо баъзи неъматлар амалий шукрни талаб этади.
Масалан:
- Соғликнинг шукри — ибодат ва хайрли амаллар қилиш;
- Имон неъмати шукри — фарзандларни иймонли ва ҳалол тарбиялаш;
- Мустақиллик неъмати шукри — ватанга муҳаббат ва тинчликни асраш.
Тинчликнинг қадри фақат у йўқолганда билинади. Бошқа юртлардаги урушлар, нотинчликлар шундай неъматнинг беқиёс аҳамиятини эслатиб туради.
Ҳадисларда шукр ҳақида
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Аллоҳ таоло қиёмат кунида бандасидан: ‘Танингни соғ қилмадимми? Сени муздек сув билан қондирмадимми?’ деб сўрайди." (Имом Термизий ривояти)
Яна бир ҳадисда шундай дейилган:
"Одам боласи қиёмат кунида то беш нарсадан сўралмагунча жойидан жилмайди:
умрида нима қилгани, ёшлигини қаерда ўтказгани, молини қаердан топиб, қаерга сарф этгани ва билимини қандай ишлатгани."
Бу ҳадислар шукрсизликнинг оқибати ва инсоннинг ҳар бир неъмати учун жавобгарлигини англатади.
"Руҳул-баён" тафсирида ривоят қилинади:
Исо алайҳиссалом бир фосиқ киши билан сафарга чиқадилар. Улар билан уч бурда нон бўлади. Йўлда фосиқ ноннинг биттасини яширинча ейди. Кейин Исо алайҳиссалом нонларни санаганда иккита қолганини кўриб, сўраганда у ёлғон гапириб, учинчи нон йўқлигини айтади.
Сафар давомида у киши Аллоҳнинг неча-неча мўъжизаларини кўради, аммо шунга қарамай, ёлғондан қайтмайди. Кейин улар қум остида уч бўлак тилло топадилар. Исо алайҳиссалом: “Бир бўлагини менга, бирини сенга, учинчисини учинчи нонни еган киши олсин”, дейдилар. Шу пайт фосиқ нонни ўзи еганини тан олади.
Шунда Исо алайҳиссалом унга:
“Сен Аллоҳнинг мўъжизаларини кўра туриб, арзимас дунё учун ёлғон гапирдинг. Сен ношукр бандасан”, деб ундан ажралади.
Кейин фосиқни уч қароқчи ўлдиради ва улар ҳам тиллони бўлишишда ўзаро хиёнат қилиб ҳалок бўладилар. Исо алайҳиссалом бу манзарани кўриб, шундай деганлар:
"Аллоҳнинг ҳалол ризқига қаноат қилмаган, берилган неъматларнинг қадрига етмаган, унинг шукрини адо этмаган киши мана шундай оқибатга дучор бўлади."
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки Аллоҳнинг неъматларига шукр қилиш — мўминнинг бурчи ва иймоннинг белгисидир.
Шукр қилган инсонга неъмат зиёда бўлади, ношукрлик эса неъматнинг йўқолишига сабаб бўлади.
Шукр фақат тилда эмас, қалбда ва амалларда ҳам намоён бўлиши керак.
"Агар шукр қилсангиз, Мен сизларга зиёда қиламан..."(Иброҳим, 7)
Демак, ҳар бир мўмин Аллоҳ берган соғлик, тинчлик, имон, оила ва ватан неъматларига шукр қилиб, уларнинг қадрини билиб яшамоғи лозим.
Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Ғофуров Толибжон
УЗ
РУ
EN
العربية